Линклар

Шошилинч хабар
17 июл 2018, Тошкент вақти: 16:51

OzodDayjest: Ўзбекистонда 11 мингдан зиёд шифокор етишмайди


Иллюстратив сурат.

ЎзЛиДеп раиси тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлишни давлатга хиёнатга тенглаштирди. Ўзбекистонда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаётгани расман эътироф этилди. Мутахассис колбаса ишлаб чиқаришдаги найрангларни танқид қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Либерал-демократик партия раиси: Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат деб қабул қилиш керак

Ўзбекистон либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Бахтиёр Якубов бугун тадбиркорлик иқтисодий юксалиш омили, аҳоли бандлиги ва фаровонлигининг муҳим шартига айланганини таъкидлади (“XXI аср”, 14 декабрь). Бюджетнинг асосий қисми ҳам тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Шу боис ҳозирги шароитда тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, мамлакат равнақига тўсқинлик сифатида қабул қилиш керак, деб ҳисоблайди либерал-демократик партия раиси. Қайд этилишича, МДҲда биринчи бўлиб Ўзбекистон Президенти ҳузурида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтининг жорий этилиши муҳим қадам саналади.

Ўзбекистонда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаслиги расман тан олинди

Ўзбекистон бўйича 11 мингдан зиёд шифокор етишмаётгани сабабли янгидан ташкил этилаётган тиббиёт муассасалари аҳолига сифатли хизмат кўрсата олмаётир. Бир қатор матбуот нашларида чоп этилган мақолада қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда тиббиёт тизимидаги бошқа муаммоларга ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, тиббий муассасаларнинг моддий-техник базаси заифлиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларида зарур бўлган тез тиббий ёрдам шахобчалари ва дорихоналар ташкил этилмагани, хусусий тиббий тизимни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган раҳбарлар фаолияти танқид қилинган. Шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш тўғрисида фармон ва қарорлар қабул қилинганига қарамай, ихтисослаштирилган марказларнинг ҳудудлардаги фаолияти талаб даражасида эмаслигига эътибор қаратилган. Вилоятларда замонавий диагностика ва даволаш усуллари суст татбиқ этилаётгани ҳам қайд этилиб, аҳволни ўнглаш бўйича стратегик вазифалар белгиланган.

Мутахассис: Колбаса ишлаб чиқарувчилар гўшт ўрнига крахмал қўшмоқда

Тошкент шаҳридаги “Gold Premium Product” фирмаси “Шаршара” колбасасига эшак гўшти қўшгани юзасидан очилган тергов ҳаракатлари давом этмоқда (“Даракчи”, 14 декабрь). Бош прокуратурага кўра, ҳозирда айбдорларни жавобгарликка тортишга қаратилган тезкор тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. “Шаршара” колбасаси билан боғлиқ ҳолат баҳона бўлиб, мутахассислар мамлакатда ишлаб чиқарилаётган колбаса сифати пастлигига эътибор қаратди. “Фаолиятимиз давомида кузатиладики, кўпинча колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари крахмал, ун, соя оқсили, нитрит-натритни меъёрдан ошиқ қўшишади. Энг ачинарлиси, гўштнинг кам солинишидир. Шундай ишлаб чиқарувчилар ҳам борки, маҳсулотга қўшилиши керак бўлган гўштни стандарт талабларини бузган ҳолда умуман ишлатишмайди” дейди стандартизатор ва метролог Мухтабар Қосимова. Шунингдек, амалиётда маҳсулот вазнини ошириш учун ва камроқ гўшт қўшиш мақсадида колбасага махсус қориштирувчи вакуумда ишлов бериш найрангидан ҳам фойдаланилмоқда.

XS
SM
MD
LG