Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2018, Тошкент вақти: 09:27

Пахта-2018: 5 ҳоким 2 ой маош олмайди, 10 прокурор ва 10 ИИБ бошлиғи ишдан олинди


Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига қилган ташрифи якунида 5та туман ҳокими икки ойли маошидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар 14 октябрда хабар берди.

Аввалроқ президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги «Валихон ота» фермер хўжалигидапахта теримини кўздан кечиргани хабар қилган эди.

Президент шу ерда вилоят фермерлари ва қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан суҳбатлашган.

“Президент ташрифи давомида қатор камчиликлар аниқланган. Айрим давлат амалдорларининг фаолияти танқидга учраган", дейилади хабарда.

13 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокими пахта теримида сусткашликка йўл қўйгани учун Бўка туман ҳокими Нўмонали Избосаров, Пскент тумани ҳокими Абдусамат Акбаров, Бекобод туман ҳокими Неъмат Абдуллаев, Янгийўл туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтабоев ва Чиноз туман ҳокимини икки ойлик маошларидан маҳрум қилган.

Бундан ташқари, ҳокимлар агар вазият тузатилмаса, ишдан олиниши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирилган.

14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида пахта йиғим-теримига бағишланган селектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 2018 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини жадаллаштириш, теримчиларни далага сафарбар қилиш, кунлик терим суръатини оширишда жойларда мутасаддилар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан якунлаш бўйича шошилинч чоралар кўриш юзасидан 4та сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланган.

Йиғилишда бош прокурор Отабек Муродов, президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ҳамда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Зоир Мирзаев нутқ сўзлаган.

Йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтган. Маълум қилинишича, аксар туманларда иккинчи терим бошланиб кетганига қарамасдан пахта режаси 60 фоиздан ошмаган, айрим ҳудудларда режа 25-40 фоиз атрофида қолмоқда.

Маҳаллий нашрлар, хусусан, Kun.uzнинг маълум қилишича, Низомиддинов президентнинг махсус қарорига кўра, жойларда сектор раҳбарлари (туман ҳокими, прокурор, ИИБ бошлиқлари, ДСИ бошлиқлари) бўлган 100дан ортиқ кишига нисбатан интизомий чора (ишдан бўшатиш, икки ойлик маошдан маҳрум этиш, ҳайфсан) қўлланиши ҳақида маълум қилган.

Жумладан, пахта терими вақтидаги сусткашликлари учун 10дан ортиқ туманда прокурорлар, 10дан ортиқ туманда ИИБ бошлиқлари ишдан кетган, солиқчилар орасида эса ишдан олинганлар сони кўпроқ.

14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида бўлиб ўтган селектор давомида Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Иномович Ибрагимовга ҳайфсан берилган. Маълум қилинишича, вилоят раҳбари 2018 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини ўта суст ташкил этгани ва масъулиятсизликка йўл қўйгани учун огоҳлантирилган.

Шунингдек, йиғилиш вақтида Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Абдумалик Абдуқодирович Алламуродов ишдан олинган. У шу йилнинг январидан буён вилоят ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

XS
SM
MD
LG