Линклар

Шошилинч хабар
12 апрел 2021, Тошкент вақти: 23:07

Пахтага ётоғи билан олиб кетилган 62 яшар мардикор каналда чўкиб кетди


Маҳаллалар пахта теримига одам жалб қилиш учун пенсионерларни ҳам теримга юбормоқда - иллюстратив сурат

Жиззах вилояти Бахмал туманидан Мирзачўл туманига пахта теримига олиб кетилган 62 яшар Райимберди Қаршиев 23 октябрь куни каналга тушиб, чўкиб кетди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган марҳум укасининг айтишича, акасини қишлоқда одамларнинг уйида ишлаб юрган пайтда, профилактика инспектори ва МФЙ котиби "алдаб олиб кетган".

Одамларни пахтага сафарбар қилишга раҳбарлик қилган ҚФЙ котиби Озодлик билан суҳбатда марҳумнинг ўз ихтиёри билан пахта теримига кетганини иддао қилди.

Райимберди Қаршиевнинг укаси, ўқитувчи Ғулом Қаршиевнинг айтишича, акасини қишлоқда бировнинг уйида ишлаб турган пайтида олиб кетишган:

- Акам ўзи сўққабош, оиласидан ажралган. Одамларнинг уйида у-бу ишларни қилиб, кун кўриб юрарди. 13 октябрь куни ҳам бировнинг уйида ишлаётган бўлган. Профилактика нозири билан Новқа МФЙ котиби бориб, алдаб-сулдаб олиб кетишган. 62 яшар одам қандай пахта теради, яқинларидан сўрайликчи, дейишмаган. Буларга ҳисоб учун одам бўлса, бўлди. 23 октябрь куни каналга тушиб кетиб, ҳалок бўлди. Қандай тушиб кетган, ҳеч ким билмайди. Чолни пахта теримига олиб борганлар бунинг учун жавоб беришлари керак.

Райимберди Қаршиев
Райимберди Қаршиев

Ғулом Қаршиевнинг айтишча, ўша куни қишлоқдан яна икки нафар пенсия ёшидаги эркакни ҳам пахтага олиб кетишган:

- Бу меҳнат биржаси қиладиган иш, МФЙнинг қиладиган иши эмас-ку!. Узоқ жойга, ёши катта одамларни алдаб, пул берамиз деб олиб бориб, пахта тергизиш қонунга зид. Менинг талабим акамни пахта теримига олиб кетганлар ҳам қонун олдида жавоб берсин!

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Райимберди Қаршиевнинг ўлимига "юқори нафас йўлларининг суюқлик, сув билан беркилиши натижасидаги механик аффексия" сабаб бўлган.

Экспертиза хулосаси
Экспертиза хулосаси

Новқа МФЙ котиби Жаҳонгир Болтаев Озодлик билан суҳбатда Райимберди Қаршиевнинг "ўз ихтиёри билан пахта теримига кетгани"ни иддао қилди:

“Биз у одамни мажбурлаганимиз йўқ. Ўзи бекор юрибман-ку, бориб бироз пул ишлаб келаман, ёзилиб айланиб келаман, деди. Тўғри, қишлоқда бировнинг уйида ишлаб турган пайтида борган эдик. Лекин мажбурлаш, алдаш бўлмаган, ўз ихтиёри билан кетган. Арақни кўп ичарди, каналга ҳам мастлигида тушиб кетган”.

Озодликнинг “нега пенсия ёшидаги одамларни пахтага сафарбар қилдингиз?”, деган саволига Жаҳонгир Болтаев:

“Биз уни умуман мажбурлаганимз ўзи, ўзи бораман, деди”, - дея жавоб берди.

Бахмал тумани ҳокими ёрдамчиси Акмал Мамараҳимов ҳодиса тафсилотларини ўргангандан сўнг, ҳоким ўринбосарининг ўзи Озодликка боғланишини айтди. Аммо кун давомида ҳокимликдан қўнғироқ бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилганини таъкидлаган эди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг уч вилоятидаги пахта теримига 76,8 минг ишсиз жалб қилиниши кўзда тутилган.

Бу йилги теримда асосан "темир дафтар"га киритилган ишсиз ёшлар, хотин-қизлар жалб қилиниши, улардан бригадалар тузиш ва теримчи билан меҳнат шартномаси имзоланиши айтилган.

Аммо Озодликка ишчи ва хизматчилар, маҳалла яшовчиларининг пахта теримига мажбуран жалб қилинаётганига доир хабарлар келишда давом этмоқда.

Айни пайтда 31 октябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жорий йилги пахта мавсумида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан олиб борилаётган мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича мониторинг натижаларини эълон қилди.

Вазирликка кўра, 35 нафар мансабдор шахс одамларни мажбурий меҳнатга жалб этгани учун 372 миллион 410 минг сўм жарима тўлаган.

Ҳисоботда айтилишича, теримчиларнинг муносиб дам олишини ташкил этмагани ва пахта пулини вақтида бермагани учун 123 мулозим 204 миллион 937 минг сўм жаримага тортилган.

XS
SM
MD
LG