Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:51

OzodDayjest: Ўзбек бойлари исрофдан юз ўгириб, илм аҳлига ҳомийлик қилишга чақирилди


Ўзбек тўйларидаги исрофгарчилик матбуотда кўп танқид қилинади.
Ўзбек тўйларидаги исрофгарчилик матбуотда кўп танқид қилинади.

Ақтўбе фожиасининг шоҳиди ёнғин тафсилотларига ойдинлик киритди. 2014 йилда қайта “тошбўрон қилинган” маърифатпарвар Ҳамза оқланди. Ўзбек сармоядорлари илм-маърифат аҳлига ҳомийлик қилишга даъват этилди.

_____________________________________________________________

Ақтўбе фожиасида омон қолган наманганлик йигит ёнғин тафсилотларига ойдинлик киритди

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган ёнғинда омон қолган наманганлик Аҳрор Исаков фожиа тафсилотларига ойдинлик киритди (“Даракчи”, 1 март). Аҳрор Исаковга кўра, автобус жуда совиб кетганидан йўловчилар салонни кавшар лампа билан иситган. Айни шу кавшар лампа ҳамда автобусдаги бир канистр бензин ёнғинни келтириб чиқарган. Аввалроқ автобус ичидаги йўловчилар бир-бири билан жанжаллашгани хабар берилган эди. Аммо Аҳрор Исаков бу хабарларни “уйдирма” деб атаган. “Ҳеч ким ичмаганди. Ҳеч ким жанжал чиқаргани йўқ”, деган у. Икки қаватли автобуснинг эшиклари ҳаво билан ёпилгани боис ёнғин пайтида ишдан чиққан ва йўловчилар олов ичидаги автобусдан ташқарига чиқа олмаганлар. Омон қолган 5 киши автобус ойналарини синдириб, ичидан одамларни чиқармоқчи бўлган, аммо саҳродан тош топа олмаганлар. 2018 йил 18 январь куни рўй берган фожиада 52 ўзбекистонлик ҳалок бўлган.

2014 йилда қайта “тошбўрон қилинган” маърифатпарвар Ҳамзанинг миллат олдидаги хизматлари энди эътироф этилди

2014 йили расмий матбуотда шахси қораланган маърифатпарвар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг тарихий хизмати орадан 4 йил ўтиб эътироф этилди. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги томонидан тарқатилиб, бир қатор матбуот нашрларида чоп этилган мақолада Ҳамза янги ўзбек адабиётининг тамал тошини қўйган сиймолардан бири экани таъкидланади. Мақолада Ҳамза улуғ драматург, анъана ва новаторликни бирлаштирган шоир, бошловчи носир, ўткир публицист, моҳир педагог, миллий композитор, оташин нотиқ, режиссёр ва театр арбоби ўлароқ сифатланади. “Халқимизнинг бу фидойи ўғлони юртнинг келажаги – маърифат, маориф, адабиёт, таълим-тарбия йўлида амалга оширган ишларининг салмоғи жуда оғир тош босади. Бу қутлуғ йўлда Ҳамза молини ҳам, жонини ҳам аямаган”, дейилади мақолада. Қайд этилишича, Тошкентдаги адиблар хиёбонида Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон қаторида Ҳамзанинг ҳам ҳайкали ўрнатилиши тарихий ҳақиқатнинг тикланиши бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил августда Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати нашри бўлган “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган мақолада профессор Муҳаммад Қуронов маърифатпарвар Ҳамзанинг истеъдоди ва миллат олдидаги хизматларини шубҳа остига олган эди.

“Ўзбек сармоядорлари пулини тўй-ҳашамга совурмай, илм аҳлига ҳомийлик қилсин”

Тўй-ҳашаматларни дабдаба билан ўтказишга муккасидан кетган ўзбек миллати вакилларининг илм-фанга ҳомийлик қилишга қорни оғрийди (“Оила даврасида”, 1 март). Оммавий ахборот воситаларида буюк аждодлар билан мақтаниш авж олган, аммо ҳеч ким уларнинг ижодий меросини ўрганиш ёки ўргатишга маблағ сарфлигиси келмайди. “Берунийнинг камида 40 дан ортиқ китоби дунё кутубхоналарида сақланмоқда. Фақат ўтган асрнинг 60-йилларида 2 тагина китоби ўзбек тилида нашрдан чиққан. Фикр тараққиёти учун пул беришни ҳеч ким тарғиб қилмайди. Бунинг учун имкониятлар очилган бўлса-да, ҳали ҳеч ким бу борада ўйлаб ҳам кўрган эмас”, деб ёзади муаллиф. Қайд этилишича, ўзбек сармоядорлари исроф, бахиллик каби қабиҳ иллатлардан фориғ бўлиб, илм аҳлига ва маърифатга ҳомийлик қилиши вақти аллақачон келган.

XS
SM
MD
LG