Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2020, Тошкент вақти: 10:09

Маҳалла котиби: Прокурор онадан ҳақорат қилди


Ангор туманидаги 2-сектор штаби

Сурхондарё вилоят прокуратурасининг Ангор туман 2- ижтимоий-иқтисодий секторини ўрганишга юборилган прокурори Музаффар Маматмуродов икки маҳалла оқсоқоли ва котибини 25 апрель куни кўпчиликнинг олдида қаттиқ ҳақорат қилди.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган маҳалла котибига кўра, иш кийимида бўлган прокуратура мулозими, ҳеч қандай айб билдирмасдан, уларни бўралаб сўккан ва унинг ҳақоратига эътироз билдирган котибга қаматиш билан таҳдид қилган.

Прокурор маҳалла котиби ва оқсоқолини ҳақорат қилганини тан олмади.

Прокурор маҳалла оқсоқоли ва котибни онасидан ҳақорат қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Ангор туманининг прокурор назоратидаги ижтимоий-иқтисодий 2-секторига чақиртирилган Охунбобоев маҳалласи котиби, 30 яшар Эркин Гаппаров ва Новшаҳар маҳалла фуқаролар йиғини раиси, 50 яшар Хўжамурод Раҳмонбердиев 25 апрель куни вилоят прокуратураси мулозими Музаффар Маматмуродов томонидан қаттиқ ҳақорат қилинганини иддао қилаётганлардан бири - Эркин Гаппаров хабар қилди.

Унинг айтишича, бу воқеа кўпчиликнинг олдида содир бўлган:

- Новшаҳар маҳалла раиси Хўжамурод ака билан бирга бордик. 2-сектор биноси олдида вилоят прокуратурасидан келган Музаффар Маматмуродов, туман маҳалла жамғармаси мулозими Абдузоир ака, ўша маҳалла участка нозири бирга туришган экан. Биз салом бердикда, ёнларидан ўтиб кетаётган эдик, бир вақт орқамиздан “ҳей к...тлар, қаерга боряпсизлар”, деган овоз эшитилди. Орқага қарасам, прокуратура мулозими бизга гапираётган экан. Тўхтаб, қайрилдик. Маматмуродов менга, “ким бўлиб ишлайсан”, деди. Мен “котибман”, десам, “ҳе онасини с... ўша раисингни, сен к...тларни” деб сўкиб кетди, - деди маҳалла котиби.

Эркин Гаппаров шундан кейин мулозимнинг ҳақоратига эътироз билдириши ортидан янада қаттиқ таҳдидга учраганини иддао қилди:

- "Ака оғзингизга қараб гапиринг, ҳақорат қилманг", дедим. Шунда у худди урмоқчи бўлгандай олдимга келиб, “нима деяпсан жўжахўроз”, деди. Мен "олсангиз ишингизни оласиз, мен ҳақорат эшитгани келмаганман", дедим. Қайрилиб кетаётсам, яна у “ҳей к...твачча бу ёққа ўт, ичкари кир”, деди. Мен унга “ишламайман ҳам, кирмайман ҳам” дедим, деди Эркин Гаппаров.

Котибнинг айтишича, шундан сўнг прокуратура мулозими участка нозирига уни қамаш тўғрисида топшириқ берган:

- Мени ичкарига олиб киришди. Кейин Музаффар Маматмуродов келди-да, ҳамма чиқиб кетсин, деди. Иккимиз қолдик. Менга айтдики, қаерга ёзсанг ёз, лекин ҳозир менга президент қарорига бўйсунмадим деб ёз, деди. Мен айтдимки, мен ўз ишимни қиляпман, лекин президентга мени ҳақорат қилганингиз ҳақида аниқ ёзаман, дедим. Кейин у сал бўшашди-да, чиқиб кетди, деди Эркин Гаппаров.

Новшаҳар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хўжамурод Раҳмонбердиев ҳам прокуратура мулозими уларни ҳақорат қилганини айтди:

“Биз салом бериб ўтиб кетаётган эдик, прокуратура мулозими бирдан шундай “к...т”лар деб ҳақорат қилди. Кейин у билан Эркин тортишиб қолди. Ёшим ҳам элликдан ошди, ўзингдан анча ёш одамдан бунақа ҳақорат эшитиш одамга алам қилади экан”, деди маҳалла оқсоқоли.

Эркин Гаппаров вилоят прокуратураси мулозими Музаффар Маматмуродовнинг уни ҳақорат қилгани ҳақида вилоят ҳокимининг қабулхонасига ариза қолдирган ва унинг шикояти рўйхатга олингани ҳақида 26 апрель куни SMS олган.

Озодлик вилоят прокуратураси мулозими Музаффар Маматмуродовнинг ўзи билан боғланиб “нега маҳалла оқсоқоли ва котибини” ҳақорат қилганлиги ҳақида сўради.

Музаффар Маматмуродов Озодлик мухбиридан гап ким ҳақида кетаётганини ҳам сўрамасдан, бирданига “мен ҳеч кимни ҳақорат қилганим йўқ”, деди ва бу гапни бир неча бор такрорлади.

Озодлик “нега ундай деяпсиз, гап ким ҳақида кетаётганини сўрамадингиз ҳам”, деган саволидан сўнг, мен “мажлис қиляпман, вақтим йўқ”, деди ва алоқани узди.

Озодликнинг аниқлашича, Музаффар Маматмуродов вилоят прокуратурасининг 17-бўлими прокурори вазифасида ишлайди ва Ангор туманига хизмат сафари билан юборилган.

2017 йилнинг январь ойида ўтказилган йиғилишда президент Мирзиёев Ўзбекистон прокуратурасини "репрессия органи" деб атаган ва бу тизимнинг "яроқсиз" бўлиб қолганини айтган эди. "Прокуратура фақат жазолайдиган репрессия органи бўлиб қолмаслиги, аксинча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда ҳимоя қиладиган тизимга айланиши зарур", деб таъкидлаган эди.

Ўтган йилнинг 2 август куни Шавкат Мирзиёев ўтказган видеоселектор йиғилишида прокурорлар ва уларнинг фаолиятини яна қаттиқ танқид қилган эди.

Президент “эски ахлат тизими”дан қолган прокурорларнинг ўзлари "энг катта ўғри" эканлигини таъкидлар экан, агар ҳалол ишламаса, алмаштиришдан кейин қолган прокурорларни ҳам ишдан четлатишини айтганди.

Ўтган йилнинг 22 декабрь куни Мирзиëев Олий Мажлисга тўрт соатлик Мурожаати давомида маданиятсиз ҳокимларни танқид қилар экан, уларни назарда тутиб, жумладан бундай деган эди:

“Одамлар билан гаплашишни билмайди. Кечирасиз, маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказиб, одамларни ҳақорат қилиб… Ким уларга ҳуқуқ берди? Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировни ҳақорат қилишга? Ким? Ҳаммаларинг билинглар, ундақа билан (яъни одамларни ҳақорат қилиш билан – таҳр.) биронталаринг эртанги кунда ишламайсизлар, деган эди президент.

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG