Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:45

OzodDayjest: Ўзбекистондаги сиёсий партиялар фаолияти пантомима санъатига ўхшатилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Сиёсий партиялар ўртасидаги дебатлар ҳаваскорлик даражасида ўтказилаётгани иддао қилинди. Қизил китобга киритилган қўнғир айиқ кетмон билан уриб ўлдирилгани маълум қилинди. Бухорода қўшхотинликда айбланган киши маҳкамага тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Партиялар арзон-гаров эҳтирос қўзғашда айбланди


Ўзбекистонда сиёсий партиялар ўртасидаги сайловолди дебатлар ниҳоятда паст савияда, ҳаваскорлик даражасида ўтказилмоқда, деб ҳисоблайди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов (www.sof.uz, 24 ноябрь). Партия вакилларида арзон эҳтиросни қўзғаш ҳамда популизм ниҳоятда устун. Сиёсий таҳлилчига кўра, партияларнинг сайловолди баҳслари 27 йил гапирмасдан эшитган одамнинг тўсатдан тилга кириб, омма олдида гапиришга ҳаракат қилаётганини ёдга солади.

Қайд этилишича, партияларнинг бугунги заифлиги – бевосита уларнинг эмас, авторитаризмнинг айби, лекин бундан бутун жамият ютқизмоқда.

“Ўзбекистонда партиялар қурилиши жуда мўрт. Партияларга шу пайтгача сиёсий тизим витринасида туриб, овоз чиқармасдан оғиз қимирлатиш, пантомима кўрсатиш топшириғи берилган эди. Партиялар ва депутатлар ўтган 27 йил давомида эрталабдан кечгача “демократия ва плюрализм” театрини ижро этишди. Бу саҳналар, образлар, қилиқлар жуда кучли ўзлаштирилган эди, ҳар бир актёр ўз ролини маҳорат билан ўзлаштирган эди. Энди эса партияларга бу роллардан чекинишни, оз-оздан бўлса-да, реал ролларни ўйнашни айтишди. Янги вазият, янги роллар: партиялар қийналмоқда”, деб ёзади сиёсий таҳлилчи К.Раббимов.

Қашқадарёда қўнғир айиқнинг ўлдирилишига доир тафсилотлар очиқланди


Қизил китобга киритилган қўнғир айиқнинг ўлдирилиши акс этган видеолавҳага доир янги тафсилотлар аниқланди (www.kun.uz, 28 ноябрь). Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идораси маълум қилди. Қайд этилишича, мазкур ҳолат 2016 йил май ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Бешчашма қишлоғида содир бўлган. Фермер хўжалигида ишчилар ишлаётган вақтда номаълум айиқ келиб бир фуқарога ҳамла қилган. Ўша пайтда айиқ Т.С. ва Т.И. исмли шахслар томонидан кетмон билан уриб ўлдирган.

Экология идораси ушбу ҳолат юзасидан тўпланган маълумотларни Қашқадарё вилояти прокуратурасига тақдим этган. Маълум қилинишича, қўнғир айиқ ноқонуний тартибда ўлдирилган бўлса, айбдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилади.

Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қўнғир айиқни овлаш қонунан тақиқланган.

Бухорода қўшхотинликда айбланган эркакка ҳукм ўқилди


Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи 53 ёшли Х.С. қўшхотинликда айбланиб, маҳкамага тортилди (www.ca-news.org, 25 ноябрь). Қайд этилишича, Х.С. 2016 йил ноябрдан 2019 йил июлга қадар қонуний никоҳдан ўтган турмуш ўртоғи билан яшаб келган. Оилада 2 нафар қиз фарзанди бўлган. Х.С. расмий никоҳидаги хотинидан ажрашмаган ҳолда, 2016 йилда самарқандлик аёл билан шаръий асосда оила қурган. Бунга эса биринчи аёлининг бемор экани ва ўғил фарзанд туғмагани сабаб қилиб кўрсатилган. 2018 йилда иккинчи аёл эркак ўғил фарзанд туғиб берган.

Қайд этилишича, қўшхотинликда айбланган оилабоши судда пушаймонлик изҳор қилган.

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди 53 ёшли фуқарони Жиноят кодексининг 126-моддаси (кўп хотинли бўлиш) билан айбдор деб топиб, унга бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

XS
SM
MD
LG