Линклар

Андижонда хотинининг ўрнига пахтага чиққан ҳашарчи далада жон берди

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Андижон шаҳрида яшовчи 58 ёшли Музаффар Умрзоқов мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган рафиқаси ўрнига пахтага чиққан пайтда далада жон берди. Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, Умрзоқов терган пахтасини прицепга олиб бораётган маҳал юрак хуружидан ўлган. Марҳумга шу куни кечқурун жаноза ўқилиб, зудликда дафн этилган.

Воқеа 16 сентябр куни Андижоннинг Избоскан тумани Пойтуғ шаҳрига яқин пахта даласида содир бўлди.

Воқеа тафсилотларидан хабардор Ҳаётулло исмли андижонликнинг Озодликка айтишича, Музаффар Умрзоқов Андижон шаҳридаги 8-сонли мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган рафиқаси Насиба Умрзоқованинг ўрнига пахта теримига чиққанида, пахта даласида вафот этган:

“Ўша куни Насиба опанинг ўрнига турмуш ўртоғи Музаффар ака чиққан. Далада пахта териб, соат 16.15да терган пахтасини прицеп томон олиб бораётганида мазаси қочиб йиқилиб қолган, докторлар юрак ҳуружи дейишди. Музаффар ака олдин ҳам инфаркт бўлган экан. Шу куни кечқурун 20дан 40 минут ўтганда жанозаси ўқилиб, ими-жимида кечки 21 лар атрофи қабристонга қўйилди”, - деди Ҳаётулло.

Халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳақидаги тинимсиз чақириқларига қарамай, Ўзбекистонда бу йил ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан ўқитувчи ва шифокорлар ҳам пахта теришга мажбурланмоқда.

Лекин, Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда мактабларнинг фақат техник ходимлари пахтага чиқарилаётганини айтди.

- 8-сонли мактабнинг техник ходиминиyu эри оламдан ўтган. Шу мактабда техник ходим бўлиб ишлайдиган аёл уйида кўрпа-тўшак тикиш ишлари борлигини айтиб, директjридан ўрнига эри чиқишини сўраб рухсат сўраган ва мана шунақа бахтсиз ҳолат рўй берган, - деди Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими.

Музаффар Умрзоқовнинг Андижон шаҳридаги уйи. Марҳум жаназаси кечқурун ўқилиб, зудликда дафн этилган.
Музаффар Умрзоқовнинг Андижон шаҳридаги уйи. Марҳум жаназаси кечқурун ўқилиб, зудликда дафн этилган.

58 ёшли Музаффар Умрзоқовнинг вафоти бу йилги пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган биринчи ўлим ҳолатидир.

Ўтган йилги пахта мавсуми пайти ўндан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида август ойида эълон қилинган хабарда вазир муовини Эркин Муҳитдинов АҚШ Сенати халқаро алоқалар бўйича қўмитаси ҳайъати аъзолари билан учрашув чоғида мажбурий меҳнатни тақиқлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 8 август кунги баённома қарори имзолангани ва ўқитувчию шифокорлар пахта теримига чиқарилмаслигини айтгани ҳақда маълум қилинган эди.

Озодлик терим жараёнидаги мажбурий меҳнат ҳолатларини кузатиб боради.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG