Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:58

OzodDayjest: Зўравон эрини бўғиб ўлдирган 55 ёшли аёл ўн йилга қамалди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

55 яшар қуда-андали аёл эри жонига қасд қилди. Самарқандлик профессор сотилган машинаси пулини таълимга инвестиция қилмоқчи. Устюртдаги сирли чизгилар ўзга сайёраликларнинг изи бўлиши мумкин.

_____________________________________________________________

Қуда-андали аёл ҳақоратларга чидай олмай эрини ўлдирди

Узоқ йиллик ҳақоратларга чидай олмаган 55 ёшли аёл эри жонига қасд қилди (“Даракчи”, 1 февраль). Бош прокуратура бошқарма прокурори Дурбек Саъдуллаевнинг маълум қилишича, 4 фарзанднинг онаси, невараларнинг бобо-бувиси бўлган хотин ва эр ўртасидаги бир неча ўн йиллик муттасил келишмовчиликлар қотилликка сабаб бўлган. Эр хотинини уриб, сабабсиз равишда фоҳишаликда айблаган. Фарзандли, қуда-андали бўлганларидан кейин ҳам ичкиликбоз эр ҳақоратли муносабатда давом этган. Йиллар давомида хўрланган аёл эрини ўлдиришга қарор қилган. Аёл тунги соат 24:00 ларда навбатдаги жанжалдан сўнг сархуш ҳолда ухлаб қолган эрининг бошига ёғоч хода билан урган, кейин эса телевизор шнури билан бўғиб ўлдирган. “Даданг мени ёки мен уни ўлдириб, бу ғурбатларга чек қўйишимиз керак эди. Шу ишни мен бажардим. Тинчидик, болам”, деган қотилликка қўл урган она ўғлига. 55 яшар аёл 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Самарқандлик профессор ўқувчиларни рағбатлантириш учун ўз “Нексия”сини сотди

Самарқандлик профессор Пирназар Давронов ўзи ўқиган Нуробод тумани Жом қишлоғидаги 21-мактабнинг иқтидорли ўқувчиларини 2009 йилдан бери қўллаб-қувватлаб келмоқда (“XXI аср”, 4-сон). Профессор фан олимпиадалари ва турли танловларда ғолиб чиққан иқтидорли ўқувчиларни бир неча йилдан буён шахсий жамғармасидан рағбатлантириб келмоқда. Профессор Давронов “Нексия” автомобилини сотиб, пулини тўлиғича таълимга инвестиция сифатида банкка омонат қўйган. “Биласиз, маблағ баъзан топилади, баъзида эса йўқ. Аммо ўқувчиларнинг порлаб турган кўзлари, илмга ташна қалбларини бир дам бўлса-да эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ташаббусимнинг бардавомлигини таъминлаш учун “Профессор Давронов издошлари” номи билан махсус ассоциацияни рўйхатдан ўтказиш ташвиши билан югуриб юрибман. Негаки, шу пайтгача бу савобли ҳаракатни расмийлаштириш осон кечмаяпти. Бир неча идораларга мурожаат этдим, лекин ҳалигача амалий натижа йўқ”, дейди савобталаб профессор.

Устюртдаги найзасимон иншоотларни ўзга сайёраликлар қурган бўлиши мумкин

Устюртдаги найзасимон иншоотлар илм аҳлини қизиқтириб келаётган жумбоқлардан бири саналади. Иншоотларни яқиндан кўриб, бирор сирли белги тополмайсиз, аммо найзаларнинг ўйма тасвири юқорида – учоқда бор бўй-басти билан намоён бўлади. “Бу тасвирлардаги аниқ қонуният, симметрияни кўриб, уни ўз-ўзидан, табиат ҳодисалари таъсирида юзага келган, деган фикрга келишингиз мумкин. Йўқ, бу шакллар кимларнингдир ақлий ва жисмоний меҳнат ва машаққатларини тақозо этади”, деб ёзади “Даракчи” нашри. Узунлиги 600-900 метр, эни 400-600 метр, чуқурлиги 3 метргача бўлган мазкур иншоотлар ўзга сайёраликлар томонидан қурилган деган тахминлар ҳам бор. Қорақалпоқ олими Ҳожаҳмад Эсбергановга кўра, найзасимон иншоотлардан қадим кўчманчи қабилалар сув тўплашда фойдаланган. Қайд этилишича, Устюртдаги найзасимон иншоотлар Перунинг Наска саҳросидан топилган ер суратларига ўхшаб кетади.

XS
SM
MD
LG