Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2022, Тошкент вақти: 16:13

Халқаро хабарлар

Жаҳон банки сув тошқинидан жабрланган Покистонга 2 миллиард доллар маблағ ажратади

Покистонда сув тошқинидан 33 миллион киши жабрланди.

Жаҳон банки жорий йилда сув тошқинларидан катта зарар кўрган Покистонга 2 миллиард доллар маблағ ажратади. Сув тошқинларида камида 1600 киши ҳалок бўлган эди. Покистон ҳукуматининг барча жабрланганларга кўмак кўрсатиш имкони мавжуд эмас.

Жаҳон банкининг Жанубий Осиё бўйича вице-президенти Мартин Райзер 24 сентябрь куни Покистонга сафар қилди ва табиий офат оқибатларини кўрди. Райзер Покистонга шошилинч равишда бериладиган 850 миллион доллар маблағ кўпайтирилишини ва 2 миллиард долларга етказилишини ваъда қилди.

Покистон жанубидаги Синд ва Балужистон вилоятларида сув тошқинларидан 33 миллион киши жабрланди. Йўллар ва бошқа инфраструкутуралар вайрон бўлди. Экин майдонлари сув остида қолди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сув тошқинлари ортидан юқумли касалликлар тарқалиши хавфидан ташвиш билдирди.

23 сентябрда Синд вилояти марказий ҳукуматдан безгак, ич ўтиш ва вабога қарши курашиш учун шифокорларни жўнатишни талаб қилди. Вилоят ҳокимлигининг билдиришича, сув тошқинларидан сўнг турли касалликлардан 600 киши ўлди ва 300 киши безгакка чалинди. 25 минг бола озиқ-овқат етишмовчилиги ортидан азоб тортмоқда.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гуттерриш Покистонни қайта тиклашга 30 миллиард доллар зарур бўлишини айтган эди.

Кун янгиликлари

CNN: Си Цзинпин Саудияда араб лидерлари билан учрашади

Си Цзинпин

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин расмий ташриф билан Саудия Арабистонига боради, дея хабар қилди CNN телеканали.

Қайд этилишича, қирол Салман бин Абдул Азиз Ас-Сауд таклифига Саудияга кетаётган ХХР раиси у ерда 7 декабрдан 9 декабргача бўлади.

Сафар чоғида икки мамлакат раҳбарлари раислигида Саудия-Хитой саммити ўтказилади.

CNN хабарига кўра, тадбирда камида 14 та араб мамлакати лидери иштирок этади.

Телеканал суҳбатлашган арабистонлик дипломат Си Цзинпиннинг Саудия Арабистонига сафарини араб-хитой муносабатларида “муҳим босқич” деб атаган.

Аргентина вице-президенти Кристина Киршнер 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Кристина Киршнер

Аргентина вице-президенти Кристина Киршнерга коррупцияга оид иш бўйича суд қарори билан 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Киршнер ўзига қўйилган айбловни тан олмаган. Унинг тарафдорлари умуммиллий иш ташлаш таҳдиди билан Буэнос-Айрес кўчаларига чиқишган.

Суд қарорига мувофиқ, Киршнер президент бўлиб ишлаган 8 йил ичида умумий қиймати миллиард доллар бўлган 50 га яқин бюджет лойиҳаларини ўз оиласи билан тиғиз алоқада бўлган қурилиш магнати Ласаро Баэсга берган. Прокурорлар иддаосича, Баэс фирмаси бюджет пулларини ўзлаштириш учун атайин ташкил қилинган. Киршнер, Баэс ва яна ўндан зиёд судланувчи ўзаро тил бириктирганликда айбланиб, турли йилларга озодликдан маҳрум қилинишган.

Аввалроқ прокуратура Киршнер тил бириктирувга бошчилик қилганини айтиб, унга 12 йиллик қамоқ жазоси берилишини талаб қилган. Буни рад қилган судьялар собиқ президентга икки баравар кам муддатли қамоқ жазоси тайин қилишиб, унга умрбод давлат лавозимларида ишлашни тақиқлаб қўйишган. Киршнер ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, ўзини “суд мафияси” қурбони деб атаган. Бироқ кейинроқ у бошқа ҳеч қаерга ўз номзодини қўймаслигини билдирган. Киршнернинг вице-президентлик ваколатлари 2023 йилнинг 10 декабрида тугайди. Ўша пайтгача ёки истеъфога кетгунига қадар, маҳаллий қонунчиликка кўра, уни қамоққа йўллаш мумкин эмас.

Суд ҳукми чиққанидан кейин Аргентина президенти Альберто Фернандес “бугун мамлакатда айбсиз одам судланди”, деб ёзган. Киршнер тарафдорлари эса ҳукмдан норозилик изҳори ўлароқ барабан чалиб, ҳайқириқлар билан суд биносига йўл олишган ва умуммиллий иш ташлаш уюштириш билан таҳдид қилишган. Сўров натижаларига кўра, шу кунда вице-президент Киршнерни аргентиналикларнинг 38 фоизи қўллайди, 62 фоизи эса унинг истеъфога кетишини истайди.

Суд қарори устидан апелляция тартибида шикоят аризаси берилиши кутилмоқда. Апелляция суди бир неча йилга чўзилиши мумкин. Бу орада Киршнер нисбатан фарзандлари иштирокидаги пул ювишга оид айблов дохил бошқа жиноят ишлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Кристина Киршнер 2007–2015 йилларда Аргентина президенти лавозимида ишлаган. У мамлакат тарихида мазкур лавозимга тайинланган илк аёл бўлган.

АҚШ Конгресси мудофаага 848 миллиард доллар ажратмоқчи

АҚШ Конгрессининг Сенати 2023 йилги мудофаа бюджетини 847,3 миллиард доллар миқдорида белгилашга келишди. Аввалроқ Вакиллар палатаси ҳам бунча маблағ ажратилишига қарши эмаслигини билдирганди. Бу маблағнинг 800 миллион доллари Украинага ҳарбий ёрдам сифатида берилади.

Мазкур бюджет АҚШ тарихида мудофаа учун ажратилган энг катта маблағ ҳисобланади. Энди конгрессменлар ва сенаторлар ўзаро келишилган бюджет учун овоз беришлари керак. Шундан сўнг уни президент Жо Байден имзолайди.

Бюджет лойиҳасида Россияни Европага таҳдидини “тўхтатиб туришга” 6 миллиард доллар ажратилиши ҳам назарда тутилган. Ҳужжатга асосан Вашингтон Москва билан ҳарбий ҳамкорликни яна беш йилга тақиқлайди, шунингдек, Россиянинг халқаро ташкилотлардан, жумладан, G20 дан чиқарилишига ҳаракат қилади.

Бундан ташқари лойиҳада “Россия билан олтин транзакцияларида онгли равишда сезиларли даражада иштирок этган”ларга нисбатан иккиламчи санкцияларни жорий этиш ҳам қайд этилган.

2021 йилда АҚШ мудофаа бюджети 740,5 миллиард доллар (мамлакат ЯИМнинг тақрибан 3,5 фоизи)га етган эди.

Латвия “Дождь” телеканали лицензиясини бекор қилди

Латвия Электрон ахборот воситалари миллий кенгаши (NEPLP) “Дождь” телеканали лицензиясини бекор қилди. Бу ҳақда кенгаш раиси Иварс Аболиньш тивттер саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, лицензия “миллий хавфсизликка ва жамоат тартибига таҳдид туғилгани” ортидан бекор қилинган. Телеканал кўрсатувларини эфирга узатиш 8 декабрдан тўхтатилади. Бундан ташқари Латвия ҳудудида телеканалнинг ютубдаги программаларини кўрсатиш ҳам тақиқланади.

2 декабрь куни кенгаш телеканални Қримни Россия таркиби сифатида кўрсатган харитани намойиш қилгани ва бошловчи Россия армиясини “бизнинг армия” деб айтгани учун 10 минг евро жаримага тортган эди.

Кейинроқ телеканал бошловчи Алексей Коростелевни ишдан бўшатган. “Дождь” бош муҳаррири Тихон Дзядко телеканал “Россия армиясини ёритишга кўмак бериш билан шуғулланмаган, шуғулланмаяпти ва шуғулланмайди ҳам”, деб баёнот берганди.

“Дождь” телеканали 2010 йилда Россияда фаолият кўрсата бошлаган эди. Тез орада ижтимоий-сиёсий кўрсатувлари билан оммалашган телеканални Россия кабел ва сунъий йўлдош каналлари орқали намойиш этишни тақиқлади. 2017 йилда телеканал Украинада ҳам блокланди. 2021 йилда у Россияда “хориж агенти” рўйхатига киритилди.

2021 йилнинг 1 мартида Россия Бош прокуратураси “Дождь” телеканалини блокировка қилишни талаб этди. “Дождь” 6 июнь куни Латвиядан лицензия олган эди.

Қирол Карл IIIга тухум отган шахс ҳибс қилинди

Британиянинг Лутон шаҳрида сайр қилаётган қирол Карл IIIга тухум отган шахс ушланди ва ҳибс қилинди. Полициянинг билдиришича, воқеа 6 декабрь куни бўлган. Қирол шаҳар майдонида жамоатчилик билан учрашаётган пайтда унга қарата 20 ёшли йигит тухум отган.

Тухум қиролга тегмай ерга тушган бўлсада, тансоқчилар Карл IIIни воқеа жойидан зудликда олиб кетишган. Орадан бир оз ўтгач, қирол яна майдонга чиқиб, аҳоли билан учрашишда давом этган. Би-би-сининг ёзишича, кўпчилик қиролга тухум отилганини ҳам сезмаган.

Бундан бир неча ҳафта олдин Йорк шаҳрида ҳам аҳоли билан учрашаётган Карл IIIга тухум отилган эди. Ўшанда бу воқеада гумонланиб 23 ёшли талаба ушланган.

Хабарда айтилишича, тухум отиш воқеасини ҳисобга олмаганда, қиролнинг аҳоли билан учрашуви жуда самимий руҳда ўтган.

Блинкен: АҚШ Россияга қарши ҳужумларни қўллаб-қувватламайди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага Россия агрессиясига қарши курашда имконияти борича ёрдам кўрсатади, бироқ Россиянинг ҳудудларига ҳужум қилинишини қўлламайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 декабрда маълум қилди.

Блинкен Россиянинг Саратов, Рязан ва Курскдаги авиабазаларига дронлар билан ҳужум қилинишида Киевнинг қўли борлиги тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан мана шундай баёнот берди. Киевнинг ўзи бу ҳужумларга алоқадор эканлигини тасдиқлаган эмас.

“Биз украиналикларга Россия ҳудудларига ҳужум қилиш учун шароит яратиб берганимиз ёки уларни бу ишга рағбатлантирганимиз йўқ. Бироқ Россия агрессияси ортидан украиналиклар ҳар куни оғир аҳволда қолаётганини ҳам тушунишимиз лозим”, - деди Блинкен.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Украинага олис масофаларга отилувчи ракета комлексларини етказиб бермаслигини билдирган эди.

6 декабрда Россиянинг Курск вилоятидаги, 5 декабрда эса Саратов ва Рязандаги аэродромларга дронлардан ҳужум қилинган эди. Бунинг ортидан Курскдаги нефть тўпловчи омборхона ёнгани, Саратов ва Рязанда бир неча ҳарбий самолётларга жиддий бўлмаган зарар етказилгани хабар қилинган. Россия ҳужумларда Украинани айблади. Украина бу борада расмий муносабат билдирмади.

Трампга мансуб компания ноқонуний солиқ схемасини амалга оширганликда айбдор топилди

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга мансуб Trump Organization компанияси 15 йилдан бери солиқларни яширганликда ва бу борада ноқонуний схемани ишлаб чиққанликда айбдор деб топилди. Суд 6 декабрь куни чиқарган қарор 13 январь куни расман эълон қилиниши билдирилди.

Меҳмонхона, гольф майдонлари каби йирик кўчмас мулкларни бошқарадиган Trump Organization суд ҳукми билан 1,6 миллион доллар жаримага тортилди. Трампнинг шахсан ўзига ҳеч қандай айблов билдирилмади.

Трамп АҚШда ўтадиган кейинги президентлик сайловида иштирок этишини билдирган эди. Суднинг бу ҳукми унга ўз номзодини кўрсатиш пайтида қатор юридик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Иқтисодчилар суд томонидан белгиланган 1,6 миллион жарима компания учун унча катта маблағ эмаслигини, аммо келажакда бизнес фаолиятини давом эттириш мураккаб бўлишини айтмоқдалар.

Миллиардер Дональд Трамп 2017 йилнинг 20 январидан 2021 йилнинг 20 январигача АҚШ президенти бўлган. АҚШ президентлигига кейинги сайлов 2024 йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтади.

Украина ва Россия 60 га 60 формуласи бўйича асир алмашди

Россиядан уйига қайтган украиналик асирлар (Андрей Ермак телеграм-каналидан олинган фотосурат), 2022 йил 6 декабри

Украина президенти офисининг раҳбари Андрей Ермак асирга тушган аскарлар Украина Қуролли кучлари куни ватанига қайтганига эътибор қаратди.

Ермакка кўра, Россия 15 нафар зобит ҳамда 45 нафар оддий аскар ва сержантни қайтарган. Улар орасида 34 нафари Мариуполь мудофаасида, жумладан 14 нафари “Азовсталь” заводи мудофаасида қатнашган.

Россия Мудофаа вазирлиги россиялик асирлардан 60 нафари уйга қайтганини тасдиқлади. Вазирлик иддаосича, уларга “асоратда ўлим хавф солаётган эди”. Россияликлар муолажа ва реабилитациядан ўтиш учун Москвага етказилган.

Россия ва Украина март ойидан буён мунтазам равишда асир алмашиб келмоқда. Шу кунгача икки мамлакат ўртасида мингга яқин асир алмашилган. Ноябрь ойидан бошлаб асир алмашиш тез-тез кузатилмоқда.

Россия суди “Весна” ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топди

Петербургда мобилизацияга қарши норозилик намойишидан иштирокчиларнинг тутиб кетилиши (мазкур акция шу йилнинг 24 сентябрида “Весна” ҳаракати томонидан уюштирилган эди)

Петербургдаги суд “Весна” ёшлар ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг Север.Реалии нашри “Первий отдел” ҳуқуқбонлик лойиҳаси ҳуқуқшуносларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Прокуратура иддаосича, “Весна” ҳаракати фаолияти “Россия Федерацияси конституциявий тузуми асослари ва жамоатчилик хавфсизлигига путур етказишга қаратилган”, ҳаракатнинг ўзи эса “мамлакатда барқарорликни бузиш учун шарт-шароит яратмоқда” ва “ҳокимият алмашиши зарурлиги тўғрисида жамоатчилик фикри”ни шакллантирмоқда.

Айни пайтда, ҳуқуқшунослар қайдича, даъво аризаси матнини ҳаракат фаоллари ҳам кўрган эмас: ҳужжатда “махфий” деган белги турибди, суд жараёни эса жамоатчилик ва журналистларга ёпиқ тарзда ўтказилган.

“Весна” ёшлар ҳаракатига 2013 йили Петербургда асос солинган, кейин эса у Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам пайдо бўлган. Украина уруши бошидан бери ҳаракат фаоллари урушга қарши намойишларда актив иштирок этиб келаётган эдилар.

Мариуполга йўлланган тожикистонлик қурувчилар маошларини тўлиқ ололмаяпти

Мариуполга йўлланган тожикистонлик қурувчилар (архив сурати)

Россия қурилиш ширкатлари томонидан Украинанинг ишғол этилган Мариуполь шаҳрини қайта тиклашга юборилган тожикистонлик мигрантлар иш берувчилар ўзларига ваъда қилинган маошнинг фақат ярмини тўлаётганидан шикоят қилишмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Аввалроқ Россиядаги қатор қурилиш компаниялари тожик мигрантларига Мариуполдаги тиклаш ишларида қатнашиб, пул ишлаб олишни таклиф этишган. Бу шаҳарга қурувчи йўллаш билан Тожикистон қурилиш фирмалари ҳам шуғулланмоқда. Нашр қайдича, мигрантларнинг айримлари у ерда ярим йилдан буён ишлаяпти, бошқаларининг эса Мариуполга борганига бир ойдан ошган.

Мариуполга боришга рози бўлганларга ойига 130 минг рублдан 250 минг рублгача маош бериш ҳамда ётоқ ва уч маҳал овқат билан таъминлаш ваъдаси берилган. Аслида эса, мигрантларга кўра, у ердаги иш учун улар бор-йўғи 60-70 минг рублдан пул олишмоқда.

