Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:42

OzodTa’sir: Фермерларни калтаклаган Қарши тумани ИИБ бошлиғи устидан хизмат текшируви бошланди


Озодликнинг 27 июнь куни нашр қилинган “Қарши милицияси бошлиғи буғдой режасини бажара олмаган фермерларни аëвсиз калтакламоқда” сарлавҳали мақоласи ортидан Қашқадарë вилоят Ички ишлар бошқармаси ўз ички текширувини бошлади.

Бу ҳақда 28 июнь куни Озодликка республика ҳуқуқ тизими мулозимлари¸ шунингдек¸ калтакланган фермерларнинг ўзлари маълум қилди.

“Бугун мени ва Озодликка чиқиб гапирган икки фермер - Баҳриддин Тўраев ва Абдуҳамид Пардаевни маҳаллага чақиртиришди. Борсак, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб бўйича махсус инспекциясидан мулозимлар келган экан. Биздан, нима воқеа бўлгани ҳақида сўрашди. Мен, милиция бошлиғи бизни қандай калтаклагани ҳақида ҳамма воқеани айтиб бердим. Шерикларим ҳам бор гапни айтишди. Шу гапларимизни қоғозга ёзиб, имзо чекиб ҳам бердик. Сизларни экспертиза қиламиз, деди. Мен, майли, ўшандан буён бошим айланиб, ўзимга келмай юрибман, жоним билан экспертизага бораман, дедим", дейди фермер Раҳматулло Хўжамуродов.​

Унинг айтишича, милиция бошлиғидан қаттиқ зарба олган кекса фермер Абдужаббор Қоржовов ҳам чақиртирилган ва ундан ҳам кўрсатма олинган.

Вилоят ҳуқуқ тизимидаги мулозим¸ шахси очиқланмаслигини сўраб¸ Қарши туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабовнинг вилоят бошқармасига сўроққа чақиртирилганини билдирди.

Ҳозирча милиция раҳбарининг ҳатти-ҳаракатларига қандай ҳуқуқий баҳо берилгани¸ унга нисбатан қандай чора кўрилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Республика ҳуқуқ тизими расмийсининг билдиришича¸ Қашқадарë вилоят Ички ишлар бошқармаси бу воқеа юзасидан ўтказилган ички текширув натижасини¸ қонунчиликда кўзда тутилган тартибда¸ мамлакат прокуратура тизимига маълум қилади.

Озодлик бу жараëн ривожини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG