Линклар

Шошилинч хабар
19 июл 2018, Тошкент вақти: 18:46

Мирзиёев қийноқларга қарши фармонни қабул қилиш осон бўлмаганини эътироф этди


Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев қийноқларга қарши фармонни қабул қилиш осон бўлмаганини эътироф этди.

30 ноябрда Шавкат Мирзиёев қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолаган эди.

Фармонга мувофиқ, бундан буён қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланади.

"Жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда” олинган кўрсатмалардан “далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмасин," - дейилади фармонда.

"Фармон ҳаммага ёқмайди"

Конституция куни муносабати билан қилган маърузасида Ўзбекистон президенти қийноқларга қарши фармон ҳаммага ҳам ёқмаслигини таъкидлади:

- Бу қарорни қабул қилиш осон бўлмади. Нимага десангиз, ўрганган ҳунар, ўлганда қолади, деган, кечирасизлар, нақл бор. Қўполроқ бўлса ҳам. Бу фармон ҳаммага ёқмайди. Лекин мен ўйлайман, йиллар ўтади, замонлар ўтади, халқимизга ёқади. Нимага десангиз, биз эркин, ошкора жамият қурмоқчимиз. Дунёқарашимизни ўзгартирмоқчимиз. Ана шуларни инобатга олиб, бу нарсаларни жой-жойига қўядиган вақт келди, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти тергов давомида қийноқ қўллашни бартараф этишга қаратилган фармон халқ талаби билан қабул қилинганини таъкидлади.

Президент Мирзиёев суд-тергов амалиётида далилларни тўплаш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилмаганини айтди.

Халқ берган кафолат

Айни пайтда президент суд тизим соҳасида қарорлар қабул қилиш билан Ўзбекистонда “аҳвол дарров ўнгланиб қолмаслиги”ни ҳам эътироф этди:

- Мен нимага куйиб-пишиб гапирaяпман. Қарор чиқдию ҳамма нарса бўлади, деб ўйламанглар. Йўқ. Қарор чиқиб ҳамма нарса бўлса, биласизларми қаерларга етган бўлардик? Қарор чиқиб, қарор бажарилмаяпти. Қарор чиқиб, назорат бўлмаяпти. Қарор чиқиб, ҳаммамиз бефарқ бўлиб юрибмиз. Айниқса, шу масалаларда. Суд ким? Суд халқ тайинлаган, кафолатни менга халқ берди. Мен ўз кафолатимдан фойдаланиб уларга ишонч қилaяпман. Мен уларга қонунни буз, деганим йўқ. Порахўрлик қил, деганим йўқ. Одамга беш йилнинг ўрнига 25 йил бер, деб ҳеч ким айтгани йўқ унга. Лекин жамиятимизда бундай иллатлар бор. Ҳали давом этaяпти. Бу адолатни жойига қўйиш учун ҳаммамиз биргаликда курашиш вақти соати келди, - деди Шавкат Мирзиёев.

"Қийноқларга қарши миллий кураш дастури"

Ўзбекистонда 2003 йилда "Қийноқларга қарши кураш миллий дастури" ҳам қабул қилинган.

Марҳум президент Ислом Каримов 2012 йилда қийноқларни тақиқловчи махсус қонунни имзолаганди.

Аммо Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, амалда вазият ўзгаришсиз қолмоқда.

У қийноқни қатъиян чеклаш мақсадида амалий чораларни таклиф қилди.

Бундан буён, президентга кўра, тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади:

- Энг муҳими, ноқонуний усуллар қўллаш тўғрисидаги биронта ҳам хабар эътиборсиз қолмаслиги шарт. Прокуратура органлари ҳар бир ҳолат бўйича чуқур текширув ўтказиб, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлайди, - деди Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG