Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2021, Тошкент вақти: 04:42

Мирзиёев ташаббуси. Ҳокимлардан кейин Бухорода муҳтож оилаларга бизнес учун контейнер ясаб берилади


Бухорода камбағаллар учун ясалаётган контейнер уйлар - 3 март, 2021

Президент Шавкат Мирзиёев вилоят ва туман ҳокимларига кўчмас мулк нархининг ҳар бир квадрат метри учун нархни 4 миллион сўмдан оширмаслик ҳақида топшириқ берди.

3 март кунги селектор йиғилишида президент аҳолининг турар-жой ва кўчмас мулк нархларининг қимматлигидан норозилигини таъкидлади.

Ўша куниёқ Бухоро вилояти ҳокимлиги, “Темир дафтар”га киритилган ночор оилалар учун 1000 дона бизнес учун контейнерлар ясаб, имтиёзли кредит асосида тарқатилишини маълум қилди. Расмий хабарга кўра, бу таклиф Бухоро сафари пайтида президентнинг ўзидан чиққан.

Ҳокимлик берган маълумотга кўра, Божхона хизмати ёрдами билан республика бўйлаб 1000 дона юк контейнерлари йиғилади ва вилоятдаги “Бухоро таъмирлаш мехнаника” заводида тайёр бино ҳолига келтирилади.

Механика заводидан олинган маълумотга кўра, шу йилнинг 1 мартида вилоят ҳокимлиги билан эришилган шартнома асосида дастлабки контейнерлар тайёрланиб, топиширилган.

Ҳокимлик ва завод маъмурияти бу уйлар камбағал оилаларга “имтиёзли кредит” асосида 24 миллион сўмга таклиф қилинишини билдирган. Шунақа контейнерлардан мобил уй ва офис ясаб сотаётган хусусий тадбиркорларга кўра, буларнинг бозор нархи 3 минг АҚШ доллари атрофида.



Механика заводи Хитой контейнеридан бино ясайди

Бухоро вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийсига кўра, камбағал аҳолига бизнес учун контейнер қурилмалар ясаб бериш таклифи президент Шавкат Мирзиёевга оид.

“Президентимиз вилоятга келганларида, шунақа таклиф билан чиқдилар, “Темир дафтар”га киритилган оилаларга шунақа арзон, мобил қурилмалар ясаш таклифи. “Ремонт механика заводи” бор бизда, биласиз, шу завод обшивка қилиб, эшик-ром ўрнатиб, тайёр қилиб беряпти. Ҳокимият “Темир дафтар” бўйича тарқатади, ҳали тарқатиш бошлангани йўқ. Тезда бошланади”, - деди ҳокимият вакили.

Бухоро вилоятининг “Бухоро таъмирлаш мехнаника” заводи маркетинг бўлимидан олинган маълумотга кўра, ҳокимият буюртмаси асосидаги шартнома шу йилнинг 1 март куни имзоланган ва 1000 дона мобил қурилмани етказиб беришга келишилган.

Бухорода камбағаллар учун ясалаётган контейнер уйлар, 3 март, 2021
Бухорода камбағаллар учун ясалаётган контейнер уйлар, 3 март, 2021

“Контейнерларни ҳокимият етказиб беради, унинг деворларига ички-ташқи қоплама ва иситувчи қопламаларни қўямиз. Эшик-ром қўямиз, кондиционер ўрнатамиз ва қулфи билан ҳокимиятга етказиб берамиз, нархи ва тарқатилиши ҳаммаси ҳокимият зиммасида бўлади”, -деди завод маъмурияти вакили.

Завод маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, металл контейнерни кичик офисга айлантириш учун зарур буюмлар, жумладан, кондиционер ва эшик-ромлар ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга оид бўлишига келишилган.

“Эшик ва ромлар металлдан бўлади, ойнаги Akfa, кондиционери ҳам ўзимизники бўлади”, - деди завод маъмурияти Маркетинг бўлими вакили.

Расмий маълумотга кўра, улар ташқи кўринишидан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовникига ўхшаш бўлади - узунлиги 12 метр, эни 2 ярим метр, баландиги 2 ярим метр. Улар хизмат кўрсатиш соҳаси - сартарошхона, устахона, кичик савдо дўкони ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган.

Механика заводи расмийсидан олинган маълумотга кўра, булар Ўзбекистонга Хитойдан келтирилаётган контейнерлардир:

“Ҳокимият бу контейнерларни Божхона орқали йиғиб, бизга етказиб беради. Хитойдан юк олиб келинган контейнерлар булар”.

Нақшинкор дарвозали контейнер: Наманганда ҳокимлар учун контейнер уйлар қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00

Хусусий бизнес металл уйни 3 минг долларга сотяпти

Худди шунақа контейнерлардан мобил уй тайёрлаб, бозорга чиқараётган хусусий ширкатлардан биридан олинган маълумотга кўра, механика заводи ҳозирлаб бераётган ҳажмдаги - сантехника ва ошхона билан жиҳозланмаган металл уй ва офислар нархи тақрибан 3 минг АҚШ доллари атрофида.

Ширкати ва ўз номи ошкор қилинишини истамаган тошкентлик тадбиркорнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда металл контейнерлар ишлаб чиқарилмайди ва улар асосан, Хитойдан келтирилган контейнерлардан фойдаланади:

12 метрлик контейнер уйнинг ички кўриниши.
12 метрлик контейнер уйнинг ички кўриниши.

“Контейнер фақат Хитойники. 6 ва 12 метрлик икки хил контейнер келади. Биз юк олиб келамиз ва контейнерларни уй қилиб, сотамиз. 2 йилча бўлди бошлаганимизга. 12 метрлик контейнер уй, жиҳозларсиз 3 минг АҚШ долларига тушади. Мижозлар истаса, жиҳозлаб ҳам берамиз. Талаб йилдан йилга ўсяпти”.

Бу тадбиркорнинг айтишича, мамлакатга кириб келаётган барча юк контейнерлари Божхона томонидан махсус қайддан ўтказилади. Озодлик контейнерлар қайди ва сонига оид саволлар билан давлат Божхона хизматига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Тошкентлик тадбиркор пандемия бошланганидан бери Хитойдан келадиган контейнерлар сони кескин камайгани ва Хитойдаги бизнес ҳамкорлар ҳам уларни қайтаришни сўрай бошлаганини айтди:

12 метрлик контейнер уйнинг ички кўриниши.
12 метрлик контейнер уйнинг ички кўриниши.

“Пандемия биринчидан. Иккинчидан, Хитойда ҳам металл танқислиги кузатиляпти. Бундан ташқари, олдин бу бизнес билан ҳеч ким қизиқмаётган эди. Ҳозир энди потенциални кўришди, давлат ҳам қизиқишни бошлади, президентни ўзи гапирибди, деб ўқидим. Контейнер энди яна танқислашади, яна қимматалашади бу кетишда”, - деди мобил уй ясаб сотиш бизнесини йўлга қўя бошлаган кичик тадбиркор.

Юкчилар Хитой контейнери нархини оширяпти

Хитойдан мол келтириб сотадиган яна бир тадбиркорга кўра, контейнерларга қизиқиш ва талаб мамлакатда ҳар доим бўлган.

Аммо сўнгги 2 йилда мобил уй ва офис ясаб сотиш бизнеси бошланиши билан талаб ортган:

“Хитойдан товар олиб келинади контейнерда. Шу билан бошқа ишлатилмайди. Янги товар яна бошқа янги контейнерда келаверади. Келган контейнер Хитойга қайтариб юборилмайди, невигодно бўлади. Ўзбекистонга кириб келган контейнер ё шунақа склад, офис мақсадларида ишлатилади ёки металлчиларга сотилади. Металлчилар контейнерни майдалаб, листга айлантириб сотишади. Ундан кейин бошқа нарсалар ясалади, пичоқ, печка ва ҳоказо. Контейнер листи қалин, бақувват бўлгани учун, бозоргир ҳисобланади”.

Тадбиркорнинг айтишича, контейнерлар нархи сўнгги икки йил ичида сунъий равишда оша бошлаган. Айтишича, авваллари 500 АҚШ долларига нархланган металл конструкциянинг ўзи ҳозир 1200 АҚШ долларига кўтарилган.

“Аввал анча арзон эди бўш контейнер нархи. $500 га топиларди. Кейин уни материалидан нарсалар ясаш бошланиб, нархи қимматлади. Ҳозир контейнер нархлари 1200-1300 долларгача чиққан”, - дейди тадбиркор.

Контейнернинг бозори чаққонлашди

Озодлик гаплашган тошкентлик контейнерчи усталарнинг айтишича, кейинги пайтларда контейнерлардан қилинган мобил уй, кичик офис ёки дўконларга эҳтиёж тобора ортмоқда, шу боис бунақа уйчаларнинг нархи ошиб бораётир.

Интернет тармоқларида эса, бу каби мобил уйларнинг бозори чаққонлашганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон ва дунёда оммалашган OLX онлайн олди-сотди дўконида жисмоний ва юридик шахслар томонидан жойланган ўнлаб эълонлар бор. Металл мобил уйлар нархи 1200 АҚШ долларидан 5 минггача.

Фейсбук ва Инстаграм ижтимоий тармоқларида эса, контейнер уй ва кичик ўлчамдаги мобил офисларни сотаётган MobileHomeUz саҳифаси кўзга ташланади.

Хусусан, Фейсбук тармоғидаги эълонда, бу саҳифанинг LDM Service ширкатига тегишли экани ва жумладан, ширкат ишлаган металл офис Олмалиқ кон-металлургия комбинатига, кичиккина қаҳвахона эса, Тошкент кўчаларидан бирига ўрнатилгани тилга олинган.

Интернет тармоқларида ушбу ширкатга тегишли мобил уй, деб қўйилган контейнерларда Akfa ширкати чиқарган эшик-ром ва маҳаллий ишлаб чиқарувчига тегишли сантехник жиҳозларни кўриш мумкин.

Контейнероманияни президент Мирзиёев бошлаб берган

Озодлик 1 март куни Олот туманига борган Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов “Давлатбой” маҳалласидаги вагонга жойлашгани, Наманганнинг “Бунёдкор” маҳалласида эса, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб контейнер уй қурилгани ҳақида хабар қилган эди.

Бу уйлар президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона ва Наманган вилоятларига ўтган 2 ой ичида қилган сафарлари пайтида, кутилмаганда ночор маҳаллаларни оралай бошлагани ортидан пайдо бўлди.

Наманган вилоятининг "Бунёдкор" маҳалласида бўлган президент йиллар давомида электр, табиий газ ва тоза ичимлик суви билан таъминланмаган қишлоқдаги аҳвол учун вилоят расмийларига танбеҳ берди.

Шундан сўнг Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб ночор маҳалла марказида контейнер уй қурилди. Ўша кезда бу вилоят ҳокимининг ташаббуси сифатида тақдим қилинганди.

Аммо 3 мартга келиб, Бухоро вилояти ҳокимлиги тарқатган расмий баёнотда айтилишича, бу ташаббуснинг асл эгаси президент Шавкат Мирзиёев бўлиб чиқди.

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил Бухоро вилоятига ташрифи чоғида вилоятда темир дафтарга кирган шахсларни иш ўринлари билан таъминлаш, уларни маиший хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб қилиш мақсадида бўшаган юк контейнерларидан самарали фойдаланиб, замонавий кўринишда жиҳозлаган ҳолда, аҳоли пунктларида ўрнатиш чораларини кўриш топшириғи берилганди", - дейилади расмий баёнотда.

XS
SM
MD
LG