Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:18

OzodDayjest: АЭС ўзбек халқи учун кулфат бўлиши башорат қилинди


Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида АЭС қурилиши масаласида олиб борилаётган техник иадқиқот ишлари. "Ўзатом" сайтидан олинган сурат.
Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида АЭС қурилиши масаласида олиб борилаётган техник иадқиқот ишлари. "Ўзатом" сайтидан олинган сурат.

Расмийларнинг АЭС борасидаги баёнотлари “катта ёлғон” деб баҳоланди. Самарқандда бир оиланинг беш аъзоси ўлдирилиши сабаби маълум бўлди. 7 мингга яқин санитария ходими ишсиз қолмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

____________________________________________________________

Блогер ўзбек расмийларининг АЭСга оид баёнотларини “катта ёлғон” дея баҳолади


Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилаётган АЭС мамлакатдаги энергетик таназзулни бартараф этади, деган баёнотлар катта ёлғондан бўлак нарса эмас. Бу ҳақда блогер Отабек Бакиров Телеграмдаги саҳифасида ёзади. “Энергетик таназзулни АЭС эмас, Ўзбекистонда энергетика бозорини яратиш ҳал этади. Ўзбекистон постсовет ҳудудида энергетика бозорини ярата олмаган энг қолоқ уч мамлакатдан бири ва ҳали ҳануз тақсимлаш ва ўзлаштиришга асосланган энерготизимдан фойдаланиб келмоқда. Бу йўлда қилиниши лозим бўлган икки вазифа бор: ҳар қандай янги генерацияни солиқ ва бюрократиядан озод қилиш ва мулк ҳуқуқини кафолатлаш. Очиқ бозор ва мулк ҳимояси шароитида инвесторлар пулни АЭСга эмас, яшил технологияларга асосланган генерацияга тикади”, деб ёзади муаллиф.

Блогер АЭСнинг заруриятини оқлаш учун ҳудудларда йиллар давомида электр энергиясига муҳтожликдан азоб чекаётган аҳолининг нозик ҳиссиётларидан фойдаланилаётганини ҳам қоралаган.

“АЭС қурилиши ўта шубҳали шошма-шошарлик билан, ҳеч бир танлов ва конкурссиз тоталитар ўтмиш ва бугунга эга, суверенитетимиз учун доимий хавф бўлган Россия корпорацияси “Росатом”га топширилди... Россия қурадиган АЭС – АЭС эмас, том маънода табиатимиз учун, жамиятимиз учун ҳам, давлатчилигимиз учун ҳам атом бомбасидан фарқланмайди”, деб ёзади блогер О.Бакиров.

Бир оиланинг беш аъзосини ўлдирганларга ҳукм ўқилди


Самарқанд вилояти Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшовчи оиланинг барча аъзоларини ўлдирган жиноятчиларга ҳукм ўқилди (“Ҳуқуқ”, 23 январь). 2019 йил 15 майга ўтар кечаси рўй берган ваҳший қотиллик бутун мамлакатда кучли акс садо берган эди.

Фуқаро Абдурашид Холбоев ер олиб, узум етиштирган ва узумни майиз ҳолатида сотиб тирикчилик қилган. Ушбу касб-кор ортидан яхшигина даромад қилган. Аммо А. Холбоевга ҳасад қилган қўшниси Ғолиб Ташанов уни ўлдириш ва бойликларини қўлга киритиш режасини тузган. Ғ. Ташанов уч шериги билан қўшниси уйига тунда бостириб кириб, ухлаб ётган оилабоши А. Холбоев, унинг рафиқаси ҳамда 1998, 2002 ва 2004 йилларда туғилган уч ўғлини ваҳшийларча ўлдирган. Жиноий гуруҳ ушбу хонадондан 22 миллион сўм ва 100 доллар пул олиб кетган. Маълум қилинишича, тез фурсатда қўлга олинган қотиллар – Ғ. Ташанов, Ж. Усмонов, Ш. Эсонбоев ва Ҳ. Нурмонов суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум этилган.

Ишдан бўшатилаётган 7 мингга яқин санитария ходимлари тақдиридан хавотир билдирилмоқда


Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари ходимлари оммавий равишда ишдан озод этилмоқда (www.kun.uz, 22 январь). Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга кўра, ишсиз қолаётган минглаб фуқаролар бу ҳолатдан норози бўлиб, турли ташкилотларга шикоят аризалари билан мурожаат йўлламоқда.

Қайд этилишича, президентнинг 2019 йил 9 сентябридаги фармонига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида эса Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилган. Мазкур фармонга асосан, 2020 йил 1 апрелига қадар тизимда 6736 та штат бирликлари қисқартирилиши кўзда тутилган.

Таъкидланишича, иш берувчилар меҳнат шартномаси бекор қилинаётган ходимларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, жумладан, штат қисқаргани сабабли шартнома бекор қилиниши ҳақида ходим камида 2 ой олдин ёзма огоҳлантирилиши, бошқа иш қидириш даврида ходимларнинг ўртача ойлик маоши сақлаб қолиниши лозим.

XS
SM
MD
LG