Линклар

Мирзиёев Ислом дунёсини ривожлантириш учун мукофот таъсис этишни таклиф қилди

  • Озодлик

Ўзбекистон президенти ислом дунёси мамлакатлари орасида илм-фан соҳасида эришилган ютуқлар учун Ислом ҳамкорлик ташкилоти махсус мукофотини таъсис этишни таклиф қилди. Ўзбекистон президентининг бу таклифи ташкилотнинг Остонадаги фан ва технологиялар бўйича саммитида янгради.

ЎзА агентлиги хабарида айтилишича, ИҲТнинг бу тадбири илм-фан, технология ҳамда ислом оламини модернизация қилиш мавзуида ўтмоқда.

Sputnik нашрининг хабар қилишича, саммитда чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мусулмон дунёсининг замонавий фан ва технология соҳасида анча ортда қолаётганини таъкидлаган.

Бунга ечим ўлароқ эса илм-фан соҳасида янгилик қилган мусулмон олимларга ИҲТ мукофотини беришни таклиф қилган.

"Масалан, дунёнинг энг яхши 500 университети рейтингига бизнинг ташкилотимизга иштирокчи давлатларининг атиги 11тасидаги олийгоҳлар киритилди. 2015 йилда ИҲТ давлатларидан патент олиш бўйича берилган аризалар сони бор-йўғи 1,9 фоизни ташкил қилган. Таассуф билан айтмоқ жоизки, бой табиий ресурслар ва молиявий салоҳиятга эгалигига қарамай, мусулмон давлатларининг аксарияти инновацион ғоялар ва технологияларни иқтисодиёт соҳасига жорий этиш борасида фаоллик кўрсатмаяптилар", дея президент Мирзиёевдан иқтибос келтиради Sputnik нашри.

Президентга кўра, ИҲТ томонидан Самарқанд шаҳрида замонавий телескоп ўрнатиш бўйича киритилган таклифни Ўзбекистон ҳукумати миннатдорчилик билан қабул қилган.

Мирзиёев, шунингдек, ИҲТнинг фан ва технологиялар бўйича саммитини уч йилда бир марта ўтказиш ва навбатдаги саммитни 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирган.

2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясиТошкентда бўлиб ўтган ва унда “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” мавзуси кенгашнинг бош мавзуи қилиб олинган эди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ИҲТга аъзо 15 етакчи давлат раҳбарларига норасмий тарздаги бир гуруҳга бирлашишни таклиф қилди. Мисол тариқасида "Катта йигирмалик"ни тилга олган Назаорбоев шу йўл билан Ислом дунёсида илм-фан, иқтисодни ривожлантириш мумкинлигини айтди.

Шунингдек, Қозоғистон раҳбари ИҲТ давлатлари етакчиларини мусулмон оламини Ғарб билан бирлаштириш, мусулмонлар орасидаги тарқоқликка барҳам беришга чақирди.

Ушбу саммитда қатор Туркия ва Қозоғистон президентлари Мянмадаги вазиятга алоҳида тўхталдилар.

Жумладан, Қозоғистон президенти Назарбоевдан: "Биз Мянмадаги низо юзасидан хавотирдамиз. Биз барча тарафларни зудликда рўравонликни тўхтатиш ва БМТ доирасида мулоқот қилишга чақирамиз", дея иқтибос келтиради «Интерфакс» агентлиги.

БМТ берган маълумотга кўра, сўнгги кунлар ичида Мянмадаги этник низолар ортидан 300 мингга яқин этник Роҳинжа мусулмонлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Остонада 10 сентябр куни очилган саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат ва кузатувчи мамлакатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 80 га яқин делегация иштирок этмоқда.

Саммит якунида Остона декларацияси имзоланиши кутилмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG