Линклар

Шошилинч хабар
09 май 2024, Тошкент вақти: 22:32

OzodDayjest: Депутат олийгоҳларда шартнома пулини кескин камайтиришни таклиф этмоқда


Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университетида ўқиш учун талабалар кейинги ўқув йилида қарийб 30 млн сўм тўлашлари керак бўлади.
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университетида ўқиш учун талабалар кейинги ўқув йилида қарийб 30 млн сўм тўлашлари керак бўлади.

Фарғонада дала ишлари билан боғлиқ қонунбузарликлар қайд этилди. Ўзбек депутати ОТМда контракт пулини камайтириш таклифи билан чиқди. Наманганда велосипедли миршаблар пайдо бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________

Фарғона вилоятида чигит экиш ишларида сохтагарчиликлар аниқланди

Фарғона вилоятида чигит экиш ишларининг бориши тўғрисидаги ҳисоботларда воқеликни бузиб кўрсатиш ва қўшиб ёзиш ҳолатлари фош этилди (“Ҳуқуқ”, 19 апрель). Бу ҳақда Бош прокуратура вакили Шавкат Раҳимов маълум қилган. Масалан, 425 гектар ер майдонига чигит экилгани тўғрисида ёлғон ҳисобот берилган. Шунингдек, вилоятдаги 1721 гектар майдонда минерал ўғит билан 2-озиқлантириш ўтказилмагани аниқланган. 2434 гектар ер майдони эса қолоқ дея баҳоланиб, мазкур ерларни қолоқликдан чиқариш белгиланган. Вилоятда пахта ва бошоқли дон етиштиришга дахлдор бошқа қонун бузилиши ҳолатлари ҳам қайд этилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатилган.

Олий Мажлис депутати: Ота-оналарга қийинчилик туғдираётгани сабаб ўқиш учун контракт пулини камайтириш керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров олий таълим муассасаларидаги контракт пулини камайтиришни таклиф қилмоқда (“Оила ва жамият”, 18 апрель). Депутатга кўра, ҳар йили юзлаб ёшлар контракт пулини тўлолмагани сабаб талабалар сафидан четлаштирилади, яна минглаб оилалар шартнома тўловини тўлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу боис таътил ойларида стипендия тўламаслик ва бошқа ўзгартиришлар ҳисобига шартнома пулини камайтириш лозим, деб ҳисобламоқда депутат. Қайд этилишича, шу йўл билан шартнома пулини 1,6 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмгача кескин камайтириш имкони мавжуд. Айни пайтда Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига қабул квотасининг 30 фоизини давлат гранти ташкил қилади. Квотанинг қолган 70 фоизи шартномага тўғри келади.

Наманганда велосипедда ҳаракатланувчи ички ишлар ходимлари пайдо бўлди

Наманган шаҳрида велосипедда ҳаракатланувчи ички ишлар ходимлари пайдо бўлди. Бу борада махсус тайёргарликдан ходимлар махсус сумка, аптечка ва жой харитаси билан таъминланган (“Постда”, 14 апрель). Велопатруллар шаҳарда жамоат тартибини назорат қилади. “Автотранспорт воситалари кириши тақиқланган жойларда, яъни хиёбон ва бозорларда велосипедларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жуда қулай” деган Наманган ИИБ вакили, подполковник Хайрулла Салимов. Қайд этилишича, велопатрул хизмати нарядлари томонидан 10 кун ичида 134 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. ИИВ нашрига кўра, 20 йил аввал Наманган ички ишлар бошқармаси мамлакатда илк бор отлиқ отряд ҳам ташкил этган.

XS
SM
MD
LG