Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 07:02

OzodDayjest: Наманганда коллеж фоҳишахонага айлантирилди - тамагир нозирлар жиноятдан кўз юмди


Иллюстратив сурат.

Наманганда коллежнинг фоҳишахонага айлантирилишига кўз юмган ва тамагирлик қилган милиция нозирлари жазоланди. “Ўзсаноатқурилишбанк” раиси раҳбар отаси ва прокурор акаси ёрдамида ўзига қарши даъвода ютиб чиқди. Матбуот агентлиги вакили ҳаёсизликни тарғиб қилаётган радиоканалларни танқид қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Наманганда коллеж фоҳишахонага айлантирилди – милиция нозирлари пора эвазига жиноятни яширди

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Короскон иқтисодиёти коллежидан фоҳишахона сифатида фойдаланилган, аммо милиция нозирлари пора эвазига мазкур жиноятни ёпди-ёпди қилишга уринган (“Постда”, 7 октябрь). Уч нафар йигит коллеж қоровули билан келишиб, икки енгилтак қизни таълим масканига олиб келган. Ҳудуд милиция нозири Шуҳрат Исматуллаев бошчилигидаги гуруҳ уларни шармандали ҳолатда қўлга олган. Аммо милиция катта инспектори Икром Жўраев ва инспектор Шуҳрат Исматуллаев ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда жиноий иш очиш ва юқори раҳбариятга маълум қилиш ўрнига, икки енгилтак қизни қўйиб юборган, уч йигитга эса пора эвазига ишни ёпишни таклиф қилган. Йигитлардан бири 100 доллар эвазига жиноий иш очилишидан қутулиб қолган. Иккисидан эса 500 минг сўмдан пул талаб қилинган, аммо улар бунча пули йўқлигини айтган. Милиция инспекторлари ҳоли-жонига қўймай телефон қилавергач, икки йигит тамагирлик ҳолати ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар берган ва улар қўлга олинган. Милиция нозирлари тамагирлиги боис жазога тортилгани хабар қилинган. Таълим масканини фоҳишахонага айлантирган йигит-қизларга қандай жазо тайинлангани очиқланмаган.

“Ўзсаноатқурилишбанк”дан ноқонуний бўшатилган ходим ҳуқуқи ҳимоя қилинмади – прокурор банк раисининг акаси бўлиб чиқди

“Ўзсаноатқурилишбанк”идан 2017 йил февраль ойида ноқонуний равишда ишдан бўшатилган Давронбек Ражаповнинг даъволари қаноатлантирилмаяпти (“Жамият”, 6 октябрь). Д.Ражапов банк раҳбарияти устидан дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияга арз қилади, аммо меҳнаткашларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши керак бўлган ташкилот ватандошнинг қонуний манфаатлари оёқости бўлишига шароит яратиб беради. Кейин маълум бўлишича, Республика касаба уюшмалари раҳбари Қ.М.Рафиқов “Ўзсаноатқурилишбанк” раиси А.Қ.Мирсоатовнинг отаси экан. Шундан кейин Д.Ражапов фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилади. Суд жараёнида прокуратура вакили даъвони рад этади. Д.Ражапов бунга Юнусобод тумани прокурори Х.Қ.Мирсоатов “Ўзсаноатқурилишбанк” раисининг акаси экани сабаб бўлди, деб ҳисоблайди. Шу тариқа ватандош бузилган ҳуқуқини тиклаш учун самарасиз курашиб келмоқда.

Матбуот агентлиги: Радиоканаллар ҳаёсизликни тарғиб қилувчи қўшиқлар бергани аниқланди

Фарғона водийсида фаолият олиб борувчи “Дийдор ФМ”, Тошкент шаҳридаги “Ўзбегим таронаси”, “Орият ФМ” радиоканаллари ҳаёсизликни ташвиқ қилувчи, ёшлар одоб-ахлоқига салбий таъсир этувчи қўшиқларни эфирга узатгани аниқланди (“Ҳуррият”, 11 октябрь). Бу ҳақда Ўзбекисон Матбуот ва ахборот агентлиги Оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бош муҳаррири Жасур Ҳусанов маълум қилади. Қайд этилишича, “Пойтахт” радиоканали ҳам “Здоровая жизнь” эшиттиришида “Развод с мужем для женщины полезнее, чем брак” қабилида оилавий қадриятларга зид ахборот берган. “Кейинги вақтларда Агентликка фуқаролардан янги ташкил қилинган айрим хусусий телеканалларда ёшларнинг одоб-ахлоқига салбий таъсир кўрсатувчи, миллийликдан йироқ, мафкура ва менталитетимизга мос келмайдиган, ҳатто оила даврасида кўришга мўлжалланмаган кўрсатув ва клиплар эфирга берилаётгани ҳақида куюнчаклик билан ёзилган мурожаатлар кўпайган”, дейди агентлик вакили Жасур Ҳусанов.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG