Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:03

Порталга арз қилганлар ўзларига нисбатан таъқиб бошланганини айтмоқда


Сариосиё пахта тозалаш корхонаси
Сариосиё пахта тозалаш корхонаси

Cурхондарё вилояти Сариосиё пахта тозалаш корхонаси ўз ишчиларига маошни тўлиқ бермаëтгани ҳақида президент виртуал қабулхонасига шикоят қилганлар таъқибга учрамоқда. Бу ҳақда Озодликка гапирган корхона ишчилари¸ ўзларига "порталчи" деган ном қўйилиб¸ бошқарувдагилар томонидан салбий муносабат кўрсатилаëтганини иддао қилмоқда. Озодлик бошланган корхона директори шикоятчи ишчиларга таъқиб бўлаётганини ҳам¸ маошдаги узилишларни ҳам инкор қилишга уринди.

Порталга арз қилган Сариосиё пахта тозалаш корхонаси ишчилари таъқибга учрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Маошни ўз вақтида ололмаётгани ҳақида Озодликка шикоят Сариосиё пахта тозалаш акциядорлик жамиятининг бир гуруҳ ишчилари иддаосича, бу ҳақда порталга арз қилганларга нисбатан таъқиб бошланган.

“Бизда бир-икки киши бу ҳақда порталга ёзди. Текшириш бўлиб, ўша одамларнинг маошларини тўлиқ беришдию, аммо уларга ишлаш қийин бўлиб қолди. Бу одамларни "порталчи" деб, ишга 5 минут кеч қолса ҳам дарров рўйхатга қўйишаяпти, ҳар бир қадамини, ишини кузатиб юришибди. Буни қаранг, иш ҳақини ўша одамларга ундириб беришдию, лекин бунга айбдор раҳбарлар жазоланмай қолди. Аксинча, таъқиб кучайди. Буни кўрган бошқа ишчилар ҳам порталга шикоят қилмай қўйишди. Чунки одамлар ишидан ажраб қолишдан қўрқади”, деди ишчилардан бири.

Корхона раҳбарияти томонидан таъқиб бўлишидан хавотир билдириб, Озодликка арз қилган ишчилар исм-шарифи сир сақланишини сўради.

“Биз Сариосиё пахта тозалаш корхонасида ишлаймиз. Иш ҳақимизни вақтида ололмаяпмиз. Корхона раҳбари билан бош ҳисобчи ўзига яқин одамларга маошларини ортиғи билан беради, биз оддий ишчиларга эса ҳар ой ўлмай тур дегандай 100-300 минг сўм беради. Ҳозирги замонда оилали одам 300 минг сўм билан яшай оладими? Ишчиларнинг 3-4 миллион сўмилик маошлари тўпланиб қолган. Лекин биз талаб қилсак, пул келса бераман деб, алдаб келаяпти”, дейилади ишчилар ёзган мактубда.

Озодлик боғланган ишчилардан бирининг айтишича, икки ойдан буён уларга маошнинг тўртдан бир қисми берилмоқда¸ холос.

“Биз тепадан қанча пул тушаётганини билмаймиз. Лекин сўнгги икки ойда бир марта 100-200 минг сўмдан иш ҳақи олдик, холос. Бунга қандай тирикчилик қилса бўлади? Сурхондарё трестидан вакиллар келганда биз уларга муаммомизни айтсак, биз сизларга маошларни расчет қилиб бўлганмиз, деб кетишди”, дейди ишчи.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Сариосиё пахта тозалаш акциядорлик жамияти раиси Ботир Мирзаев шикоят қилган ишчиларнинг исм-фамилиясини айтишни қайта-қайта талаб қилди.

Бу талаби қондирилмагач, директор шикоятдаги иддаоларини ялписига инкор қилди:

- Уларнинг фамилиясини айтинг, агар шундай бўлган бўлса¸ мен иш ҳақларини ташлаб бераман. Исмларини билсам¸ бухгалтерияга тушаман, агар иш ҳақи қолиб кетган бўлса¸ айбдорлар жазосини олади. Ким экан бу ифлос, унинг иш ҳақини еб кетадиган? Директор бўлса чўнтагидан тўлайди, бухгалтер бўлса у тўлайди. Иш ҳақи берилмаслиги мумкин эмас. Ҳозир иш ҳақи компьютер тизимида берилаяпти. Агар биз томондан битта-яримта хато мен ёки бухалтеримнинг эътиборсизлиги оқибатида бўлган бўлса, бирор киши қолиб кетган бўлса, уни тезда назоратга оламиз, деди Ботир Мирзаев.

Ботир Мирзаев порталга арз қилган ишчиларга нисбатан таъқиб бўлаётганини ҳам инкор қилди:

- Шикоятчиларнинг номини билсам мен учун ҳам яхшида. Балки мен ҳам хатоларимни ўрганарман. Лекин, ҳеч қандай таъқиб-мақиб бўлгани йўқ, деди Сариосиё пахта тозалаш акциядорлик жамияти раиси Ботир Мирзаев.

Сариосиё пахта тозалаш акциядорлик жамиятида қарийб 400 киши ишлайди.

Ишчиларнинг айтишларича, оддий ишчилар қарийб ҳаммасининг икки ойлик маоши қисман берилган.

Корхона ишчилари ўртача иш ҳақининг 600-700 минг сўм эканлигини айтади.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, шу йилнинг сентябрь ойи ҳолатига биноан республикада ўртача ойлик даромад 1 млн 346 минг сўмни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG