Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:55

OzodDayjest: Халқ таълим вазири матбуот нашрларини жиловлаб олишга уринмоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Гемодиализ ускунаси бузилиши оқибатида икки бемор вафот этди. Халқ таълими вазири таълимга оид нашрларни жиловлашга уринганликда айбланмоқда. Пенсионерлар мажбурий лотерея сотиш давом этаётганидан шикоят қилаяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Халқ таълим вазири таълим нашрларини “колхозлаштириш”да айбланаяпти

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов соҳадаги муаммоларни танқид қилувчи журналистлардан кўра, нотўғри бўлса-да, айтган гапларини қўллаб-қувватловчи ҳайбаракаллачиларни афзал кўрмоқда (“XXI аср”, 17 январь). Қайд этилишича, вазир интернетда эълон қилинган салбий хабарлар ва танқидни бартараф этишнинг ҳадисини олган. Энди эса у таълимга оид нашрларни битта қўлда жамлаш ва жиловлашга уринмоқда. Айни пайтда regulation.gov.uz сайтида муҳокамага қўйилган “Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси кескин танқидларга сабаб бўлмоқда. Қарор лойиҳасида таълим йўналишидаги ўнлаб газета-журналлар вазирлик назоратида бўлиши кўзда тутилган. Бу эса матбуот нашрларининг эрки бўғилади, деган хавотирларга сабаб бўлмоқда. Халқ таълими вазирлигининг бу борадаги уринишлари “таълим нашрларини колхозлаштириш”, деб аталган.

Гемодиализ ускунаси бузилиши оқибатида икки бемор оламдан ўтди

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Қашқадарё вилояти бўлимида гемодиализ тиббий жиҳози бузилиб қолгани оғир оқибатларга олиб келди (“Даракчи”, 17 январь). Ускуна бузилиши оқибатида икки бемор вафот этган, яна бошқа касалларнинг аҳволи оғирлашмоқда. Ускуна ишдан чиққани боис вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида катта навбатлар юзага келган. Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов гемодиализ асбоблари эскирганини тан олган. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага кўра, мамлакат бўйича буйрагини гемодиализ сеанслари асосида даволатаётган 2800 дан ортиқ бемор бор. 2019 йил охирида улар сони 3500 тага етиши кутилмоқда. Вазир ўринбосарининг айтишича, муолажаларни ўтказиш учун гемодиализ ўринлари етишмайди.

Пенсионерлар мажбурий лотерея сотиш давом этаётганидан арз қилишди

Пенсия тарқатишда иш яхши ташкил этилмагани сабаб ногирон, бемор ва кексаларнинг соатлаб навбатда туриши, эркагу аёл ўзаро жанжаллашиб кетиши ҳолатлари рўй бермоқда (“Оила даврасида”, 17 январь). Бир неча йилдан буён жойларда пенсия тарқатиш “Халқ банки” томонидан амалга оширилаётир. Аммо банкнинг бу борадаги фаолияти кўпчиликни қониқтирмаяпти. Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Янгийўл кўчасида яшовчи Раҳимжон Ҳомидовга кўра, пенсияни етказиб бериш почта тармоғи зиммасида бўлган даврда бундай нохуш ҳолатлар кузатилмаган. Қолаверса, “Халқ банки” томонидан пенсионерларга турли номдаги лотереяларни мажбурий равишда сотиш ҳам давом этаётир.

XS
SM
MD
LG