Мариуполь Россия қўшинлари томонидан шу йилнинг май ойида ишғол этилган. Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ шаҳардаги биноларнинг 95 фоизи вайрон бўлгани, Мариуполь эса “нафақат Украинадаги, балки бутун Европадаги энг йирик шаҳарлардан бири” эканини айтган.

“Важние истории” нашри Мариуполни тиклаш учун пудрат Россиянинг куч ишлатар тузилмаларида ишлайдиган юқори лавозимли ходимлар, амалдорлар ва девелоперларга алоқадор ширкатларга берилаётгани ҳақида ёзган.

Россиянинг нефть ортилган танкерлари Босфор бўғозидан ўтолмаяпти – Financial Times

Босфор бўғози

Россия портларидан нефть юклаб йўлга чиққан йигирмага яқин танкер Босфор ва Чаноққалъа бўғозларидан ўтиш учун денгизда Туркия расмийларининг рухсатини кутиб турибди. Бу ҳақда Financial Times нашри нефть саноатига алоқадор манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва G-7 томонидан Россия нефтининг бир баррели баҳосини 60 доллардан оширмаслик тўғрисида қарор қабул қилингани ортидан нархи бундан ошган нефть транспортировкасини суғурта қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича тақиқ 6 декабрь куни кучга кирганидан кейин Туркия нефть ташувчилардан ўз юки суғурталанганини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатлар талаб қила бошлаган. Натижада камида 19 та танкер Қора денгиздан чиқиб кета олмаяпти. Улардан биринчиси, газетанинг ёзишича, 29 ноябрдан буён рухсатнома кутяпти. Financial Times суҳбатдошларига кўра, Туркия кемалар тўқнашиб кетган, аварияга учраган, бўғозларга нефть тўкилган тақдирда кема эгалари бу авариялар оқибатини бартараф қилиш харажатларини кўтара олишига амин бўлмоқчи.

Анқаранинг бу хатти-ҳаракати фақат россиялик нефть экспортчилари учунгина муаммо туғдираётгани йўқ. Бу танкерларда бўлган нефтнинг катта қисми Қозоғистонга тегишли. У Россиянинг Қора денгиздаги портларига нефть қувурлари орқали етказиб берилади.

Financial Timesнинг ёзишича, Россия санкциялар манзарасида ўзининг “яширин танкер флоти”ни тузган бўлиб, унда юзга яқин кема бор. Улар Россия ширкатлари томонидан суғурта қилинади ёки нефтни суғурта қилмай ташишга уринади.

Москва Энгельс ва Рязандаги стратегик аэродромларга дронлардан ҳужум уюштирилганини тасдиқлади

Энгельсдаги Ту-95MS самолётлари.

Россия Мудофаа вазирлиги 5 декабрь куни реактив двигателга эга бўлган иккита учувчисиз бошқариладиган учувчи аппарат Саратов ва Рязан вилоятларидаги иккита стратегик аэродромга ҳужум қилганини тасдиқлади.

Вазирликнинг билдиришича, ҳужум оқибатида иккита Ту-95 бомбардимончи самолётига зарар етган, уч рус аскари ҳалок бўлган ва тўрт нафари яраланган. Шу билан бир қаторда вазирлик дронлар уриб туширилганини маълум қилди. Мудофаа вазирлигига кўра, иккита Ту-95 бомбардимончи самолётига дронларнинг қолдиқлари зарар етказган.

Саратов вилояти таркибига кирувчи Энгельс ва Рязан вилоятидаги Дягилеводаги стратегик аэродромларда портлашлар юз бергани тўғрисидаги хабар 5 декабрда пайдо бўлган эди.

Украинадаги фронт чизиғидан 500 километр масофада жойлашган Дягилево аэродромида Ил-76 заправкачи самолётлари, Ту-22МС бомбардимончилари ва узоқ масофага учувчи авиация пилотлари малакасини ошириш маркази жойлашган.

База яқинида Ту-22М бомбардимончиларини, Ту-95МС ракета ташувчи самолётларини ва Ил-76 ҳарбий юк ташувчи самолётларини таъмирловчи завод жойлашган.

Украина билан фронт чизиғидан 700 километр масофада жойлашган Энгельс аэродромида Ту-160 ва Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолётлари мавжуд. Бу аэродромдан Украинани бомбардимон қилаётган самолётлар учади.

Украина ҳукумати бу хабарга ҳозирча расман муносабат билдирмади.

Украинада Россия бомбардимони ортидан электр таъминотида узилишлар бўлмоқда

“Укрэнерго”нинг билдиришича, узилишлар совуқ кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Украинада Россия 5 декабрь куни қилган бомбардимон ортидан электр таъминотида узилишлар юзага келди. “Укрэнерго”нинг билдиришича, узилишлар совуқ кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Россия 5 декабрь куни Украинанинг қатор ҳудудларига ракеталар билан зарба берди. Украина армияси қўмондонлигининг айтишича, Россия 70 та ракета отган, улардан 60 таси уриб туширилган.

Россия томони аввал режалаштирилган 17 та нишонни йўқ қилганини билдирди. Россия расмийларига кўра, зарбалар ҳарбий мақсадга эга бўлган ва Украина ҳарбий захиралари ва қуролларинин темир йўл орқали етказиб берилишинининг олдини олган.

Киев ва Ғарб давлатлари Россия зарбалари тинч аҳоли ва фуқаровий инфраструктурага қаратилганини билдирмоқда. Бироқ Россия бу айбловни инкор қилмоқда.

Швеция полицияси чечен блогер Абдураҳмонов отиб кетилганини тасдиқламади

34 ёшдаги Абдураҳмонов Чеченистонни 2015 йилда тарк этган эди.

Швеция полицияси чеченистонлик мухолифатчи блогер Тумсо Абдураҳмонов отиб кетилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлай олмайди, айни пайтда инкор ҳам этолмайди. Швеция полицияси “Кавказ.Реалии” таҳририятига мана шундай расмий жавоб йўллади.

“Швеция полиция бошқармаси оммавий ахборот воситаларида Швецияда яшаган одамнинг ўлдирилгани тўғрисида ёзаётганидан хабардор. Биз бу хабарларни тасдиқлай олмаймиз ва бошқа қўшимча изоҳ ҳам бера олмаймиз”, - деди полиция матбуот котиби Ирен Соколов.

Швецияда Рамзан Қодировнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган чеченистонлик блогер Тумсо Абдураҳмонов 2 декабрга ўтар кечаси отиб кетилгани тўғрисида дастлаб 1ADAT телеграм-канали “Европа ва Чеченистондан бўлган манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда” хабар қилган эди.

Кремль сиёсати ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг танқидчиси бўлган 34 ёшдаги Абдураҳмонов Чеченистонни 2015 йилда тарк этган эди.

“Кавказ.Реалии” мухбирлари Абдураҳмоновнинг ўзи ёки унинг яқинлари билан боғланишга ҳаракат қилаётгани, лекин бу иш ҳозирча натижасиз бўлаётганини билдирилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтиш тартиби енгиллатилади

"Дўстлик" чегара назорат ўтказиш пункти.

Қирғизистон парламентининг тармоқ қўмитаси Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтиш тартибини енгиллаштирувчи ҳужжатни маъқуллади.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Артиқбаевнинг маълум қилишича, мазкур ҳужжатга асосан икки давлат фуқаролари чегарадан ID-карта билан ўта олишади. Балоғатга етмаган болалар эса хорижга чиқиш паспорти билан ўтказилади. Мазкур ҳужжат қачондан бошлаб кучга кириши маълум қилинмади.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари чегарадан фақат хорижга чиқиш паспорти билан ўта оладилар.

Ўзбекистон томони ҳозирча бу хабарга муносабат билдиргани йўқ.

Айни пайтда икки давлат ўртасида қатор чегара назорат ўтказиш пунктлари ишлаб турибди. Ўш вилоятидаги “Дўстлик” чегара бекати 2017 йилда қайта очилган. Кўп ўтмай Жалолободдаги “Маданият” ва “Баймак” постлари ҳам қайта очилган.

Кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари авиачипта нархлари арзонроқ бўлгани сабабли Қирғизистон орқали бошқа мамлакатларга борадилар. Айрим ўзбекистонликлар Қирғизистон ҳудудида ишлайдилар. Хорижга чиқиш паспорти билан чегарадан ўтиш баъзи ноқулайликларни келтириб чиқарар эди, жумладан, хориж паспорти муҳрлар билан тез тўлиб қолгани ортидан уни тез-тез янгилаш лозим бўлади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG