Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 18:14

Пластик карточкалар янги Аҳмадбойлар пайдо бўлмаслиги гаровими?


Чинозлик Аҳмадбой Турсунбоев ўзбекистонликларнинг миллионлаб маблағини ўзлаштирганликда айбланган.

Янги Аҳмадбойлар пайдо бўлмаслиги учун пластик карточка муаммосини ҳал этиш таклиф қилинмоқда. “Микрокредитбанк” мансабдори кредит маблағларини ўзлаштиргани фош қилинди. 290 та рақамни 5 дақиқада эслаб қолган ўзбекистонлик “Ноёб қобилиятли одамлар” сафидан жой олди.

________________________________________________________________

“Пластик карточка муаммоси ҳал этилмаса, яна кўплаб Аҳмадбойлар пайдо бўлади”

Пластик карточка орқали тўлов амалга ошириш муаммоси аксар ҳудудлар, хусусан, чекка туманларда тез-тез учрамоқда (“Ҳуррият”, 26 октябрь). Газетага кўра, мазкур муаммоларга ўз вақтида ечим топиш керак. “Акс ҳолда, бундай муаммолар тўпланиб-тўпланиб, яна бир қанча Аҳмадбойларни майдонга чиқаради. Аввал бошида ҳеч кимни “норизо” қилмаган бу одам, кўпчиликнинг катта-катта маблағи ҳисобига пулдан хирмон уйгани нақд пул муаммосининг чуқурлашувига ҳисса бўлиб қўшилмадими?! Ҳозир ҳам ўнлаб пластик карточкаларни йиғиштириб олиб, йигирма фоиз ушлаб қолиш эвазига нақдлаштириб бераётган устомон фоизхўрлар ҳамма бозорларда топилади”, деб ёзади газета.

“Микрокредитбанк” мансабдори кредит маблағларини ўзлаштиргани фош қилинди

“Микрокредитбанк”нинг Чироқчи филиали бошқарувчиси Маъруф Пирназаров жуда катта миқдордаги кредит маблағини ўзлаштиргани фош этилди (“Ҳуқуқ”, 27 октябрь). 31 ёшли банк бошқарувчиси мансабини суиистеъмол қилган ҳолда ўзига тегишли “Учар лочин” масъулияти чекланган жамиятига тўйхона биноси ва автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчасини таъмирлаш баҳонаси билан 300 миллион сўм кредит ажратган. Мазкур маблағнинг атиги 10 миллион сўмга яқини таъмирга ишлатилган, қолгани ўзлаштирилган. Ҳали қарз қайтарилмаган бўлса-да, М.Пирназаров яна ўз фирмасига 50 миллион сўм кредит ажратган ва уни ҳам ўзлаштирган. Қонунбузар банк расмийси тегишли тартибда жазолангани хабар қилинган.

290 та рақамни 5 дақиқада эслаб қолган ўзбекистонлик “Ноёб қобилиятли одамлар” сафида

Ўзбекистонлик Ҳусниддин Исмоилов Россиянинг “Ноёб қобилиятли одамлар” (Удивительные люди) кўрсатувида иштирок этиб, фавқулодда қувваи ҳофиза эгасини эканини исботлади (“Даракчи”, 27 октябрь). Хабарга кўра, Ҳ.Исмоилов 51 та авиайўловчининг чипталари ичидан танлаб олинган 5 та чиптадаги маълумотларни тўғри топиб, кўпчиликни ҳайратга солган. Бунга қадар у 2015 йилги Бутунжаҳон хотира чемпионатида иштирок этиб, 5 дақиқада 290 та рақамлар кетма-кетлигини эслаб қолиш орқали Халқаро хотира спорт устаси унвонига эга бўлган. Асли андижонлик Ҳ.Исмоилов мнемоника техникасини тинимсиз машқлар воситасида пухта эгаллаганини айтган.

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG