Линклар

Шошилинч хабар
13 апрел 2021, Тошкент вақти: 12:23

Пол Райан Оқ уйнинг рус дипломатларини чиқариб юбориш қарорини олқишлади


АҚШ Намояндалар палатаси спикери Пол Райан Озодликнинг Прагадаги бош қароргоҳида.

АҚШ Намояндалар палатаси спикери Пол Райан ((Paul Ryan) президент Дональд Трампнинг Британия заминида собиқ рус жосуси заҳарланишига жавобан ўнлаб рус дипломатини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорини “тўғри сигнал” деб атади.

26 март куни Озод Европа/Озодлик радиосига Прагада берган интервьюсида Пол Райан (республикаси – Висконсин штатидан) Оқ уйнинг 60 нафар рус “разведка зобити”ни чиқариб юбориш ва Россиянинг Сиэтл шаҳридаги консуллигини ёпиш тўғрисидаги қарорига муносабат билдирди.

Европа Иттифоқи давлатлари, Канада ва Украина деярли бир вақтда икки томонлама жосус Сергей Скрипаль ва қизи заҳарланишига жавобан рус дипломатларини чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

− Буни тўғри сигнал деб ҳисоблайман. Бу иш Британиядаги иттифоқчиларимиз билан бирдам эканимизни билдириб қўйиш учун қилинди. Европанинг бошқа мамлакатлари, жумладан, Чехия Республикасининг бу ишга бош қўшгани мисли кўрилмаган ҳодисадир, − деди Райан.

Сергей ва Юлия Скрипаллар 4 март куни Англия жанубидаги Солсбери шаҳридаги скамейкада ҳушсиз ҳолатда топилган эди. Британия ҳукумати ота-бола ҳарбий мақсадларда ишлаб чиқарилган асабни фалажловчи газ билан заҳарланганини айтди ва иттифоқчилари билан бирга бу ишда Россияни айблай бошлади.

Кремль бу ишга алоқани йўқлигини айтмоқда. Расмий Москва заҳарли модда Қўшма Штатлар, Британия ёки бошқа мамлакатлардан олиб келинган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Айтилишича, Россия ўз дипломатлари чиқариб юборилишига “бараварлик принципига асосланиб, жавоб қайтаради”.

АҚШ ва Россиянинг “арқон тортишиши”

Райан Прагада Чехия ҳукумат раҳбарлари билан учрашувлари чоғида 2012-13 йилларда АҚШ компаниялари, жумладан, LinkedIn электрон тизимларини бузиб киришда гумон қилинаётган рус ҳакерини АҚШга бериш масаласини кўтармоқчи эканини айтди.

Кибержиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган Евгений Никулин айни пайтда Чехияда қамоқда ўтирибди ва унинг кейинги тақдири Россия билан Қўшма Штатлар ўртасидаги экстрадиция бўйича тортишувга сабаб бўлмоқда.

Чехия Адлия вазири Роберт Пеликан Никулинни бериш-бермаслик тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Унинг фикрича, Чехиянинг кремлпараст қарашларга эга президенти Милош Земан гумонланаётган ҳакерни Россияга бериш тарафдоридир.

− Албатта, мен ушбу масалани кўтараман, − деди Райан. – Бу – ҳукуматимиз учун устувор аҳамиятга эга, чунки биз қонун устуворлигини ҳурмат қиламиз. Чехия ҳукумати ҳам қонун устуворлигини ҳурмат қилишига қаттиқ ишонамиз.

2016 йил октябрида ҳибсга олинган Никулин АҚШ айбловларини рад этиб келмоқда. Адвокатларининг айтишича, ҳакер АҚШда ҳалол суд қилиниши даргумон, шунинг учун Россияга қайтарилиши керак. Никулин Россияда ҳам интернет орқали 2000 АҚШ доллари ўғирлаганликда гумон қилинмоқда.

“Россия жавоб бериши керак”

Райан Россияга қарши санкцияларни кучайтириш тарафдори эканини айтди. Спикер Москвани Қўшма Штатлар ва бошқа давлатларда “бошбошдоқлик келтириб чиқариш” ва “демократияга путур етказиш”га уринишда айблади.

Россия Вашингтоннинг АҚШдаги президент сайловига таъсир ўтказиш учун ҳакерлик ва тарғибот кампанияси ўтказганига оид айбловларни қайта-қайта рад этиб келмоқда.

− Ғарб демократиялари бунга тоқат қила олмайди. Шунинг учун Россияни жавоб беришга мажбур қилишимиз керак, − деди Райан.

Мюллерга “тегмаслик ваъдаси”

Райан ўтган ҳафта АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллерни лавозимидан четлатиш режаси йўқлиги ҳақида “ваъдалар” олгани ҳақидаги фикрини яна бир карра такрорлади. Мюллер Россиянинг 2016 йилдаги президент сайловига аралашгани ва Россия билан Трамп сайловолди кампанияси ўртасида келишув бўлган-бўлмаганини тергов қилмоқда.

Трамп Мюллер терговини кескин танқид қилиш баробарида сайлов кампанияси вақтида Россия билан ҳеч қандай келишув бўлмаганини айтиб келади.

Спикер Мюллернинг Россия билан боғлиқ терговини ҳимоя қилиш учун қонун қабул қилиниши шарт эмас, деб ҳисоблайди. Республикачилар ўтган ҳафтада шу масала юзасидан овоз берди.

− Сиз ҳокимиятнинг ижроия ва қонун чиқарувчи тармоқлари ваколатлари борасидаги Конституцияга бориб тақалувчи нозик масалани кўтараяпсиз. Мен бу масалада мунозара қилмоқчи эмасман, аммо бир нарсани айтиб қўймоқчиман: ҳаммамиз қонун устуворлигини ҳурмат қилишимиз керак, Мюллерга ўз ишини бажариш учун рухсат этилиши лозим, мен уни ишдан четлатиш масаласини кўриб чиқишга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман, − деди Райан.

XS
SM
MD
LG