Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 12:11

Финиши маълум сайловга старт берилди


Марказий сайлов комиссияси Президент сайловига старт берди. Тошкент, 2021, 23 июль
Марказий сайлов комиссияси Президент сайловига старт берди. Тошкент, 2021, 23 июль

23 июль куни Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига расман старт берилди. Марказий сайлов комиссияси сайлов кутилганидек, жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказилишини эълон қилди.

Олий Мажлисда вакиллари мавжуд ва Сайлов кодексига биноан президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга беш сиёсий партиядан иккитаси ҳозирча кимнинг номзоди кўрсатилиши номаълумлигини билдирди.

Мирзиёевнинг баёнотларига ишониб, мамлакат сиёсий ҳаётига аралашишга уриниб кўрган фаоллар бўлажак президент сайлови эркин ва демократик бўлишини савол остига олмоқда.

Сиёсатшунослар фикрича, октябрда ўтказиладиган сайлов шу пайтгача ўтказилиб келган сайловлардан фарқ қилмайди.

23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтгани ва шу куниёқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилганини МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Декабрдан октябрга кўчган сайлов

Ўзбекистон президенти сайлови, Марказий сайлов комиссияси қарорига биноан, 2021 йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтади.

Сайловнинг айнан 24 октябрга белгиланганини МСК шу йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартиш билан изоҳлади.

МСК айтган ўзгартиш киритилгунича, Президент сайлови Конституцияга биноан амалдаги Президент ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши лозимлиги белгилаб қўйилган эди.

Номзод кўрсатиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37- моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқи сиёсий партияларга берилганлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган ва вакиллари Олий Мажлисга сайланган бешта сиёсий партия мавжуд. Демак, ҳар бир партия президентликка номзод кўрсатса, 24 октябрда ўтадиган сайловда сайловчилар 5 номзоддан бири учун овоз бериши мумкин.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси расмий вакили Тўлқин Тўрахоновнинг 23 июлда Озодликка билдиришича, ҳозирча президентликка номзод танлагани йўқ:

“Президент сайловида бизнинг партия ҳам албатта иштирок этади. Президентликка номзодларимиз рўйхати шакллантирилган. Бироқ улар орасидан айнан кимнинг номзоди кўрсатилиши партиямиз қурултойида эълон қилинади. Келгуси ҳафтада эса, Қурултой олдидан пленумимиз бўлиб ўтади. Сайловга жиддий тайёргарлик билан кириб боряпмиз”.

ХДП расмий вакилининг айтишича, партия қурултойи қонунчиликда белгиланган муддатларда, яъни сентябрда ўтказилиши кутилмоқда.

2016 йил, 4 декабрда ўтказилган сайловда ғолиб чиққан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Либерал демократик партияси (ЎзЛиДеП) номзоди эди.

ЎзЛиДеП матбуот хизмати ходими Сайёра Суронованинг Озодликка айтганлари ХДП вакилининг айтганларидан фарқ қилмади: “Ҳозирча аниқ номзод йўқ, номзодни қурултой аниқлайди, у қонунда белгилаб қўйилган муддатда бўлиб ўтади...”

Озодликнинг ЎзЛиДеП яна Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатадими, деган саволига партия вакили “номзод кўрсатиш масаласи қурултойда кўрилади”, деб жавоб берди.

Президент янги сиёсий кучлар ҳақида нима деган эди?

Президент Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувда мухолифат ҳақида гапириб, мухолифат мамлакат ичидан чиқиши кераклигини айтганди:

"Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак".

Президентнинг бу гапидан кейин бир қатор фаоллар янги сиёсий партиялар тузиш йўлидаги ҳаракатларини бошлаган эди. Улардан бири, педагог олим Маҳмуджон Йўлдошевдир. “Халқ манфаатлари” сиёсий партияси ташаббус гуруҳи раҳбари номаълум шахслар уйига бостириб келиб, ўлдириш билан таҳдид қилганидан сўнг сиёсий фаолиятини тўхтатиб қўйган.

Маҳмуджон Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда бошланаётган сайлов кампанияси тўғрисида фикр билдирар экан, бундай деди:

“Гапираман, десам, гап кўп. Биттасигагина тўхталай. Мана, биз партия тузамиз дедик. Менку майли, рўйхатдан ўтишга ариза топшириш босқичига етмай, ўйиндан чиқдим. Хидирназар Аллақуловни эса, 20 мингта имзо йиғолмадинг, деб қайтаришди. Партиялар қонун бўйича ўзи кўрсатадиган номзодни қўллаб, ўн баробар кўп имзо йиғиши керак. Уларнинг шунча имзо йиғишига, йиғилган тақдирда ҳам ўша имзолар ҳақиқий бўлишига ишонасизми?!”

Сайлов кодексига биноан номзод кўрсатган ҳар бир партия ўз номзоди учун сайловчилар умумий сонининг 1 фоизи имзосини йиғиб топшириши шарт. Марказий сайлов комиссиясига кўра, Ўзбекистонда 20 млн нафардан зиёд сайловчи бор. Демак, ҳар бир партия камида 200 мингтадан имзо йиғиши лозим.

Октябрда ўтказиладиган Президент сайлови демократик, ҳалол сайлов бўлади, деган ишончингиз борми, деган саволга Маҳмуджон Йўлдошев “Бу савол олдидан демократик сайлов ўтказиш учун пойдевор ҳалолми, деб сўранг, шундан кейин мен жавоб берай”, деди. Унинг фикрича, расмий партияларнинг давлат бюджетидан молияланишининг ўзиёқ уларнинг легитимлигини шубҳа остига қўяди.

Интригаси йўқ сайлов

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Президент Мирзиёевнинг биринчи беш йиллиги тугаб, сайлов ўз вақтида эълон қилинаётгани яхши янгиликдир. Сиёсатшунос бу вазиятни Ислом Каримовнинг биринчи президентлик муддати 1991 йил бошланиб, 1995 йилда референдум орқали чўзилиб, 2000 йилгача етиб келганига қиёслади.

Унинг сўзларига кўра, октябрда ўтказиладиган президент сайловида катта интрига йўқ:

“Бу масалада иккинчи маъмурият олдингисидан кўп фарқ қилмайди. Беш партиядан биттадан номзод илгари сурилади ва жорий президентга биринчи турдаёқ ишонч билдирилади. Асосий савол – жорий президент неча фоиз билан ғалаба қозонади, 2016 йилдаги каби 88% атрофида бўладими ёки ундан камроқ бўладими? Агар 88%дан кўпроқ бўлса – кейинги беш йилликда авторитар тенденциялар кўпроқ бўлади, агар камроқ бўлса, ислоҳотлар давом этиш эҳтимоли сақланиб қолади”.

Ғарб демократияси тажрибаси

Францияда яшаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ғарб демократияси тажрибасидан келиб чиқиб, давлатлар қанчалик демократик бўлса, уларда сиёсий плюрализм ва рақобат шунчалик юқори бўлишини таъкидлайди:

“Масалан, АҚШда сайлов кампанияси, норасмий шаклда, президент сайловидан тахминан бир ярим, икки йил олдин бошланиб кетади. Францияда ҳам, ҳар бир йирик ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий воқеа-ходисалар, президент сайловига, ижтимоий кайфиятга бевосита таъсир қилади. Демократик ўйин қоидасига кўра, ҳокимият бошқаларнинг номзодини қўйишга тўсиқ ярата олмайди. Авторитар давлатларда эса, бундай тўсиқ қўйиш оддий ҳол. Мисол учун, демократик бўлмаган давлатларда Адлия вазирлиги мустақил партияларни рўйхатга олмайди. Демократик давлатларда ҳокимият бошқаларни маҳрум қилиш орқали эмас, ўзларини бошқалардан ҳақиқатда устун эканлигини кўрсатиш учун ишлашади ва шу йўл билан ғалаба қозонишади”.

Ғарблик кузатувчилар ҳозирга қадар Ўзбекистондани биронта сайловни эркин ва демократик деб тан олмаган. Мухолифат иштирок этган ва муқобиллик асосида ўтган ягона сайлов - 1991 йилдаги илк президент сайловларида Ислом Каримовга рақиб бўлган "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ расман 12,7 фоиз овоз олган эди. "Эрк" сайлов натижалари сохталаштирилганини даъво қилган.

2019 йилдаги парламент сайловларини кузатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳайъати сайловлар аввалгиларидан эркинроқ ўтгани, аммо сайлов тизимидаги ўзгаришлар ва нисбатан эркин матбуот мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмаганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG