Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:48

Президент “гулхан”и ва кафолат хати. Андижондаги мактаб директорлари пора олмасликка қасамёд қилмоқда


Андижон вилоят, Бўстон тумани 11-мактабда "Гулхан" базми.
Андижон вилоят, Бўстон тумани 11-мактабда "Гулхан" базми.

Андижон вилояти халқ таълими тизими сўнгги кунларда тармоқлардаги муҳокамалар марказида қолмоқда.

3 февраль куни мактаб директорининг 500 доллар билан қўлга тушиши ва бунинг ортидан мактаб директорлари пора олмаслик ҳақида кафолат хати ёзаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Ўқитувчилар кечаси гулхан ёқиб, қўлларини кўксига қўйиб таъзим қилмоқда, мактаб жамолари эса миллий ва хорижий қўшиқлар остида оммавий рақсга тушяпти.

Озодлик билан суҳбатлашган ўқитувчилар президент ваъда қилган 1000 долларлик маош “олисда милтираб турган хира юлдуз” эканлигини айтар экан, бундай зўрма-зўраки тадбирлардан чарчашгани, маошлари эски ҳолида турганини таъкидламоқда.

Вилоят ХТБ мудири эса ўқитувчиларини “гап ташиш” ва тадбирлар суратларини тарқатишда айблади.

Андижондан 4 февраль куни олинган сўнгги хабар мана бундай:

“Андижон шаҳар 41-мактаб директори 3 февраль куни кечи пайт соат олтиларда 500 доллар пора олаётганда қўлга тушди. Шундан сўнг шошилинч равишда мактаб директорларидан вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов номига “кафолат хати” олиш буюрилди. Мен ўзим ҳам шундай хат ёзиб бердим!”

Бу хабарни Озодликка етказган, исми сир қолишини сўраган мактаб директорининг айтишича, у виждонан ишлашга, ҳеч қачон пора олмасликка қасамёд қилиб хат ёзиб берган.

Андижон шаҳридаги бошқа бир мактабнинг исми сир қолишини сўраган директори ҳам бу хабарни тасдиқлаб, истеҳзоли кулди:

“Энди биздаги бундай масхарабозликларни ўзингиз яхши биласизку. Кимгадир кўрсатиш учун, чора кўрдим дейиш учун бунақа хатлар доим ёзилади. Бу кафолат хатларининг бир тийинлик қиймати йўқ, ичида нима ёзилганини жин ҳам ўқимайди. Мен пора оламан деб ёзиб қўйса ҳам биров ўқимайди”.

Бу мактаб директори шу кеча-кундузда Андижон мактабларида урф бўлаётган кечаси гулхан ёқиш анъанасига ҳам ўз муносабатини билдирди.

Мактаб раҳбарларининг вазифаси маҳалладаги уюшмаган ёшлар учун кечаси соат 9дан 10гача дискотека ташкил қилиш.

Андижон тумани ХТБ мудири тасдиқлаган “тадбирлар жадвали”да бу аниқ кўрсатилган.

Андижон ХТБ мудири тасдиқлаган режа жадвали
Андижон ХТБ мудири тасдиқлаган режа жадвали

"Президент гулхан ёқ демаган, гулхандай қизисин деган"

Директорнинг айтишича, президентнинг мажозий маънода айтган гапини тўғри маънода қабул қилиш натижасида гулханбозлик авж олди:

“Инсонда онг деган нарса бор. Ҳамма гапни тўғри қабул қилмайсизда. Тўғри маънода айтиляптими ёки рамзий маънодами, фикрлаб кўрасиз. Масалан бошим айланяпти, деса боши 360 градусга айланиб кетмайдику. Бу ерда ҳам худди шундай ҳолат бўлган. Президент селектор йиғилишида “мактабда гулхан ёниб турсин”, яъни доим қайнаб турсин, жўшқин бўлиб турсин деган экан. Буни селекторда қатнашган танишим айтди. Энди, бизда нима бўлди, мактабда гулхан ёқасан, унинг атрофида шеърхонлик қилиб ўйнайсан, деган гап бўлиб кетди. Мана, аҳволни кўриб турибсиз. Ҳамма ишдан кейин яна мажбуран мактабга бориб гулхан ёқиб ўйнаган, уни ижтимоий тармоқларда тарқатиб, президентни айтганини қиляпмиз деган. Ахир бу кўзбўямачиликнинг ўзику”.

Мактаб директорининг айтишича, вилоятдаги барча мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига ҳар куни соат 22.00гача мактабда қолиш мажбурияти юкланган.

"Оиламиз нотинч бўляпти!"

Мана бу хабар эса Озодликка Бўстон тумани ўқитувчиларидан келди:

"Тумандаги 11- мактабда педагог булиб ишлайман. Бугун, яъни 3 февраль куни кечаси 19 : 00 дан 20 : 00 гача мактабимиз директори Андижон вилоят халқ талими бошқармаси бошлиғининг буйруғини ижросини таъминлаш мақсадида мактабда " гулхан атрофида мушоира кечаси " ўтказди. Мушоира кечасини деб мактабни аёл ходимлари қоронғи маҳалда оила ва болларимизни ташлаб чиқдик. Нима кераги бор бундай кечаларга мажбурлаб мактаб ходимларини жалб қилиш. Ҳаммаси шунчаки расм учун қилинаётганини қачонгача давом этамиз. Шахсан менга бундай кўз бўямачилик ёқмади. Шундай савияси паст топшириқлар билан ўқитувчилар билими ошиб кетармиди? Аксинча шу ходимларнинг кўпини оиласи нотинч бўлди. Чунки кўпчиликнинг турмуш ўртоғи тинмай телефон қилишди".

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербаев ўзининг Телеграм каналида Андижондаги таълим ходимларининг аҳволига эътибор қаратди:

"Нормал жамиятдаги одам кечаси 22.00да ўз уйида, оила даврасида бўлади. Лекин Андижон вилоятининг қатор туманларидан келаётган мурожаатларда айтилишича, мактабларда кундузи етмагандек кечаси ҳам ўқувчи ва уюшмаган ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш учун тўгарак ва бошқа тадбирлар ташкил қилиш талаб қилинмоқда экан.

Масалан, компьютер ўйинлари ўйнаш, спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш, фильм томоша қилиш, дискотека ва ҳ.к.

Ўқитувчилардан мактабда эрталабдан кечги 22.00 гача бўлиш талаб этилмоқда. Масалан, юқоридаги расмларда Андижон туманидаги 1-мактабда дискотека белгиланган режа (MC Excel варианти) ва Андижон шаҳридаги 47-мактабда кечаси ҳовлида совуқда фильм томоша қилаётган "бахтиёр ёшлар" акс этган.

Кечаси нима қиларини билмай юрган ўқитувчи ва ёшлар бу шароитдан жуда "бахтиёр" бўлишса керак".

Андижон туманидаги мактабда "дискотека"
Андижон туманидаги мактабда "дискотека"

Бу Андижон вилоятида сўнгги кунларда трендга чиқаётган биринчи ҳодиса эмас.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода 20дан ортиқ мактаб ходимининг қишки кийимда, мактаб ҳовлисида колумбиялик қўшиқчи Шакиранинг Waka-Waka ашуласига эрталабки бадантарбия қилаётгани акс этган.

Видео Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги 1-ИДУМда олингани аниқланди.

Жалақудуқ туманидаги 1-ИДУМ жамоаси.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00

"Сизларга иш бўлмаса-да, фақат гап ташиб, ғийбат қилсангиз"

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ва ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлаётган фикрларга ўз муносабатини билдирар экан, Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов мурожаат билан чиқди гуруҳлардаги расмларни тарқатаётган ўқитувчиларни «гап ташиш» ва «ғийбатчилик»да айблади:

«Сиз ниманинг ҳисобига асосланмаган хабарларни тарқатмоқдасиз? Онлайн дарсни назорат қилдингизми ёки бирор ўқувчининг ўзлаштириш жараёнини виждонан назорат қилдингизми? Сизларга иш бўлмаса-да, фақат гап ташиб, ғийбат қилсангиз. Таълим сифатига ҳам ана шундай фидойилик билан ёндашганингизда Андижон таълими юксалармиди?

Иш қилмасдан гуруҳлардаги расмларни кимларгадир ташлаб бериб нима фойда кўрасиз? Ўз ишингизни уддалай олмасангиз, ҳеч бўлмаса ишлаганларга халақит бермай турсангиз яхшимиди?

Тадбирлар маҳалла етакчилари ва мактаб маъмурияти томонидан ташкил этиляпти. Виждонли ва диёнатли ўқитувчиларимиз эса ўқувчиларининг ўзлаштириши билан банд. Уларга бошим ерга теккунча таъзимдаман.

Камчилик излаётган айрим бекорчиларга эса инсоф тилаб қоламан, группалардаги расмларни ташишда давом этинг»

Озодлик Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомиловнинг ёрдамчиси Отабек исмли мулозим билан боғланди.

Отабек 41-мактаб директорининг пора билан қўлга олингани ҳақидаги хабарни на инкор қилди, на тасдиқлади.

Мулозим Озодликнинг бошқа саволларига жавоб беролмаслигини айтди.

Вилоят ХТБ матбуот хизмати раҳбарининг телефони ўчирилгани боис у билан боғланиш имкони бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2020 йил, мустақилликнинг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ўқитувчиларнинг ойлиги 1000 долларга етказишга ваъда берган эди.

Аммо орадан икки йил ўтаётган бўлса-да, ўқитувчиларнинг маошида жиддий ўзгариш кузатилмади.

Андижонлик ўқитувчининг айтишича, бугунги кунда тоифаси мавжуд бўлмаган педагог бир ставка дарсига солиқлари чегирилмаган ҳолда икки миллион уч юз минг сўмни ташкил этади. Қўлга оладиган даромади қарийб 200 АҚШ долларига етади.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигига ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги берган маълумотига кўра, энг кам ойлик олувчилар қаторида ўқитувчилар ва шифокорлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG