Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:17

Андижон вилоят ҳокими ваъдасидан тонди, ўқитувчилар яна пахтада


Uzbekistan - cotton fields in Uzbekistan
Uzbekistan - cotton fields in Uzbekistan

Бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига мажбурий чиқаришни “жиноят” деган Андижон вилоят ҳокими ўқитувчи ва тиббиёт ҳамшираларини яна далага чиқармоқда. Бу ҳақда хабар берган ўқитувчи ва ҳамшираларнинг айтишларича, душанба куни ёғиб ўтган ёмғирдан сўнг, улар “ватанпарварлик” шиори остида пахта теримига мажбурланяпти. Андижон вилоят ҳокимлиги мулозими эса, мажбурий меҳнатни инкор қиларкан, ҳатто МХХ ходимлари ҳам ўз ихтиёри билан пахта тераётганини айтди.

Андижондаги касалхоналардан бирида ишлайдиган катта ҳамширанинг 3 октябрь куни Озодликка айтишича, 1 октябрь кунги “ихтиёрий” ҳашардан сўнг, ҳамширалар яна пахта теримига жўнатилган:

“Якшанба куни ҳамшира ва санитаркалар учун ҳашар эълон қилинган эди. Ҳаммамиз чиқиб пахта тердик. Кеча, душанба куни ёмғир ёққани учун яна чиқарилди. Ҳоким мажлисда, агар бирор киши сўраб қолса, “ишдан бўш вақтимизда ёки таътилда бўлганимиз учун ўз ихтиёримиз билан чиқдик”, деб айтинглар деяпти. Мана бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига пахта теримида оғриб қолган бир ўқитувчини ҳам келтиришди. Демак, ўқитувчилар ҳам пахта теряпти экан”, деди ҳамшира.

Андижон вилоят ҳокими ваъдасидан тонди, ўқитувчилар яна пахтада
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00
Бевосита линк

Унинг айтишича, Олтинкўл, Андижон туманлари қишлоқ врачлик пунктлари ҳамширалари ҳам ётоғи билан мажбурий пахта теримига чиқарилган, Улуғнор туманига катта ҳамширалар жўнатилган.

Шаҳрихон тумнидаги 31-умумтаълим мактабининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳар куни ҳар бир мактабдан ўн ўқитувчи пахта теримига жўнатиляпти:

“Вилоят ҳокимининг ўқитувчини пахта теримига чиқариш жиноят” деган гапидан сўнг, “э, ҳақиқат бор эканку” деб юборган эдик. Лекин қувончимиз узоққа чўзилмади. Ҳозир навбат билан пахта териб келяпмиз. Мен билган 1-, 38-мактабларда ҳам шу аҳвол”, деди ўқитувчи.

Вилоят ҳокими ўтказган селектор йиғилишларида қатнашадиган пахта териш отрядларидан бирининг раҳбари Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, “пахта терими сиёсатида зўравонлик яна биринчи ўринга чиқиб олди”, деди:

“Селектор мажлисларидаги сўкишларга, ҳақоратларга инсон зоти чидай олмайди. Кўпчилик орасида одамларни гадойдан олиб гадойга, итдан олиб итга солиш, таҳқирлаш, "кўтанингни суғуриб оламан" деб, эркагу хотинларни орасида айтиш, яхши эмасда энди! Биринчи октябрь, ўқитувчилар байрами куни вилоятда бошқа кунларга нисбатан камроқ пахта терилган экан. Вилоят ҳокими аччиғи чиқиб, селекторда “байрамингга тупурдим”, деди. “Ўқитувчини пахтага чиқариш жиноят”, деган одамнинг гапи бу. Ҳоким жаноблари айтовради ҳам экан, гапидан қайтовради ҳам экан. Бизнинг ҳокимлар шунақа”, деди мактаб директори.

Андижон вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири, бюджет ташкилоти ходимларининг пахта теримига мажбуран олиб чиқилаётганини инкор қилди:

“Пахта миллий бойлигимиз. Виждони бор одам бу қисқа вақт ичида деҳқонга ёрдам бериши керак. Бу учун қишлоқлардаги ишсиз одамлар ҳисобидан махсус отрядлар ташкил қилинган. Керак бўлса мелисаларимиз, МХХчиларимиз ҳам ўз ихтиёрлари билан чиқиб пахта теряпти. Андижон шаҳар ҳокими бутун оиласини ҳашарга олиб чиқди. Ҳаммаси ихтиёрий, виждон амри билан, мажбурлаш йўқ”, деди ҳокимлик мулозими.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 22 сентябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалари ҳамда тиббиёт ходимларининг дала меҳнатига жалб этилиши жиноят экани, бундай ҳол аниқланган тақдирда ходимларни далага чиқарган раҳбарлар нафақат лавозимидан айрилиши, балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

“Бугундан бошлаб Андижон вилояти бўйича, чунки мен Андижон бўйича жавоб бераман, 18 ёшга тўлмаган фуқаро, бюджет ташкилоти ходимлари, асосан мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, ходимлари, тиббиёт ходимлари, врачлар, ҳамширалар, коллеж ходимлари, ўқитувчилари, ўқувчилари, шуларни бирортаси далага чиқиши бу жиноят. Ва олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчилари ҳам бунга киради. Қайси туманда, қайси секторда мана шу тоифа одамлар пахта териб юргани аниқланса раҳбарига нисбатан нафақат лавозимидан кетиш балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантираман”, - деган эди Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.

XS
SM
MD
LG