Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2019, Тошкент вақти: 02:23

OzodDayjest: Поп ҳокими ноқонуний йўл билан фермернинг ерини тортиб олди


Иллюстратив сурат

Наманганда ҳоким ҳужжатларни сохталаштириб фермернинг ерини тортиб олди. Таълим сифатини ошириш учун мактабларга эркак ўқитувчиларни қайтариш таклиф қилинди. Қорақалпоғистонда порахўр милиция ходими қўлга олинди.

_____________________________________________________________

Туман ҳокими сохтакорлик билан фермернинг ерини олиб қўйди

Наманган вилоят Поп тумани ҳокими ҳужжатларни сохталаштириб, фермернинг ерини тортиб олди (“Ҳуқуқ”, 27 декабрь). “Бунёджон – Маҳсуджон” фермер хўжалиги раҳбари Н.Болтабоев 2015 йил декабридан буён фермерлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Аммо кутилмаганда Поп тумани ҳокимининг 2018 йил 21 февралидаги 341-сонли буйруғи билан унинг ер майдони ҳокимлик ер захирасига ўтказилган. Қарорда асос сифатида фермернинг ихтиёрий равишда ёзган аризаси кўрсатилган. Фермер ушбу ҳолат юзасидаги шикоят қилгач, вазият ўрганилган ва ҳокимлик ҳужжатларни сохталаштиргани аниқланган. Наманган вилоят ИИБ экспертиза-криминалистика бюроси хулосасига кўра, ҳоким қарорига илова қилинган ариза фермер Н. Болтабоев томонидан ёзилмаган. Поп тумани ҳокимининг бу борадаги қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган. Ҳужжатларни сохталаштирган мансабдорга қандай чора кўрилгани очиқланмаган.

Эркак ўқитувчилар мактабларни тарк этганининг асосий сабаби – маош камлиги

Ўзбекистон мактабларида кейинги йилларда эркак ўқитувчилар сони кескин камайиб кетди (“Оила даврасида”, 27 декабрь). Эркак ўқитувчиларнинг таълим тизимини тарк этишига эса биринчи навбатда рўзғор тебратиш учун етарли маош ололмагани сабаб бўлган. Эркак педагогларнинг камайиб кетиши мактабларда таълим сифати ва тартиб-интизомга салбий таъсир қилмоқда. Самарқанд шаҳридаги 10-мактаб директори Гулмира Юнусовага кўра, таълим масканларида эркак муаллимларнинг кўпайиши ўқувчиларнинг одоб-ахлоқи ва хулқига ижобий таъсир кўрсатади. Мақолада эркак ўқитувчилари кўп бўлган мактабларда битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи юқори экани таъкидлангани ҳолда, бу борада расмий статистика келтирилмаган. Қайд этилишича, айни пайтда тизимга эркак педагогларни қайтариш чоралари кўрилмоқда. Сўнгги 4 ойда 13 мингга яқин эркак ўқитувчи мактабларга қайтган.

Элликқалъада ИИБ катта тезкор вакили пора билан ушланди

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ИИБ ходимининг коррупция жиноятига чек қўйилди, деб хабар беради “Ҳуқуқ” нашри. Қайд этилишича, пора билан ушланган ИИБ ходими терроризм ва экстремизмга қарши курашиш гуруҳи катта тезкор вакили лавозимида фаолият юритиб келган. Исми ошкор этилмаган катта тезкор вакил Кореяга бориб келган ватандошни ҳузурига чақириб, товламачилик қилган. Уни терроризмга алоқадорлиги учун жавобгарликка тортиш билан қўрқитган ва 900 доллар берса, жавобгарликка тортмаслигини айтган. Жарбдийда ватандош эса ИИБ ходимининг тамагирлиги борасида ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган. Қайд этилишича, катта тезкор вакил 900 долларни қуртдай санаб, чўнтагига жойлаётганда ушланган.

XS
SM
MD
LG