Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:56

OzodDayjest: Томдилик қоракўлчилар овулини ташлаб, Қозоғистонга кўчмоқда


Томдилик чорвадорлар бир пайтлар қоракўлчилик билан шуҳрат қозонганди.
Томдилик чорвадорлар бир пайтлар қоракўлчилик билан шуҳрат қозонганди.

Ўзбек сенатори сансалорликка йўл қўяётган мансабдорлар фаолиятини танқид қилди. Навоий вилоятидаги ўнлаб овул бойўғли маконига айланди. Фарғона политехника институти декани 7000 доллар пора билан ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Cенатор: Мансабдорлар депутатлар сўровини кўриб чиқишда сансалорлик қилмоқда

Мансабдор шахслар томонидан депутат сўровларини кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйилмоқда, депутат сўрови бўйича аксар ҳолларда юзаки жавоб берилмоқда (“Халқ сўзи”, 19 июль). Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Муҳаммаджон Мақсудовга кўра, вилоят, шаҳар, туман Кенгашларида у ёки бу қарор қабул қилиниши жараёнида депутатлар қизғин мунозаралар, тортишувлар қилиш ўрнига бир овоздан маъқуллаш ёки “кутиб туриш позицияси”ни афзал кўрмоқда.

“Жойлардаги депутатларимиз сўзи, талаби етарли таъсирга, кучга эга эмаслиги қатор объектив ва субъектив омиллар билан ҳам боғлиқ. Масалан, ҳозирги вақтда вилоят ва туман депутатларининг аксарияти маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари, айниқса, турли давлат тузилмалари раҳбарлари ҳисобланади. Табиий савол туғилади: депутатнинг ўзи ижро ҳокимияти вакили бўлатуриб, маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириши мумкинми? Йўқ, албатта. Чунки маҳаллий ижро органлари раҳбарлари кўзига ёмон кўриниб қолмай, деган андиша билан сайловчилар, электорат манфаатларини фаол ҳимоя қилолмайди”, дейди сенатор М. Мақсудов.

Қайд этилишича, бугунги кунда депутат ва сенаторлар мамлакатдаги сиёсий жараёнда янада фаолроқ бўлиши, иш фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиши лозим.

Томди туманидаги ўнлаб овул харобага айланди – аҳоли Қоғозистонга кетмоқда

Навоий вилояти Томди туманидаги Жабай Балиманов, Янгичорва, Керизбулоқ, Кергетов, Бирлик, Аякқудуқ сингари ҳудудларидаги ўнлаб овул харобазорга айланди (“Оила даврасида”, 20 июль). Бир пайтлар қоракўлчилик билан шуҳрат қозонган ҳудуд аҳолиси қўшни Қозоғистонга кўчиб кетмоқда. Оқибатда харобага айланган масканларни бойўғли, каламуш, сичқон, юмронқозиқ сингари зараркунандалар эгаллаб олган. Бу эса турли касалликлар тарқалиши хавфини юзага келтирган. Ушбу жиддий муаммога ҳудуд ҳокимлиги ва мутасаддилар эътибор қаратмаётир.

Фарғона политехника институтига кириш баҳоси 7000 доллар!

Фарғона политехника институти механика факультети декани 7000 доллар пора билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 20 июль). Шу факультетда котиба бўлиб ишлайдиган абитуриент қиз ўқишга кириш борасида декандан йўл-йўриқ сўраган. Исми ошкор этилмаган декан эса ўқишга киритиб қўйиш эвазига 7000 доллар пора сўраган. Абитуриент қизнинг аризасига кўра ўтказилган тезкор тадбирда декан пора устида ушланган. “Олий таълим даргоҳларига кириш учун тест синовларининг натижаларига ҳеч ким, ҳеч нарса таъсир ўтказа олмайди. Абитуриентнинг билими холисона баҳосини олади”, деб ёзади Бош прокуратура нашри.

XS
SM
MD
LG