Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 01:06

Президент учун яна бир кўзбўямачилик: Ишга тушмаган боғчага болалар "ижара"га олиб келинди


Оҳангарон шаҳридаги "Қалдирғоч" боғчаси 21 июн, 2019 йил.

Оҳангарон шаҳридаги Нўғойқўрғон маҳалласида жойлашган “Қалдирғоч” мактабгача таълим муассасаси Шавкат Мирзиёевнинг 1 июнь куни Тошкент вилоятига қилган сафари чоғида унга болалар билан тўла, ишлаб турган ҳолда кўрсатилди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, аслида бу боғча ҳали ишга тушмаган¸ президент билан учраштирилган болалар эса бошқа боғчалардан олиб келинган.

Президент кетганидан сўнг, гувоҳларнинг айтишича¸ янги боғча яна ҳувиллаб қолган.

Озодлик боғланган Оҳангарон шаҳар мактабгача таълим бўлими раҳбари боғча ишламаётганини "канализациядаги муаммо" билан изоҳлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Оҳангарон шаҳридаги “Қалдирғоч” мактабгача таълим муассасасини бориб кўргани ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги 1 июнь куни хабар қилди

Бу хабарга президентнинг болалар билан тушган бир қанча суратлари ҳам илова қилинди.

“160 ўринга мўлжалланган боғча биноси яқинда фойдаланишга топширилган, замонавий жиҳозланган. Бунёдкорлик ишларига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Муассасада 4 та асосий ва 3 та қисқа муддатли гуруҳлар фаолият кўрсатади. Замонавий ёзги айвонча, чўмилиш ҳавзаси, футбол майдончаси, ички спорт ва мусиқа заллари мавжуд. Бу ерда 32 нафар педагог ва тарбиячи болаларга ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда”, деб ёзди ЎзА жумладан.

Шавкат Мирзиёев "Қалдирғоч" боғчасида, 1 июнь, 2019 йил. ЎзАдан скриншот
Шавкат Мирзиёев "Қалдирғоч" боғчасида, 1 июнь, 2019 йил. ЎзАдан скриншот

Нўғойқўрғон қишлоғида янги қурилган "Қалдирғоч" боғчаси яқинида яшайдиган ўқитувчининг Озодликка айтишича, президентга бу боғчани ишлаб тургандай қилиб кўрсатиш учун бошқа боғчалардан болалар йиғиб олиб келинган.

“Бизда энди президентга йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиш мода бўлиб қолди. Ҳақиқатан ҳам чиройли боғча қурилган, лекин ҳали ишга тушмаган эди. Болаларни бошқа боғчалардан чиройли қилиб кийинтириб¸ йиғиб “ижара”га олиб келишди. Навбатдаги спектакль ўйналди. Президент кирди, гўёки болаларнинг бахтли ҳаётини кўрди, хурсанд бўлди, гапирди. Ҳамма қарсак чалди. Лекин бу вақтинча бўлса ҳам ёлғоннинг устига қурилган томоша эди. Агар президент боғчалардаги ҳақиқий аҳволни кўрмоқчи бўлса, нега шартта йўлни ўзгартириб, дуч келган боғчага кирмайди. Президентимиз ўзи “менга кўзбўямачилик қилманглар, деворнинг нарёғида нима борлигини биламан” дейдию, яна унга тайёрланган томошаларда бош қаҳрамон бўлиб иштирок этаверади, ҳеч тушунмай қолдим”.

Оҳангарон шаҳридаги "Қалдирғоч" боғчаси 21 июнь, 2019 йил.
Оҳангарон шаҳридаги "Қалдирғоч" боғчаси 21 июнь, 2019 йил.

​Исми сир қолишини сўраган нўғайқўрғонлик оналардан бири, боғча бир кун ҳам ишламаганини айтади.

“Мен боламни шу боғчага олишларини сўраб борсам, ҳали биринчи июлдан кейин очилади, ўшанда келинг, деб айтишди. Ишлаяпти эканку, телевизорда кўрсатишдику десам, "ҳа энди президент учун вақтинча очган эдик", дейишди”

Оҳангарон шаҳар Мактабгача таълим бўлими мудири Абдуҳаким Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда боғчанинг ишламаётганини канализация муаммолари билан боғлади.

“Боғчамизни очгандик, лекин айрим канализацияларда трубалар ёрилиб кетди. Текшириб кўришмаган эканда ўша пайтда. Ҳозир таъмир ишлари кетаяпти, душанба куни очамиз”¸ деди мудир.

МТБ мудири болаларнинг бошқа боғчалардан олиб келинганини инкор қилишга уринди.

“Йўқ, бу янги олинган болалар, фақат, шу, канализация ишламай турибдида. Ишлатсак, душанбадан очамиз”.

Президент кўзбўямачиликни ёқтирмаслигини айтган бўлса ҳам, мамлакатда у борадиган жойлардаги ҳолатни аслидан бўрттириб¸ йўқ нарсаларни бор қилиб кўрсатиш анъанаси кенг ëйилиб бормоқда.

Хусусан¸ Мирзиëевнинг Бўкага қилган 1 июнь кунги ташрифи арафасида Олмалиқ шаҳридаги Марказий кўптармоқли поликлиника мебеллари 25 май куни Бўка туманидаги Бўстон қишлоқ врачлик пунктига "ижара"га олиб кетилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга президент ташрифи арафасида беш нафар аёлга коттеж совға қилиб, сўнгра уларни чиқариб юборган мутасаддиларни жавобгарликка тортиш бўйича тақдимнома киритган.

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида "уй берилди" деб ТВда кўрсатилган 35 яшар Хуршида Тиллаева Озодликка аслида ҳеч қандай уй олмаганини айтиб берган эди.

Айни пайтда Озодликка ҳар бир вилоятда президент бориши кутилган объектларни ясатишга ташланадиган "гастролëр техника ва маиший ускуналар"¸ шунингдек президент билан учрашишга обдон ҳозирланган "халқ вакиллари" борлиги ҳақида келаëтган хабарлар кўпайиб бормоқда.

Шарҳларни кўринг (7)

XS
SM
MD
LG