Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2022, Тошкент вақти: 17:56

Халқаро хабарлар

Польша сенати Россия сиёсий режимини террористик деб топиш бўйича резолюцияни маъқуллади

Польша парламентининг юқори палатаси бўлмиш Сенат 26 октябрь куни Украинадаги уруш туфайли Россия расмийлари юритаётган сиёсатни террористик режим деб топиш бўйича резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

Саксон беш нафар сенатор томонидан ёқланган (уларнинг жами 100 киши бўлиб, қолганлар овоз беришда иштирок этишган эмас) резолюциядан дунёдаги тинчлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби қадриятларни маъқулловчи барча мамлакатларни шу каби қарор қабул қилишга чақириқ ҳам ўрин олган.

Ҳужжатда 2022 йил 24 февралида Россиянинг Украинага бостириб киришидан мақсад украин халқи ва унинг суверен давлатини йўқ қилиш экани айтилган. У ерда қайд этилишича, россиялик ҳарбийлар фуқаровий объектларни бомбаламоқда, асирлар ва ишғол қилинган ҳудудлардаги тинч аҳолини қийноққа солмоқда ва ўлдирмоқда, болаларни “режим яничарлари” қилиб тарбиялаш учун уларни Россияга олиб чиқиб кетмоқда.

Польшалик сенаторлар иддаосича, Россия президенти Владимир Путин ва унга тобе бўлган аппарат Сталин ва Гитлер режимининг шафқатсиз амалиётига қайтган.

Резолюцияда, шунингдек, бу урушда Россия мағлуб бўлиши ва қўшниларига таҳдид қилиш имкониятидан маҳрум бўлиши лозимлиги айтилган.

Кун янгиликлари

АҚШ Сенати қўмитаси Россиянинг Украинага қарши хатти-ҳаракатини геноцид деб топди

Украинанинг Буча шаҳрида топилган жасадлар (архив сурати)

АҚШ Сенатининг халқаро ишлар қўмитаси Россиянинг Украинага қарши хатти-ҳаракатини украин халқига нисбатан геноцид деб тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжат Россияни ҳарбий босқин чоғида "Украина халқига қарши геноцидни амалга оширган"ини қоралаб, АҚШ ва иттифоқчиларини Украина ҳукуматини дастаклашда давом этишга ҳамда "ушбу мудҳиш жиноятларда айбдор бўлганларни жавобгарликка тортишга қаратилган терговлар ўтказиш"га чақирган. Резолюция АҚШ президенти Жо Байденга "Магнитский акти" доирасида геноцидга алоқадор шахсларга қарши санкциялар жорий қилишни таклиф қилган.

Резолюцияга демократлардан Бен Кардин ва Ричард Блюменталь, республикачилардан эса Линдси Грэм ва Жим Риш каби сенаторлар муаллифлик қилишган.

"Ўз ҳаракатлари билан Путин ўз мақсади украин халқини йўқ қилиш эканини очиқ-ошкор намойиш қилди. Мен унинг Ирпень ва Киев вилоятининг бошқа жойларидаги ваҳшийликларини исботловчи далилларни шахсан кўрдим", деган Риш.

Украинадаги муҳтамал ҳарбий жиноятлар Халқаро жиноят суди томонидан тергов қилинмоқда.

Россия ўз ҳарбийларининг тинч аҳоли вакилларини ўлдирганини рад этиб келади. Қотилликлар тўғрисида маълумот тарқатганлар у ерда армияга оид фейклар тўғрисидаги модда асосида таъқиб қилинишига асос бўлиши мумкин.

Аввалроқ Россиянинг Украинага ҳарбий босқини туфайли дунёдаги бир неча мамлакат Россияни терроризм ҳомийми ёки террористик режим деб эълон қилган, бу каби резолюция Европа парламенти томонидан ҳам маъқулланган. АҚШ Конгрессига бу каби ҳужжатлар аввал ҳам бир неча бор киритилган, бироқ улардан биронтаси ҳам ҳалигача қабул қилинган эмас.

Зеленский Украинадаги уруш 2023 йилда тугаши мумкинлигини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский уруш 2023 йилда тугаши мумкинлигига умид билдирди.

“Мен украиналиклар янги йилда, аммо тинч замонда, энг таъсирли одамларга айланишига ишонаман”, деди Зеленский Politico нашрига берган интервьюсида.

Мазкур нашр украин президентини Европада йилнинг энг таъсир кўрсатган шахси сифатида эълон қилган эди.

Зеленский интервьюсида Украинага ва украиналикларга “бу оғир паллада кўмак кўрсатаётган барча дўстларга” миннатдорчилик билдирди.

Аввалроқ АҚШда чиқадиган Time журнали 2022 йилда Владимир Зеленский ва Украина руҳини “йил одами” деб эълон қилганди. Журнал президент Зеленский ва украиналикларга бағишланган репортажни ҳам чоп қилган.

Россия президенти Владимир Путин эса 7 декабрда президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолари билан ўтган учрашувда ўзи “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаётган Украинадаги уруш узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Россия томонидан Украинанинг қатор ҳудудлари аннексия қилинганини “сезиларли ютуқ” сифатида эътироф этди.

Путин “ҳарбий амалиёт” бошланишини эълон қилар экан Украина ҳудудини аннексия қилиш мақсади борлигини айтмаган эди. Украинанинг 4 вилояти аннексия қилинишини жаҳон ҳамжамияти қоралади. Украина бу ҳудудларни озод этишда давом этмоқда.

Перу президентига импичмент билдирилди ва ҳибсга олинди

Перу парламенти 7 декабрда президент Педро Кастильога импичмент эълон қилди. Маҳаллий полиция унинг ҳибсга олинганини билдирди. Президентга нисбатан ҳокимиятдан ўз манфаати учун фойдаланиш ва давлат тўнтаришига уриниш моддалари асосида жиноят иши очилди.

6 декабрда Кастильо парламентни тарқатиш ва мамлакатда фавқулодда ҳолат ҳамда комендантлик соати эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилганди. Бироқ парламент тарқалиб кетишга қарши чиқди ва президентга импичмент эълон қилди. Парламент президент қарорини давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳолади.

Кастильо парламентни тарқатганидан сўнг фавқулодда ҳукуматни ташкил этишни, навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказишни ва “Эркинликлар Буюк хартияси”ни ёзишни, яъни мамлакат Конститутциясини ўзгартиришни режалаштирган эди.

Президент лавозимини эндиликда вақтинча вице-президент Дина Болуарте бажармоқда.

"Новая газета - Европа"нинг ёзишича, Перу парламенти сўнгги 6 йил ичида бешинчи президентни истеъфога чиқармоқда. Педро Кастильо Перуни 2021 йилнинг июнидан бери бошқариб келаётганди.

Путин: Украинадаги ҳарбий амалиёт узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкин

Россия президенти Владимир Путин ўзи “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаётган Украинадаги уруш узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Россия томонидан Украинанинг қатор ҳудудлари аннексия қилинганини “сезиларли ютуқ” сифатида эътироф этди.

Путин бу ҳақда 7 декабрда президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолари билан ўтган учрашувда гапирди. Кенгаш аъзоларининг асосий қисми Кремль сиёсатини тўлиқ қўллайдиган шахслардир.

“Азов денгизи ҳам Россия Федерациясининг ички денгизига айланди”,- деган Путин рус императори Пётр I ҳам Азов денгизига чиқиш учун курашганини таъкидлади.

Путин “ҳарбий амалиёт” бошланишини эълон қилар экан Украина ҳудудини аннексия қилиш мақсади борлигини айтмаган эди. Украинанинг 4 вилояти аннексия қилинишини жаҳон ҳамжамияти қоралади. Украина бу ҳудудларни озод этишда давом этмоқда.

Путин учрашувда “махсус амалиёт” деган сўздан ташқари “уруш” деган сўзни ҳам ишлатди. Унга кўра, “урушни Украина ҳукумати 2014 йилда бошлаган”.

Россия президенти ядровий уруш таҳдиди ошиб бораётганини таъкидлар экан, Москва ядровий қурол қўлламаслигига кафолат бермади. “Биринчиси қўлламаса, демак, иккинчиси ҳам қўлламайди”, деди Путин “биринчиси” деганда Ғарбни назарда тутган ҳолда. Унга кўра, Россия ҳукумати “ҳали ақлдан озгани йўқ ва ядровий қурол билан устара каби муомала қилмоқчи эмас”.

Айни пайтда Путин Россия миллий манфаатларни дастлаб тинч йўл билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилишини, агар бу натижа бермаса “барча имкониятларни ишга солишини” айтди.

Time журнали Владимир Зеленскийни “йил одами” деб эълон қилди

Time журнали муқоваси

АҚШда чиқадиган Time журнали 2022 йилда Владимир Зеленский ва Украина руҳини “йил одами” деб эълон қилди. Журнал президент Зеленский ва украиналикларга бағишланган репортажни ҳам чоп қилган.

“Жасорат ҳам худди қўрқув каби юқумли бўлиши мумкинлигини исботлагани учун; эркинлик ҳимояси учун одамлар ва халқларни бирлаштира олиш қобилияти учун; дунёга демократия ва тинчликнинг мўрт эканини хотирлатгани учун Владимир Зеленский ва Украина руҳи Time журналининг “йил шахси” деб эълон қилинди”, дейилган нашр баёнотида.

“Украина руҳи” дер экан, журнал бу ўринда Россия агрессиясига қарши туриш рамзига айланган Украина ва бошқа мамлакатлар фуқароларини назарда тутган.

Аввалроқ Financial Times нашри ҳам Зеленскийни “йил одами” деб эълон қилган. Зеленскийга бағишланган материалда нашр Украина лидери ўз халқнинг жасорати ва матонати тимсолига айланганини қайд этган.

Олдин актёр ва шоумен бўлган Владимир Зеленский 2019 йили Украина президенти этиб сайланган эди. Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан буён Зеленский мамлакат мудофаасига раҳбарлик қилиб келмоқда. У Россия қўшинлари Киевни қуршовга олишга уринган пайтда ҳам пойтахтни тарк этган эмас.

Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин илк қатлни амалга оширишди

Иллюстратив сурат

Афғонистонда “Толибон” ҳаракати вакиллари ҳокимиятни эгаллаб олганидан буён илк қатл амалга оширилди. У ерда беш йил аввал талончилик ва қотиллик қилган эркак қатл этилди.

Қатл Ҳирот вилоятида Толибон шакллантирган ҳукуматда бош вазир ўринбосари вазифасини бажараётган Абдул Ғани Бародар, бир неча вазир ва юзлаб томошабин иштирокида амалга оширилган. Жаллод вазифасини қурбоннинг отаси бажарган – у фарзандини ўлдирган айбланувчини отган.

Ноябрь ойида “Толибон” лидери Ҳайбатуллоҳ Охундзода афғонистонлик судьяларга маҳкама жараёнларини олиб бориш ва ҳукм чиқаришда шариат қонунларига риоя қилишни буюрган эди. Бу жиноятга жазо ўлароқ омма кўзи олдида қатл этиш, тошбўрон қилиш, бошни танадан жудо этиш ва қўл-оёқларни кесиш кабилар белгиланиши мумкинлигини англатади.

Афғонистон Олий суди баёнотига кўра, ноябрь ойида турли жиноятларда айбдор деб топилган 19 киши (улардан 9 нафари аёл) омма олдида дарраланган. БМТ инсон ҳуқуқлари бошқармаси жазонинг бу каби турини кескин қоралаган ва одамларни омма кўзи олдида дарралаш амалиётини тўхтатишга чақирган.

Ўтган йил августида ҳокимият тепасига келиши ортидан “Толибон” ҳаракати 1990-йиллардагидан кўра юмшоқроқ бошқарувни йўлга қўйишга ваъда берганига қарамай, у теократик диктатура тартибига қайтмоқда.

Толиблар ҳокимиятни эгаллаб олганидан буён ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳуқуқбузарларнинг омма кўзи олдида жазоланганига оид тасвирлар пайдо бўлган – улар таёқ билан калтакланишган. “Толибон” полицияси қўлга олиш чоғида ўлдирилган жиноятчиларнинг жасадларини ҳам кўпчиликка намойиш қилиб келмоқда.

CNN: Си Цзинпин Саудияда араб лидерлари билан учрашади

Си Цзинпин

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин расмий ташриф билан Саудия Арабистонига боради, дея хабар қилди CNN телеканали.

Қайд этилишича, қирол Салман бин Абдул Азиз Ас-Сауд таклифига Саудияга кетаётган ХХР раиси у ерда 7 декабрдан 9 декабргача бўлади.

Сафар чоғида икки мамлакат раҳбарлари раислигида Саудия-Хитой саммити ўтказилади.

CNN хабарига кўра, тадбирда камида 14 та араб мамлакати лидери иштирок этади.

Телеканал суҳбатлашган арабистонлик дипломат Си Цзинпиннинг Саудия Арабистонига сафарини араб-хитой муносабатларида “муҳим босқич” деб атаган.

Аргентина вице-президенти Кристина Киршнер 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Кристина Киршнер

Аргентина вице-президенти Кристина Киршнерга коррупцияга оид иш бўйича суд қарори билан 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Киршнер ўзига қўйилган айбловни тан олмаган. Унинг тарафдорлари умуммиллий иш ташлаш таҳдиди билан Буэнос-Айрес кўчаларига чиқишган.

Суд қарорига мувофиқ, Киршнер президент бўлиб ишлаган 8 йил ичида умумий қиймати миллиард доллар бўлган 50 га яқин бюджет лойиҳаларини ўз оиласи билан тиғиз алоқада бўлган қурилиш магнати Ласаро Баэсга берган. Прокурорлар иддаосича, Баэс фирмаси бюджет пулларини ўзлаштириш учун атайин ташкил қилинган. Киршнер, Баэс ва яна ўндан зиёд судланувчи ўзаро тил бириктирганликда айбланиб, турли йилларга озодликдан маҳрум қилинишган.

Аввалроқ прокуратура Киршнер тил бириктирувга бошчилик қилганини айтиб, унга 12 йиллик қамоқ жазоси берилишини талаб қилган. Буни рад қилган судьялар собиқ президентга икки баравар кам муддатли қамоқ жазоси тайин қилишиб, унга умрбод давлат лавозимларида ишлашни тақиқлаб қўйишган. Киршнер ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, ўзини “суд мафияси” қурбони деб атаган. Бироқ кейинроқ у бошқа ҳеч қаерга ўз номзодини қўймаслигини билдирган. Киршнернинг вице-президентлик ваколатлари 2023 йилнинг 10 декабрида тугайди. Ўша пайтгача ёки истеъфога кетгунига қадар, маҳаллий қонунчиликка кўра, уни қамоққа йўллаш мумкин эмас.

Суд ҳукми чиққанидан кейин Аргентина президенти Альберто Фернандес “бугун мамлакатда айбсиз одам судланди”, деб ёзган. Киршнер тарафдорлари эса ҳукмдан норозилик изҳори ўлароқ барабан чалиб, ҳайқириқлар билан суд биносига йўл олишган ва умуммиллий иш ташлаш уюштириш билан таҳдид қилишган. Сўров натижаларига кўра, шу кунда вице-президент Киршнерни аргентиналикларнинг 38 фоизи қўллайди, 62 фоизи эса унинг истеъфога кетишини истайди.

Суд қарори устидан апелляция тартибида шикоят аризаси берилиши кутилмоқда. Апелляция суди бир неча йилга чўзилиши мумкин. Бу орада Киршнер нисбатан фарзандлари иштирокидаги пул ювишга оид айблов дохил бошқа жиноят ишлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Кристина Киршнер 2007–2015 йилларда Аргентина президенти лавозимида ишлаган. У мамлакат тарихида мазкур лавозимга тайинланган илк аёл бўлган.

АҚШ Конгресси мудофаага 848 миллиард доллар ажратмоқчи

АҚШ Конгрессининг Сенати 2023 йилги мудофаа бюджетини 847,3 миллиард доллар миқдорида белгилашга келишди. Аввалроқ Вакиллар палатаси ҳам бунча маблағ ажратилишига қарши эмаслигини билдирганди. Бу маблағнинг 800 миллион доллари Украинага ҳарбий ёрдам сифатида берилади.

Мазкур бюджет АҚШ тарихида мудофаа учун ажратилган энг катта маблағ ҳисобланади. Энди конгрессменлар ва сенаторлар ўзаро келишилган бюджет учун овоз беришлари керак. Шундан сўнг уни президент Жо Байден имзолайди.

Бюджет лойиҳасида Россияни Европага таҳдидини “тўхтатиб туришга” 6 миллиард доллар ажратилиши ҳам назарда тутилган. Ҳужжатга асосан Вашингтон Москва билан ҳарбий ҳамкорликни яна беш йилга тақиқлайди, шунингдек, Россиянинг халқаро ташкилотлардан, жумладан, G20 дан чиқарилишига ҳаракат қилади.

Бундан ташқари лойиҳада “Россия билан олтин транзакцияларида онгли равишда сезиларли даражада иштирок этган”ларга нисбатан иккиламчи санкцияларни жорий этиш ҳам қайд этилган.

