Линклар

OzodDayjest: Ўзбекистонда ота-оналар боласини боғчага жойлаш учун йиллаб навбатда турибди

  • Озодлик

Давлат тест маркази сирдарёлик ногирон йигитнинг ҳақли талабини рад этиб келмоқда. Қашқадарёда долларфурушларга қарши кураш кучайтирилди. ИИБ мансабдори 50 минг сўм пора билан ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Депутат: Олий Мажлиснинг янги қонуни ахборот эркинлигини чекламайди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолаши ортида жамоатчилик орасида “ахборот эркинлигига яна бир чеклов жорий этилди” мазмунидаги эътирозлар пайдо бўлди (“XXI аср”, 14 сентябрь). Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга кўра, аслида қонунда ахборотни чеклашга доир талаб йўқ, у моҳиятан болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган. Қонунга мувофиқ, ахборот маҳсулоти ёшга оид таснифланиши лозим. Яъни оммавий ахборот воситалари, жумладан, интернет сайтлар, блоглар, реклама каналлари орқали узатилаётган маълумотларда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотдан ҳимоя қилиш мақсадида 0+, 7+, 12+, 16+, 18+ ёзувлари акс этиши шарт. Ёшга оид таснифни белгилашда экспертларга мурожаат қилиш кўзда тутилган. Қонун 2018 йил 9 мартидан кучга киради.

Қашқадарёда прокуратура долларфурушларга қарши курашни кучайтирди

Қашқадарё вилоятида прокуратура идораси доллар қора бозорида тезкор тадбирларни кўпайтирди (“Ҳуқуқ”, 14 сентябрь). Прокуратура ҳузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши кураш департаментига кўра, рейдларда қонунга хилоф равишда валюта айирбошлаш билан шуғулланаётган шахслар ушланмоқда. Масалан, Қарши буюм бозори олдида 10 минг АҚШ долларини сотаётган сарроф қўлга олинган. Қайд этилишича, ноқонуний валюта олди-соттисига оид кўплаб ҳолатлар фош этилган. Жорий йил 5 сентябридан Ўзбекистонда хорижий валютанинг Марказий банк белгилайдиган курси қора бозор баҳосига деярли тенглаштирилди. Конвертация жорий этилиши билан мамлакатнинг турли ҳудудларидаги қора бозорларда саррофларга қарши кураш кучайтирилгани хабар қилинмоқда.

Болани боғчага жойлаштириш университетга киргазишдек жиддий масалага айланди

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ота-оналар учун фарзандини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш олий ўқув юртига ўқишга киргазишдек жиддий масалага айланди (“Оила даврасида”, 14 сентябрь). Ота-оналар боласи боғчага жойлаштириш учун йиллаб навбат кутмоқда. Боғчага қабул қилиш эвазига пора талаб қилиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида яшовчи Дилшода Ҳайитова ушбу масалада 2016 йил октябрида Сергели туман халқ таълими бўлимига мурожаат қилган, аммо орадан бир йил ўтса-да, сўрови қаноатлантирилмаган. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 5048 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Мамлакат бўйича боғча ёшидаги болаларнинг бор-йўғи 26,5 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.

ИИБ мансабдори постда ухлаб қолган ходимдан пора талаб қилди

Тошкент шаҳри Миробод тумани ИИБ қўриқлаш бўлими отряд командири, майор Шуҳрат Абдусамадов 50 минг сўм пора билан қўлга олинди (“Постда”, 9 сентябрь). ИИБ мансабдори қўриқланаётган объектларни кўздан кечириш пайти сафдор С. Бойматов постда ухлаб қолгани устидан чиққан. Ушбу вазият юзасидан ходимга чора кўрмаслик эвазига ундан 50 минг сўм пора талаб қилган. Постда ухлаб қолган С. Бойматов эса бошлиғи тамагирлик қилаётгани ҳақида юқори раҳбариятга хабар берган. Жиноят кодексининг 210-моддаси бўйича айбланган майор Ш. Абдусамадовга дастлаб 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Мазкур кодекснинг 72-моддасига асосан тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, икки йил синов муддати белгиланган.

Давлат тест марказининг эътиборсизлиги сирдарёлик ногирон йигитнинг ҳафсаласини пир қилди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи Адҳам Жўраевнинг ҳақли талабини бир неча йилдан буён рад этиб келмоқда (“Жамият”, 8 сентябрь). 25 ёшли Адҳам Жўраев таянч ҳаракат тизимидаги жиддий нуқсонлар боис ногирон бўлиб қолган. Жисмоний имконият чекланган бўлса-да, ақли расо, зеҳни ниҳоятда ўткир. Адҳам Жўраев олти йилдан буён олий ўқув юрти имтиҳонидан ўта олмаяпти, аммо бунга унинг билимсизлиги эмас, балки жисмоний имконияти чекланган боис жавоб варақасидаги доирачаларни бадастир тўлдира олмаётгани, яъни оддий техник амалиётни бажара олмаётгани сабаб бўлмоқда. “Тест ўтказилаётганда аудиторияга бегона шахс киритилмайди. Тартиб-қоида шунақа. Буни тушунаман. Лекин тестни ўрнимга биров ишлаб берсин, деб талаб қилаётганим йўқ. Фанлардан тайёрланганман, билимимга ишонаман. Фақат доирачаларни тўлдиришимга ёрдам берилса бас. Давлат тест марказининг бу ҳолат низомда кўзда тутилмаган қабилидаги жавоби ҳафсаламни пир қилди”, дейди келажакда ҳуқуқшунос бўлиб, жисмоний имконияти чекланганлар ҳуқуқини ҳимоя қилишни кўнглига туккан Адҳам Жўраев.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG