Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 03:16

Ўзбекистонда 2017 йили чақалоқларнинг 10 фоизи никоҳсиз туғилгани маълум бўлди


Тошкентдаги олий ўқув юртларига ўқишга киритиш учун 15 минг долларгача пора талаб қилинди. Данғара ҳокими журналистларнинг тумандаги вазиятни ўрганишига қаршилик қилди. Ўзбекистонда 2017 йили дунёга келган чақалоқларнинг 10 фоизи никоҳсиз туғилган, деб қайд этилган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Директордан деканга қадар: Ўзбекистон таълим тизими мансабдорлари катта миқдорда пора билан ушланди

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда таълим тизимида порахўрлик, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби 83 та жиноят иши қўзғатилди (“Халқ сўзи”, 10 июль). Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беради. Жиноятда гумонланиб қўлга олинганлар орасида мактаб директоридан тортиб факультет деканига қадар – катта-кичик мансабдорлар бор. Масалан, Юнусобод туманидаги 247-умумтаълим мактаби директори С.Туламетова фуқаро С.Алмасовадан фарзандини 1-синфга ўқишга қабул қилиш эвазига 500 минг сўм пора олаётган вақтида қўлга олинган. Қорақалпоқ давлат университети Ўзбек филологияси факультетининг декани Х.Абдуллаев эса фуқаро Нуримбетовадан ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4500 АҚШ доллари сўраган. Декан поранинг бир қисмини олаётган пайтда ушланган.

Шунингдек, бир гуруҳ шахслар Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат техника университети ва Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 8 мингдан15 минг долларгача пул олаётганда қўлга туширилган.

Данғара ҳокими журналистларнинг тумандаги вазиятни ўрганишига қаршилик қилди

Фарғона вилояти Данғара тумани ҳокими “Жамият” газетаси мухбирларининг фаолиятига тўсқинлик қилди. Мухбирлар ижтимоий вазиятни ўрганиш учун тумандаги маҳаллаларни айланиб чиқишни мақсад қилган. Аммо туман раҳбари журналистларга қўполлик қилиб, вазиятни ўрганишларига қаршилик қилган. Ҳолбуки, туманда ижтимоий муаммолар кўп экани қайд этилган. “Данғара ҳокимининг тўпиғига сув чиқмаса, бошқалардан натижа кутиш қийин”, деб ёзади газета. Ҳокимнинг журналистларга фаолиятига тўсқинлик қилгани юзасидан бирор чора кўрилгани маълум эмас.

Ўзбекистонда 2017 йили дунёга келган чақалоқларнинг 10 фоизи никоҳсиз туғилган, дея қайд этилди

2017 йили Ўзбекистонда 19 мингдан зиёд ёлғиз она ва 60 мингга яқин оталикни белгилаш қайд қилинган. Бу эса жами туғилишларнинг 10 фоизини ташкил этади (“Даракчи”, 12 июль). Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқуловга кўра, ана шу 10 фоиз чақалоқлар ота-онаси номаълум бўлган шахслар ёки никоҳсиз туғилган, деб расмийлаштирилган. Қайд этилишича, мамлакатда ажралишлар сони йилдан-йилга ошмоқда. 2016 йили 18647 та ажралиш қайд этилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 31390 тага етган. Бу эса ўтган йили қурилган ҳар 100 та оиладан 11 таси ажрим билан якунланди деганидир. Ажралишларнинг 67,4 фоизига ўзаро келишмовчилик, 2,8 фоизига хиёнат, 4,7 фоизига фарзандсизлик, 3,8 фоизига томонлардан бирининг бошқа давлатга чиқиб кетгани сабаб бўлган.

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG