Линклар

Шошилинч хабар
17 июл 2024, Тошкент вақти: 00:47

Пригожининг учоғи қулаб тушди. Йўловчилар рўйхатида унинг ўзи ҳам бўлган


Евгений Пригожин.
Евгений Пригожин.

Россиянинг Тверь вилоятида "Вагнер" раҳбари Евгений Пригожинга тегишли бизнес-жет қулаб тушди. Хабарларга кўра, учоқ бортидаги 10 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган. "Росавиация" йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин исми ва фамилияси ҳам бўлганини маълум қилди. Ҳалокат сабаби номаълум.

“Бугун кечки пайт Тверь вилоятида юз берган Embraer учоғи ҳалокати бўйича текширув бошланди. Йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин исми ва фамилияси ҳам бор”, дея "Росавиация"дан иқтибос келтирди ТАСС агентлиги.

Қатор Телеграм-каналларнинг хабар беришича учоқ бортида "Вагнер" қўмондонларидан Дмитрий Уткин ҳам бўлган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, Тверь вилоятида Москвадан Санкт-Петербургга парвоз қилган хусусий учоқ ҳалокатга учраган.

РИА "Новости" агентлиги фавқулодда хизматларга иқтибосан 8 кишининг жасадлари топилганини хабар қилди, уларнинг шахси аниқланган ёки йўқлиги маълум эмас.

"База" ва Mash Телеграм-каналлари учоқ ҳалокати акс этган видеони эълон қилди. Улардан бирида учоқ ҳавода портлаганини кўриш мумкин.

Учоқ нима сабабдан ҳалокатга учрагани борасида расмий изоҳ йўқ. Ҳодиса юзасидан тергов бошлангани хабар қилинмоқда. Жиноят иши Россия ЖКнинг "ҳаво транспорти ҳаракати ва эксплуатацияси хавфсизлик қоидаларининг бузилиши" банди бўйича очилган.

Пригожинга қарашли тузилмалар ҳозирча расмий шарҳ бергани йўқ. Россия ОАВлари Пригожиннинг атрофидагилар у билан боғлана олмаётгани ҳақида ёзмоқда. Унинг учоқ бортида бўлгани ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

“Тверь вилоятининг Куженкино аҳоли пункти яқинида Москва-Санкт Петербург парвозини амалга ошираётган Embraer Legacy хусусий учоғи қулаб тушди”, дейилади расмий хабарда.


“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига яқин Grey Zone Телеграм-канали регистрация рақами RA – 02795 бўлган “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожинга тегишли “Embraer Legacy 600” учоғи Тверь вилоятининг Бологовск туманида ҳаводан мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани ҳақида ёзди.

Пригожин қўшинларини ортга қайтарди. Исён хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:30 0:00

Байден: Учоқ ҳалокати ажабланарли эмас

АҚШ президенти Жо Байден Росиядаги учоқ ҳалокатидан ажабланмаганини айтди.

Невада штатида журналистларнинг “Ҳалокат учун Путин масъул деб ўйлайсизми?” деган саволига Байден “Россияда Путиннинг иштирокисиз содир бўладиган ҳодисалар унчалик кўп эмас” дея жавоб берди.


Оқ уйнинг маъмуриятининг миллий хавфсизлик бўйича вакили Адриен Уотсон яқинда юз берган исён назарда тутилса, «Вагнер» раҳбарининг эҳтимолий ўлими ҳеч кимни ҳайратга солмаслигини айтди.

«Биз унинг учоғи қулаб тушгани ҳақидаги дастлабки хабарларни кўрдик. Агар Пригожиннинг ўлгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланса, бу ҳеч ким учун ажабланарли бўлмайди», деб айтди Оқ уй вакили.

Британия ҳукумати «вазиятни яқиндан кузатаётгани»ни айтган.

Форум

XS
SM
MD
LG