Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:31

Пахтакор аёллар ғўзапоясиз қолмайдиган бўлди


Фақат ғўзапоя учун ишлаган ангорлик аёллар
Фақат ғўзапоя учун ишлаган ангорлик аёллар

Сурхондарё вилояти Ангор туманидан бориб, Музработ туманидаги фермер ерида йил давомида фақат иш ҳақи ўрнига фақат ғўзапоя учун ишлаган аёллар ўтинсиз қолмайдиган бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг бу ҳақда Озодликда чоп этилан мақолага жавобида айтилишича, фермер ерида ишлаган аёллар ғўзапоя олади.

Иш ҳақи ўрнига ваъда қилинган ғўзапоядан ҳам маҳрум бўлаётгани ҳақида бир гуруҳ аёл 20 октябрь куни Музработ тумани ҳокимлигига арз қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матубот хизматининг Озодликка билдиришича, Сурхондарё вилояти прокуратураси мазкур воқеани ўрганиб чиққан:

"Аниқланишича, фуқаро Ф.Мавлонова ва бошқалар тумандаги “Худойбердиев Ҳайдар полвон” фермер хўжалиги иш юритувчиси О.Худойбердиев билан оғзаки келишув асосида, пахта терими тугагунга қадар ёланма ишчи сифатида ҳар бир кишига 1 гектардан жами 6 кишига ишлаган пахта майдонининг ғўзапоясини олиш шарти билан ишлаб келаётганлигини маълум бўлди.

2018 йил 19 октябрь куни 2019 йил ҳосили учун бошоқли дон экиш отряди томонидан “Худойбердиев Хайдар Полвон” фермер хўжалигининг 40 гектар пахта майдонининг 20 гектарига пахта ва ғалла алмашилиб экилиши режалаштирилган бўлиб, 3 та трактор ғалла экиш учун пахта дала майдонига кирмоқчи бўлганда, юқоридаги ишчи аёллар “биз ишлаган дала майдонига ҳам ғалла экилса ғўзани трактор билан чопиб бўлмайди” деб туман ҳокимлигига мурожаат қилишган ва туман ҳокимлиги томонидан мазкур ҳолатга ойдинлик киритилиб, улар ишлайдиган 6 гектар майдонга эмас, балки фермер хўжалигининг бошқа пахта майдонига ғалла экиш режалаштирилганлиги аниқланди.

Ўрганиш давомида, мурожаат муаллифи Ф.Мавлонова ва бошқалар фермер хўжалиги раҳбари ва туман ҳокимлиги мансабдор шахсларига ҳеч қандай даъво ва эътирози йўқлигини билдирган", дейилади Бош прокуратура мактубида.

20 октябрь куни Озодлик билан суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган ангорлик аёллардан бири улар йил бўйи қилган меҳнатлари эвазига бериладиган ғўзапоядан ҳам маҳрум бўлиб қолаётганини айтган эди:

- Биз апрель ойидан бошлаб пахта ерини аренда олиб ишладик. Масалан, мен 12 эгат олиб ишлаганман. Ишлаган ҳақимизга пул олмаймизда, ўтинини оламиз, деб фермер билан келишганмиз. Шу кунгача ғўзасини чопиқ қилдик, ягана қилдик, пахтасини тердик. Энди эса, ҳоким бу ерга буғдой экасан, деяпти. Буғдой экса ғўзапояни корчовка қилиб бўлмайди, ярим белидан ўриб олиш эса ҳам меҳнат, ҳам баракаси йўқ. Фермер эса, менга ҳоким шундай буйруқ берган, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди, хафа бўлманглар деди,дейди пахтакор аёл.

Фермер хўжалиги раҳбари Шопўлат Худойбердиев Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам мавсумий ёлланма ишчилар фақат ғўзапоя учун ишлаганини ва йўлини топиб уларни ғўзапоясиз қолдирмасликка ваъда берган эди.

Кам таъминланган оилаларга арзон ун берилди, оқсоқол жаримага тортилди

Сурхондарё вилояти Ангор туманида кам таъминланган оилалар учун ажратилган арзон ун фақат теримда иштирок этган шахсларга берилаётгани, маҳалла оқсоқоли "пахта термагансан" деб, камбағал ва касал оилаларни рўйхатдан ўчириб ташлагани ҳақида Озодлик 30 октябрь куни хабар берган эди.

Охунбобоев маҳалла фуқаролар йиғини котиби Эркин Гаппаровни Озодликка айтишича, мақола эълон қилингандан кейин, маҳаллага арзон ун келтирилиб, кам таъминланган оилаларга тарқатилган:

"Мақоладан кейин кеча маҳаллага ун маҳсулоти келиб ижтимоий ҳимояга муҳтож ва бошка оилаларга тарқатилди. Маҳалла раиси пахтага мажбурий чиқарганлиги бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди ва жарима тўлади", дейди Эркин Гаппаров.

Ангор туманининг Охунбобоев маҳалласида яшайдиган пенсионер Бобомурод Ражабов 30 октябрь куни пахтага чиқмагани учун унинг оиласига ун берилмаганини Озодликка айтган эди:

- Маҳаллага арзон ун келибди, деб эшитиб борсак, “сиз рўйхатда йўқсиз, сиз пахта термагансиз”, деб бермади. Ўзим ҳам, оилам ҳам нафақада бўлса, қандай пахта терайлик. Ун фақат пахтакорларга экан, бизларга йўқ экан, деган эди Бобомурод Ражабов.

XS
SM
MD
LG