2021 йилда АҚШ мудофаа бюджети 740,5 миллиард доллар (мамлакат ЯИМнинг тақрибан 3,5 фоизи)га етган эди.

Латвия “Дождь” телеканали лицензиясини бекор қилди

Латвия Электрон ахборот воситалари миллий кенгаши (NEPLP) “Дождь” телеканали лицензиясини бекор қилди. Бу ҳақда кенгаш раиси Иварс Аболиньш тивттер саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, лицензия “миллий хавфсизликка ва жамоат тартибига таҳдид туғилгани” ортидан бекор қилинган. Телеканал кўрсатувларини эфирга узатиш 8 декабрдан тўхтатилади. Бундан ташқари Латвия ҳудудида телеканалнинг ютубдаги программаларини кўрсатиш ҳам тақиқланади.

2 декабрь куни кенгаш телеканални Қримни Россия таркиби сифатида кўрсатган харитани намойиш қилгани ва бошловчи Россия армиясини “бизнинг армия” деб айтгани учун 10 минг евро жаримага тортган эди.

Кейинроқ телеканал бошловчи Алексей Коростелевни ишдан бўшатган. “Дождь” бош муҳаррири Тихон Дзядко телеканал “Россия армиясини ёритишга кўмак бериш билан шуғулланмаган, шуғулланмаяпти ва шуғулланмайди ҳам”, деб баёнот берганди.

“Дождь” телеканали 2010 йилда Россияда фаолият кўрсата бошлаган эди. Тез орада ижтимоий-сиёсий кўрсатувлари билан оммалашган телеканални Россия кабел ва сунъий йўлдош каналлари орқали намойиш этишни тақиқлади. 2017 йилда телеканал Украинада ҳам блокланди. 2021 йилда у Россияда “хориж агенти” рўйхатига киритилди.

2021 йилнинг 1 мартида Россия Бош прокуратураси “Дождь” телеканалини блокировка қилишни талаб этди. “Дождь” 6 июнь куни Латвиядан лицензия олган эди.

Қирол Карл IIIга тухум отган шахс ҳибс қилинди

Британиянинг Лутон шаҳрида сайр қилаётган қирол Карл IIIга тухум отган шахс ушланди ва ҳибс қилинди. Полициянинг билдиришича, воқеа 6 декабрь куни бўлган. Қирол шаҳар майдонида жамоатчилик билан учрашаётган пайтда унга қарата 20 ёшли йигит тухум отган.

Тухум қиролга тегмай ерга тушган бўлсада, тансоқчилар Карл IIIни воқеа жойидан зудликда олиб кетишган. Орадан бир оз ўтгач, қирол яна майдонга чиқиб, аҳоли билан учрашишда давом этган. Би-би-сининг ёзишича, кўпчилик қиролга тухум отилганини ҳам сезмаган.

Бундан бир неча ҳафта олдин Йорк шаҳрида ҳам аҳоли билан учрашаётган Карл IIIга тухум отилган эди. Ўшанда бу воқеада гумонланиб 23 ёшли талаба ушланган.

Хабарда айтилишича, тухум отиш воқеасини ҳисобга олмаганда, қиролнинг аҳоли билан учрашуви жуда самимий руҳда ўтган.

Блинкен: АҚШ Россияга қарши ҳужумларни қўллаб-қувватламайди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага Россия агрессиясига қарши курашда имконияти борича ёрдам кўрсатади, бироқ Россиянинг ҳудудларига ҳужум қилинишини қўлламайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 декабрда маълум қилди.

Блинкен Россиянинг Саратов, Рязан ва Курскдаги авиабазаларига дронлар билан ҳужум қилинишида Киевнинг қўли борлиги тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан мана шундай баёнот берди. Киевнинг ўзи бу ҳужумларга алоқадор эканлигини тасдиқлаган эмас.

“Биз украиналикларга Россия ҳудудларига ҳужум қилиш учун шароит яратиб берганимиз ёки уларни бу ишга рағбатлантирганимиз йўқ. Бироқ Россия агрессияси ортидан украиналиклар ҳар куни оғир аҳволда қолаётганини ҳам тушунишимиз лозим”, - деди Блинкен.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Украинага олис масофаларга отилувчи ракета комлексларини етказиб бермаслигини билдирган эди.

6 декабрда Россиянинг Курск вилоятидаги, 5 декабрда эса Саратов ва Рязандаги аэродромларга дронлардан ҳужум қилинган эди. Бунинг ортидан Курскдаги нефть тўпловчи омборхона ёнгани, Саратов ва Рязанда бир неча ҳарбий самолётларга жиддий бўлмаган зарар етказилгани хабар қилинган. Россия ҳужумларда Украинани айблади. Украина бу борада расмий муносабат билдирмади.

Трампга мансуб компания ноқонуний солиқ схемасини амалга оширганликда айбдор топилди

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга мансуб Trump Organization компанияси 15 йилдан бери солиқларни яширганликда ва бу борада ноқонуний схемани ишлаб чиққанликда айбдор деб топилди. Суд 6 декабрь куни чиқарган қарор 13 январь куни расман эълон қилиниши билдирилди.

Меҳмонхона, гольф майдонлари каби йирик кўчмас мулкларни бошқарадиган Trump Organization суд ҳукми билан 1,6 миллион доллар жаримага тортилди. Трампнинг шахсан ўзига ҳеч қандай айблов билдирилмади.

Трамп АҚШда ўтадиган кейинги президентлик сайловида иштирок этишини билдирган эди. Суднинг бу ҳукми унга ўз номзодини кўрсатиш пайтида қатор юридик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Иқтисодчилар суд томонидан белгиланган 1,6 миллион жарима компания учун унча катта маблағ эмаслигини, аммо келажакда бизнес фаолиятини давом эттириш мураккаб бўлишини айтмоқдалар.

Миллиардер Дональд Трамп 2017 йилнинг 20 январидан 2021 йилнинг 20 январигача АҚШ президенти бўлган. АҚШ президентлигига кейинги сайлов 2024 йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтади.

Украина ва Россия 60 га 60 формуласи бўйича асир алмашди

Россиядан уйига қайтган украиналик асирлар (Андрей Ермак телеграм-каналидан олинган фотосурат), 2022 йил 6 декабри

Украина президенти офисининг раҳбари Андрей Ермак асирга тушган аскарлар Украина Қуролли кучлари куни ватанига қайтганига эътибор қаратди.

Ермакка кўра, Россия 15 нафар зобит ҳамда 45 нафар оддий аскар ва сержантни қайтарган. Улар орасида 34 нафари Мариуполь мудофаасида, жумладан 14 нафари “Азовсталь” заводи мудофаасида қатнашган.

Россия Мудофаа вазирлиги россиялик асирлардан 60 нафари уйга қайтганини тасдиқлади. Вазирлик иддаосича, уларга “асоратда ўлим хавф солаётган эди”. Россияликлар муолажа ва реабилитациядан ўтиш учун Москвага етказилган.

Россия ва Украина март ойидан буён мунтазам равишда асир алмашиб келмоқда. Шу кунгача икки мамлакат ўртасида мингга яқин асир алмашилган. Ноябрь ойидан бошлаб асир алмашиш тез-тез кузатилмоқда.

Россия суди “Весна” ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топди

Петербургда мобилизацияга қарши норозилик намойишидан иштирокчиларнинг тутиб кетилиши (мазкур акция шу йилнинг 24 сентябрида “Весна” ҳаракати томонидан уюштирилган эди)

Петербургдаги суд “Весна” ёшлар ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг Север.Реалии нашри “Первий отдел” ҳуқуқбонлик лойиҳаси ҳуқуқшуносларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Прокуратура иддаосича, “Весна” ҳаракати фаолияти “Россия Федерацияси конституциявий тузуми асослари ва жамоатчилик хавфсизлигига путур етказишга қаратилган”, ҳаракатнинг ўзи эса “мамлакатда барқарорликни бузиш учун шарт-шароит яратмоқда” ва “ҳокимият алмашиши зарурлиги тўғрисида жамоатчилик фикри”ни шакллантирмоқда.

Айни пайтда, ҳуқуқшунослар қайдича, даъво аризаси матнини ҳаракат фаоллари ҳам кўрган эмас: ҳужжатда “махфий” деган белги турибди, суд жараёни эса жамоатчилик ва журналистларга ёпиқ тарзда ўтказилган.

“Весна” ёшлар ҳаракатига 2013 йили Петербургда асос солинган, кейин эса у Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам пайдо бўлган. Украина уруши бошидан бери ҳаракат фаоллари урушга қарши намойишларда актив иштирок этиб келаётган эдилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG