Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:05

OzodDayjest: Ҳоким Ортиқхўжаевнинг номини сотган ҳайдовчи ишдан бўшатилди


Олий суд раиси илк бор судьяларга бўлаётган тазйиқлар ҳақида гапирди. Тошкент шаҳар ҳокими “топшириғи билан” қоида бузган Crafers ходими ишдан бўшатилди. Расмийлар Ўзбекистонда пенсия ёшини оширишдан бошқа илож йўқлигини айтмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Олий суд раиси чорак аср давомида уддаланмаган ишни бу йил амалга оширишга сўз берди


Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов судьяларга тазйиқ ва таъсир кўрсатишга уринаётган кучлар мавжудлиги ҳақида гапирди (www.uza.uz, 25 январь). Бу Олий суд раҳбариятининг тизим вакилларига босимлар бўлаётганини илк бор тан олишидир. Аммо К. Комилов судьяларга таъсир ва тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилаётган кучлар айнан кимлар эканини очиқламаган.

Олий суд раиси судьялар мустақиллиги масаласига ҳам тўхталган.

“Бугун судьяларимиз дастлабки тергов органлари тақдим этган айбловларнинг барчасини маъқуллаётгани йўқ. 2019 йилда 859 нафар фуқаро суд ҳукми билан оқланди, 3 минг нафардан зиёд шахс суд залидан озод қилинди, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди. Бир неча йил олдин судлар бу шахсларга айблов ҳукми ўқиб келганини инобатга олсак, ўзгаришлар моҳиятини тасаввур қилиш мумкин”, деган у.

Олий суд раисига кўра, 2020 йилда судлар тўлиқ мустақилликка эришади. “Ё бу йил, ёки ҳеч қачон”, дея ваъда берган К. Комилов.

Ортиқхўжаевнинг “топшириғи билан” қоида бузган ҳайдовчи ишдан бўшатилди


“Тошкент” телеканалининг “Пойтахт йўлларида” кўрсатуви журналистига қўпол муносабатда бўлган, шунингдек, ёлғон маълумот берган Crafers корхонаси ходими Аброр Шарипов ишдан бўшатилди (www.gazeta.uz, 26 январь).

Маълум қилинишича, кўрсатувнинг 2019 йил декабрь ойида тасвирга олинган сонида Crafers рекламаси ёпиштирилган Malibu автомобили ҳайдовчиси Тошкентнинг Қоратош ва Самарқанд дарвоза кўчалари кесишмасидаги машиналар ҳаракатига халал бериб, уловини йўл ёқасида тўхтатган.

Телекамерага тушиб қолганини сезган ходим “Бу – реклама. Арчага яқинроқ туриш керак. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир ака Ортиқхўжаев буйруғи билан келганман”, дея журналистга ўшқирган. Бироздан сўнг эса у машинасига ўтириб, воқеа жойини тарк этган.

Қайд этилишича, Crafers ширкати ҳоким топшириғини писанда қилган ходимини ишдан бўшатиш билан бирга, юзага келган ҳолат учун аҳолидан узр сўраган.

Crafers қандолат компанияси Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли 10 га яқин ширкатдан бири экани айтилади.

Ўзбекистонда пенсия ёшини оширишдан бошқа илож йўқлиги айтилди


Ўзбекистонда пенсия ёшини оширишдан бошқа илож йўқ (www.daryo.uz, 29 январь). Бу ҳақда ҳукуматдаги манба маълум қилган. Қайд этилишича, эркакларга 62, аёлларга 58 ёшни пенсияга чиқиш даври этиб белгилаш кўзда тутилмоқда. Аммо ўзгариш барчага бирдан татбиқ этилмайди. У босқичма-босқич, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, тадрижий амалга оширилади.

Пенсия жамғармаси ижрочи директори биринчи ўринбосари Медет Тлеуовга кўра, мамлакатда қарийб 15 миллион иқтисодий фаол аҳоли бўлиб, уларнинг фақат 5 миллионга яқини солиқларни расман тўламоқда. Шу туфайли пенсия таъминоти тизими бугун солиқ тўловчилар қувватига чамбарчас боғланган.

Жамғарма расмийсининг таъкидлашича, Ўзбекистонда пенсия таъминоти давлат пенсияси, жамғариб бориладиган пенсия ҳамда ихтиёрий пенсиявий суғурталаш шаклидаги уч поғонали тизимга алмаштирилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон давлат пенсия тизимини ривожлантириш ва янгилаш бўйича концепция лойиҳаси 2020 йилнинг апрель ойига қадар эълон қилиниши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG