Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:26

OzodDayjest: Россиядан қайтган муҳожир хотинини йўлдан урган дўстини ўлдирди


Иллюстратив сурат.

Наманганда ноқонуний киракашлик қилган дамасчилар устидан назоратни кучайтириш таклиф этилди. Россияда ишлаб келган эркак хотинига кўз олайтирган дўстини ўлдирди. Хонанда Даврон Ғойипов Қуръон ёдлаш армон бўлиб қолганини айтди.

_____________________________________________________________

“Виждонсиз” киракаш “Дамас”чиларни қатъий назорат қилиш таклиф этилди

Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида минглаб “Дамас” ҳайдовчилари ноқонуний киракашлик билан шуғулланмоқда (“XXI аср”, 12 октябрь). Қайд этилишича, уларнинг аксари лицензиясиз йўловчи ташимоқда, улар орасида ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаганлар ҳам бор. Ҳайдовчиларнинг малакасизлиги боис автоҳалокатлар кўпаймоқда. “Уларда, кечирасиз-у, тегишли ҳужжатларни қўйинг, одамийлик, виждон-диёнат деган туйғунинг ўзи йўқ”, деб ёзади газета. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, гавжум шаҳар-қишлоқларнинг ҳар бирида 100 тадан 300 тагача “Дамас” ҳайдовчиси киракашлик қилмоқда. Газетага кўра, “Дамас”чи ва қўлбола киракашларни тартибга солиш, хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва солиқ идоралари жабҳани қатъий назоратга олиши керак.

Фарғоналик эркак хотинини йўлдан урган дўстини ўлдирди

Фарғона вилояти туманларидан бирида яшовчи эркак рафиқасини йўлдан уриб хиёнатга бошлаган дўстини ўлдирди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Муҳсинжон Исақов маълум қилади (“Ҳуқуқ”, 12 октябрь). Исми ошкор этилмаган эркак Россияда ишлаб, оиласига пул юборган. Турмуш ўртоғи, фарзандлари билан эса телефонда гаплашиб турган. Бу орада хотинининг телефонни тез-тез ўчириб қўйиши кўнглида шубҳа уйғотган. Шу тариқа у Россиядан Фарғонага қайтиб келиб, аёлини кузата бошлаган ва у дўсти билан дон олишиб юрганини аниқлаган. Хиёнатга чидай олмаган эркак дўстини хилватга олиб бориб, темир қозиқ билан уриб ўлдирган. Айбига иқрор бўлган оила бошлиғи узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Даврон Ғойипов: Қуръон ёдлаш менга армон бўлиб қолди

Ўзбекистондаги афсонавий “Оригинал” гуруҳи асосчиси, машҳур хонанда Даврон Ғойипов саратон хасталигига чалиниб, уни енгган (“Даракчи”, 12 октябрь). Эндиликда маълум бўлишича, хонанда 2006 йилда буйрагида саратон ўсимтаси борлигидан хабар топган, сўнг даволаниш учун уйини сотган ва Украинада даволаниб, хасталикни енгган. Айни пайтда соғлиғидан шикояти йўқлигини билдирган хонанда икки армони борлигини айтган. “Бири – саккиз ёшимда китоб ўқишни бошлаганимда бирор одам қўлимга Қуръон тутқазмагани. Қуръонни ўқиб, ёд олишим аниқ эди, балки шунда ҳаётим ҳам бошқача бўлармиди... Иккинчиси, “Оригинал”да дунё миқёсига чиқиш учун ҳамма имконият бор эди, бироқ тақдир эмас экан. Бу орзуларим орзулигича қолиб кетди”, деган Даврон Ғойипов.

XS
SM
MD
LG