Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:39

OzodDayjest: Блогер президентдан нега хиёнатчи ҳокимларни ҳадеб кечиравериши ҳақида сўрамоқчи


Президент топшириғи билан халқдан узр сўраган вилоят ҳокимлари (иллюстратив сурат).
Президент топшириғи билан халқдан узр сўраган вилоят ҳокимлари (иллюстратив сурат).

Судьялар орасида порахўрлик камаймаётгани танқид қилинди. Блогер президентдан ҳокимларни қачон халқ сайлашини сўраш ниятида. Суд-тиббий экспертиза маркази сирли тарзда вафот этган маҳкум иши бўйича босимга учради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Судьялар олий кенгаши раҳбари тизимда порахўрлик камаймаётганидан ёзғирди

Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев мамлакат судьялари орасида коррупция билан боғлиқ жиноятлар камаймаётганидан ёзғирди (“Инсон ва қонун”, 13 август). Қайд этилишича, коррупция масаласида судьялар билан йиғилишлар ўтказилган, аммо нохуш ҳолатлар камайгани йўқ. Ўтган 6 ой давомида Кенгаш томонидан 89 нафар судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатилди ва чора кўриш учун тегишли малака ҳайъатларига юборилди. 11 нафар судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди. Бош прокурор томонидан жиноят иши қўзғатилгани сабабли 2 нафар судьянинг жавобгарликка тортилишига розилик берилди.

“Сўнгги пайтларда судларда кўрилаётган ишлар сифат жиҳатдан қониқарли даражада эмас. Юқори судлар томонидан қуйи судларда кўриб чиқилган ишларнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши ҳолатлари кўп учраётгани ачинарли”, деган Судьялар олий кенгаши раиси У. Мингбоев.

Машҳур блогерлар президентни билан учрашса, ундан нимани сўраши маълум бўлди

“Агар президент билан учрашсангиз, ундан нимани сўраган бўлар эдингиз?” деган мавзуда аҳоли ўртасида сўров ўтказилди (www.togri.uz, 13 август). Сўров жараёнида респондентларни асосан ойлик камлиги ва нарх-наво ошиб бораётгани ташвишга солаётгани маълум бўлган. Сўров иштирокчиларининг асосий қисми президентга маиший ва иқтисодий муаммолар бўйича мурожаат қилиш истагини билдирган.

Ушбу масалада маҳаллий блогерлар ҳам ўз фикрини айтган. Масалан, Нурбек Алимов президентни учратиб қолса, “Нима учун сизга ва халққа хиёнат қилган ҳокимларни кечираверасиз; уларни қачон халқ сайлайди? Нима учун бизда яна олигархат пайдо бўлмоқда; бу зарарми ёки фойда?” каби саволлар беришини ёзган.

Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев эса президентдан Тошкентда прописка тартибини тезроқ бекор қилишини сўрашини айтган.

Прокуратура “зона”да вафот этган маҳкум иши бўйича суд-тиббий экспертиза идорасига босим ўтказмоқда

Бош прокуратура Навоийдаги 47-сон жазони ижро этиш муассасасида сирли тарзда вафот этган маҳкум иши юзасидан суд-тиббий экспертиза идорасига босим ўтказмоқда (www.kun.uz, 9 август). Марҳумнинг вафот этиш сабабларини аниқлаш мақсадида бир неча бор экспертиза ўтказилган. Экспертиза хулосалари эса бир-биридан фарқ қилган. Бир-бирини инкор этувчи экспертиза хулосалари боис суд томонидан экспертиза ўтказиш Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий марказига топширилган. Марказ мутахассислари ўрганишлар натижасида марҳумнинг ўлимига сепсис (қон инфекцияси) касаллиги эмас, балки жароҳат сабаб бўлганини аниқлаган. Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази бўлим мудири Шоҳсанам Ёдгоровага кўра, суд улар берган хулоса асосида марҳум тириклигида унга жароҳат етказган шахсларга суриштирув-тергов ўтказилиши учун ишни прокуратуранинг ўзига қайтарган. Бироқ прокуратура жиноятни очиш ўрнига суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказига босим ўтказмоқда. Қолаверса, бош прокуратура соғлиқни сақлаш вазирлигига экспертиза ўтказган мутахассисларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан тақдимнома киритган. “Бош прокуратура ходимлари тиббиётни шу соҳа вакилларидан-да яхшироқ тушунадими?” деб савол қўяди Kun.uz нашри.

XS
SM
MD
LG