Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2018, Тошкент вақти: 03:48

Юқоричирчиқда ички ишлар ходимлари Қуръонга қўл қўйиб пора олмасликка қасамёд қилди


Ички ишлар ходими Қуръонга қўл қўйиб қасамëд қилмоқда

Ўтган ҳафта давомида Тошкент вилоят, Юқоричирчиқ туманида ички ишлар ходимлари Қуръонга қўл қўйиб, пора олмасликка ва тамагирлик қилмасликка қасамёд қилдилар.

Ижтимоий тармоқларда айни туман Ички ишлар идорасида қасамёд маросими акс этган сурат тарқалди.

Ўтган ойдан буён Ўзбекистон бўйлаб фермерлару шифокорлар, солиқчию божхоначиларнинг оммавий қасамёд маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Айни тадбирлар, Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги мулозимининг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонуннинг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури рамкасида ўтказилмоқда.

Имом иштирокидаги қасамёд

Жазоланишидан қўрқиб исми сир қолишини сўраган Юқоричирчиқ ИИБ ходимининг Озодликка айтишича, "ИИБ шахсий таркиби иштирокида ҳафта давомида уч маротаба хизмат интизоми бузилишига, порахўрлик ва тамагирликга йўл қўймаслик бўйича йиғилиш" ўтказилган.

Ички ишлар ходими қасамёд маросимлари туман имом- хатиби иштирокида бўлиб ўтганини билдирди:

"Қасамёд маросимлари Юқорчирчиқ имом-хатиби иштирокида бўлиб ўтди. Шахсий таркибдаги ҳар бир ходим Қуръоннинг ўзбек тилидаги нусхасига қўлини қўйиб, порахўрлик ва тамагирлик қилмасликқа қасам ичди," - деди у.

Бироқ, Юқоричирчиқ ИИБ навбатчиси маросим тўғрисида маълумот олиш учун "бошлиқларга боғланиш зарур"лигини айтди.

Юқорчирчиқ туман имоми айни маросим юзасидан маълумот беришни истамади.

Ўзбекистон Ички ишлар академияси ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, ички ишлар ходимларининг қўлини Қуръонга қўйиб қасам ичиши "юқоридан берилган буйруқ эмас, балки туман ички ишлар раҳбарларининг ўзларидан чиққан ташаббус бўлиши мумкин".

"Профилактика инспектоhларининг оммавий қасамёд келтириши шу йил бошидан буён бўлаяпти. Лекин, Қуръонга қўл қўйиб қасам ичилсин, деган топшириқ вазирликдан бўлгани йўқ," - деди академия ўқитувчиларидан бири.

Фермерлар ва шифокорлар қасамёди

Фермерларнинг оммавий қасамёд маросими. Сирдарё вилояти
Фермерларнинг оммавий қасамёд маросими. Сирдарё вилояти

Ўзбекистонда оммавий равишда қасамёд қилиш маросими дастлаб Сирдарёлик фермерлар орасида кузатилди.

Бу ҳақда Озодлик илк бор 18 ноябрда хабар қилганди.

Ҳамширалар қасамёд қилмоқда
Ҳамширалар қасамёд қилмоқда

​Ноябрь ойида Каттақўрғон ва Жомбой туманларида шифокорларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ҳам ўтказилди.

Айни хабар матбуотда тарқалиши ортидан Самарқанд вилоят ҳокимияти бундай тадбирларни тўхтатишга буйруқ берди.

Давлат хизматчилари қасамёди

Ҳозирда Ўзбекистонда давлат хизматчиларига қасамёд келтиришни шарт этиб қўйиш масаласи кўрилмоқда.

2018 йил май ойида ҚҲТБТ (Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими) порталида "Давлат хизмати тўғрисидаги" қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди.

Мазкур қонун лойиҳасининг 55-моддасида давлат хизматига қадам қўйган ходим қуйидаги мазмундаги қасамёд қабул қилиши алоҳида қайд этилган.

"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига оғишмай риоя этишга, ўз фаолиятимда Ўзбекистон Республикасининг давлат хизмати принципларига риоя қилишга, хизмат вазифаларимни ҳалол ва виждонан бажариш ҳамда Ўзбекистон халқига хизмат қилишга, бу қасамёд бузилган тақдирда, қонунда белгиланган жавобгарликка тортилишга тайёрлигим ҳақида тантанали равишда қасамёд қиламан", қабилида қасамёд келтирган шахс кейин қасамёд матнини имзолаши шарт бўлади.

Қонун лойиҳасида қайд этилишича, қасамёд матни давлат хизматчисининг шахсий ишжилдида сақланади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG