Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:46

Путин Ғарбни қоралаб Россия “мулоқот”га очиқлигини айтди


Россия президенти Владимир Путин AҚШ, Европа Иттифоқи ва НAТОни Москва қўллаб келаётган айирмачилар назоратида бўлган Украина шарқидаги вазият ва бошқа масалалар бўйича муносабатини танқид қилди. Шунингдек, Россия “мулоқотга тайёр” эканлигига ҳам урғу берди.

Москвада Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари олдида қилган нутқида Путин 16 июнь куни AҚШ президенти Жо Байден билан бўлиб ўтган музокараларида “мулоқот ва муносабатларни босқичма-босқич тартибга солиш учун баъзи имкониятлардан фойдаланганини” айтди.

“Вашингтон билан стратегик барқарорлик ва ахборот хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик бошланди, аммо кўп масалаларда бизнинг манфаатларимиз, хулосаларимиз ва ёндашувимиз кескин фарқ қилади”, дея қўшимча қилган Путин.

Россия президентининг бу сўзлари Кремл ва Ғарб ўртасидаги зиддият Москва 2014 йилда Қримни босиб олгани ва Украина шарқидаги айирмачи гуруҳларни қўллаб-қувватлаганидан кейин янада кучайган паллада янгради.

Ғарб Москвани сайловларга аралашганликда, Кремл танқидчиларига қарши Буюк Британияда кимёвий қурол қўллаганликда, 2014 йил июлида Украина шарқида Малайзияга тегишли йўловчи учоғини уриб туширишда фойдаланилган зенит тизими билан таъминлаганликда, НAТО давлатларига қарши киберҳужум уюштирганликда айблаб келади.

Путин ўз нутқида Украина ҳукумати Украинанинг шарқий қисмини назорат қилиб турган ва Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган айирмачилар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишдан бош тортгани ҳақида ҳам тўхталди.

Москва Украинани 2014 йил апрелидан бери 13200 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган можарога чек қўйишга қаратилган Минск келишувини бузганликда айбламоқда.

Киев ҳам ўз навбатида Москвани Украинага халқаро чегаралари устидан назорат ўрнатишга ёрдам беришдан бош тортиб, Минск келишувларини бузганликда айблади.

Москва айирмачиларга ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий ёрдам берганига оид ишончли далилларга қарамай, Россия Украина урушидаги иштироки ҳақидаги айбловларни рад этиб келади. Украина ва НAТО эса сўнгги вақтда Россия икки давлат чегараси яқинида ҳарбий куч тўплаганини танқид қилган эди.

“Ғарб Киевни замонавий хавфли қуроллар билан таъминлаб, Қора денгиз ва бизнинг чегараларимизга яқин ҳудудларда провокацион ҳарбий машғулотлар ўтказиб, минтақадаги вазиятни кескинлаштираётганини ҳам унутмаслик керак” деган Путин. Шунингдек, Москва НAТОнинг ўз ҳарбий инфратузилмасини Россияга яқин давлатларга кенгайтиришига “муносиб” жавоб қайтаришини ҳам қўшимча қилган.

Украина ва Қўшма Штатлар сўнгги ойларда Қора денгизда йирик ҳарбий машғулотлар ўтказди. НAТО Бош котиби Йенс Столтенберг 15 ноябр куни Қора денгиз минтақасида ўтказилаётган бундай машғулотлар “мудофаа учун ва шаффоф” эканлигини таъкидлаган эди.

Сентябрь ойида Кремл агар НAТО Украинадаги ҳарбий инфратузилмасини кенгайтирса, бу қуюшқондан чиқиш билан баробар бўлади деб огоҳлантирган эди.

“Биз доимий равишда бу борада ўз хавотирларимизни билдирганмиз, қизил чизиқдан ўтмаслик ҳақида гапирамиз, бироқ улар барча огоҳлантиришларимизга жуда юзаки муносабатда бўлишларини ҳам биламиз” деган Россия президенти.

Путин, шунингдек, Ғарбнинг стратегик қирувчи учоқлари Россия чегараларидан 20 километр нарида учаётганини ҳам таъкидлаган.

У Қримнинг аннексия қилиниши ва Донбасдаги можаролар ортидан Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар Европа Иттифоқи билан музокаралар учун имкониятларни “сўндириб бораётганини” ҳам қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG