Линклар

Поездда пахта тергани жўнатилган ҳашарчилар кира қилиб уйларига қайтмоқда

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Андижондан поездда жўнатилган ҳашарчилар ўзлари кира қилиб қайтишга мажбур бўляпти

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг буйруғи билан Тошкент, Сирдарё вилоятларига поездда жўнатилган минглаб ҳашарчилар, пахтани териб бўлгач, ўз ёнларидан харажат қилиб уйга қайтишга мажбур бўляпти. Вилоят ҳокимлиги маҳалла раисларига ўзлари жўнатган ҳашарчиларни ўзлари пул топиб қайтариб олиб келиш топшириғини берган. Маҳалла раислари эса, уйма-уй юриб, ҳашарчиларни олиб келиш учун “кўнгилдан чиқариб” пул беришни сўраяпти.

“Эшаги лойдан ўтган ҳоким ҳашарчиларни унутди”

Андижон вилоят ҳокимлиги бундан икки ҳафта аввал Тошкент ва Сирдарё вилоятига пахта теримига поездда жўнатилган ҳашарчиларни қайтариб олиб келишни маҳалла раислари зиммасига юклади.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган Андижон шаҳридаги маҳалла раисларидан бирининг айтишича, ҳокимлик “пахтани териб бўлгандан сўнг, яна ўзимиз сизларни поездда текин олиб келамиз”, деган ваъдасини бажармаган:

“Ўзбекларда “ишим битди, эшагим лойдан ўтди”, деган мақол бор. Бизларга ҳашарчи топиб бер, дейишганди. Топиб бердик, ўзимизнинг ёнимиздан пул тўлаб уларни поездга солиб пахтага жўнатдик. Энди, эса уларни олиб келиш ҳам бизнинг бўйнимизга қўйилибди. Бошқа нима ҳам қилардик, фаолларимизни маҳаллага чиқардик, одамларимиз кўнглидан чиқариб пул беряпти. Машинаси борларга илтимос қилиб, газ ва бензин пулини бериб, ўша бечораларни олиб келинг, деб жўнатяпмиз”, дейди маҳалла раиси.

“Ўн беш кун каторга шароитида пахта тердик”

Тошкент вилоятининг Пскент туманида пахта терган андижонлик ҳашарчилардан бирининг айтишича, улар ҳеч қачон бундай оғир шароитда пахта термаган:

“Поезддан тушганимиздан сўнг Пскент туманига олиб келишди. Биринчи кўрганимиз фермернинг солинган қовоғи бўлди. “Сенларга кўзим учиб тургани йўқ, эди. Нега келдиларинг, менга ортиқча ташвиш бўлди”, деди. Ётар жойимиздан 5-6 километр йўл босиб, пиёда пахта майдонига бориб келардик. Озиқ-овқатнинг ҳам мазаси йўқ. Шунча кун терган пахтамизнинг пулини ҳам беришмади, штабдагиларнинг ўзлари ҳал қиворди, шекилли. Ўн беш кунда қорайиб, кир босиб, чарчаб, касал бўлиб уйимизга кириб келдик. Яхшиям маҳалладан машина келиб олиб кетди, бўлмаса поезд кутиб ётаверар эканмиз”, дейди ҳашарчилардан бири.

“Йўлда паспортинг йўқ деб, анча сарсон қилишди”

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир андижонлик ҳашарчи Ангрен шаҳридан чиқишдаги милиция постида уларни уч соат ушлаб қолишганини айтди:

Пахтадан қутулганимизга шукр қилиб, 31 октябрь куни такси кира қилиб машинада қайтаётгандик. Ангрендан чиқиш постида милиция ходимлари паспорт сўради. Бизни поездга чиқаришганда ҳеч ким паспортингни ол деб айтмаган. Тўрталамиз ҳам паспортсиз эдик. Машинадан тушириб олиб, роса савол-сўроқ қилишди. “Ахир биз президентни топшириғи билан пахтага юборилган ҳашарчилармиз, мана уст-бошимизга, қорайиб кетган қўлларимизга қаранг”, десак ҳам унамасдан роса қийнади. Зўрға уч соатдан кейин қўйиб юборишди”, деди ҳашарчи.

“Одамлар ҳали ҳам поездни кутяпти”

Балиқчи туманидаги исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, ҳашарга кетган маҳалладошлар уларни олиб кетиш учун транспорт юборишни сўраган:

“Балиқчи туманида маҳалла раисларига пахтага одам йиғиб бериш топширилганди. Теримчиларни поездда Тошкент вилоятининг Бўка туманига юборишди. Менга пахта теришга кетганлар қўнғирок қилишди. Уйга қайтиш муаммо бўлаётган экан. Баъзилар ўз ҳисобидан машина ёллаб қайтишияпти. Кўплари рахбарлар ваъда қилган поездни кутиб ётишибди экан”, деди маҳалла фаоли.

Озодлик ҳашарчиларнинг қайтиши нега ўз ҳолига ташлаб қўйилганига муносабат олиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги билан боғланди.

Ўзини таништирмаган мулозим, бу ҳақдаги тафсилотлар ва саволимизни эшитиб бўлгандан сўнг, индамай алоқани узиб қўйди.

Андижон вилоятидан ўқитувчи ва шифокорлар дохил ўн мингдан зиёд одам махсус поездларда ўтган ойнинг 7 октябридан бошлаб Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Бўка, Чиноз туманларига пахта теримига сафарбар этилган эди. Теримчилар сўнгги беш кун давомида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг поездларида Тошкент вилоятига ташилган.

Бундан аввал Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидан ҳам ўн минглаб ҳашарчилар поездларда пахта теримига сафарбар этилган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG