Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2024, Тошкент вақти: 10:05

Оилавий қадриятлар: Путиннинг куёви миллиардер Михелсоннинг газ лойиҳасига қўшилди


Россия, Путин, газ. Коллаж.
Россия, Путин, газ. Коллаж.

Владимир Путиннинг тўнғич куёви, 35 ёшли Евгений Нагорний Мурманск вилоятида газ қувури тортилишига куратор этиб белгиланди. Ушбу газ қувури – Россиянинг катталиги бўйича “Газпром”дан кейин иккинчи ўринда турувчи “Новатэк” ширкатига тегишли муҳим лойиҳанинг бир қисмидир. “Новатэк” соҳиби, миллиардер Леонид Михелсон Путиннинг эски таниши бўлиб, президент оиласини ўз бизнесига аввалдан шерик қилиб келган.

2023 йилнинг сентябрида саккизинчи Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи йиғилишини, одатдагидек, Владимир Путин очиб берди. Кутилганидек, у ўз маърузасини Узоқ Шарқ муаммоларидан бошлади ва бирдан Мурманскка ўтиб кетди.

Президент ушбу регионда “СТГ [суюлтирилган табиий газ] ишлаб чиқариладиган қудратли марказ” яратиш режаси ҳақида маълум қилиб, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун газ қувури лозимлигини айтди. “Ширкатларимиз, – номларини тилга олиб ўтирмайман, – ушбу муҳим инфратузилма объектини ким ва қандай қуриши масаласида ҳукумат воситачилигида ўзаро келишиб олишади, деб умид қиламан. Чунки ушбу лойиҳа Мурманск шаҳри, ҳудудлар ва ҳатто Карелия учун ҳам ниҳоятда муҳим”, деди Путин.

Аксарият ушбу лирик чекинишга парво ҳам қилмаган бўлса бордир, аммо залда ўтирганлардан камида бир гап нима ҳақидалигини аниқ биларди. Биринчи қаторда, Путиннинг нақ рўпарасида ўтирган миллиардер Леонид Михелсон қувончдан гул-гул яшнаб кетган бўлса керак, ахир Путин туйқус сўз очган газ қувури Мурманскдан кўра унинг учун муҳимроқ эди-да.

Лойиҳанинг шахсан Путин томонидан очиқча қўллаб-қувватланиши “Газпром” ва Давлат Думаси билан музокараларда Михелсоннинг қўлини баланд қилиши керак эди. Шундай бўлди ҳам. Аммо бу тасодиф эмас. Россия бизнес муҳитида кўзи пишган миллиардер синалган усулни ишга солган эди. “Система” журналистлари аниқлашича, у Мурманскдаги газ қувури қурилишига Путиннинг куёвини жалб қилган экан.

Санкциялар остида қолган завод

Мурманскдаги лойиҳадан матбуот 2023 йилнинг майида хабар топди. Михелсоннинг “Новатэк” газ гиганти бу пайтга келиб жиддий қийинчиликларни бошдан кечираётганди.

Россия гази, нефтдан фарқли ўлароқ, Украинага босқин ортидан Ғарбнинг тўғридан-тўғри санкцияларига учрамади, аммо Ғарб ўз саноат ресурслари ва технологияларидан фойдаланишни чеклаб қўйиши Россия газ бизнесига оғир зарба бўлди.

“Новатэк”ка, айниқса, СТГ заводи учун зарур кучли газ турбиналари Россияга экспорт қилиш тақиқлаб қўйилгани катта муаммо бўлди. Яна бир бошоғриқ – газ ташувчи музёрар танкерлар етишмас ва бу ҳам Ғарб технологияларига боғлиқ эди. Буларнинг бари нафақат “Новатэк”нинг ўз соҳаси бўйича жаҳонда етакчи мавқега эришиш даъволарини чилпарчин қилиши билан бирга, умумият-ла Михелсоннинг газ бизнесини хавф остига қўйганди.

Ямал-Ненецк автоном округидаги "Новатек" компаниясига қарашли суюлтирилган газ омборлари.
Ямал-Ненецк автоном округидаги "Новатек" компаниясига қарашли суюлтирилган газ омборлари.

Михелсон ва унинг ширкатини айни вазиятда Мурманск лойиҳаси қутқариши мумкин эди. У “Новатэк”нинг қарийб тўлиқ Россия компонентлари қўлланадиган ўз технологияси асосида СТГ заводи қуришни назарда тутади. Газ турбиналари шарт эмас – электр энергиясини Кола АЭСдан олиш мумкин. Музёрар танкерларга ҳам ҳожат йўқ – Мурманск порти музламайди.

Афтидан, нажот йўли топилганди. “Газпром” билан келишиш қолган эди, холос.

Қувурдаги тиқин

“Газпром” билан “Новатэк”ни “сиртдан бир-бирига дўстдек кўринадиган ашаддий душманлар” дейиш мумкин. Бир тарафдан, Россия газ монополисти “Новатэк”нинг 10 фоизига эгалик қилади. Бошқа томондан, улар табиий газ экспорти учун аёвсиз рақобатлашади. Чет элга газ сотиш аввалбошдан тўлиғича “Газпром” маҳрига тушган эди, аммо “Новатэк” “Роснефть” билан бирга бу монополияни қисман бекор қилишга муваффақ бўлди.

Михелсон Мурманск гази экспортини ҳам “Газпром”ни четлаб ўтган ҳолда йўлга қўймоқчи бўлди, яъни заводда хомашё сифатида фақат ўз газидан фойдаланиб, монополистни яна даромаддан маҳрум қилмоқчи эди. Бундан ташқари, Михелсоннинг лойиҳаси “Газпром”нинг Мурманскда ўз СТГ заводини қуриш режасини барбод қиларди.

Айни чоғда, “Новатэк” Мурманскдаги заводни Ягона газ таъминоти тизимига улаш учун “Газпром”дан рухсат олиши лозим эди. Бунинг учун эса янги заводгача газ қувури тортиш зарур эди. Энг қизиғи, қувур тортиш харажатлари (350-400 млрд рубл ёки тахминан 4,3 млрд доллар) шусиз ҳам, газ экспорти тушиб кетгани туфайли катта зарар кўраётган “Газпром” зиммасига тушарди.

Хуллас, Михелсон нажот кўзи билан қараётган иш “Газпром”нинг раъйига буткул боғлиқ ва шу билан бирга, “Газпром” учун жозибасиз лойиҳа эди. Шунга қарамай Михелсон ишонч билан ҳаракат қилишда давом этди, режаларидан воз кечмади. Энди маълум бўляптики, у “Газпром” билан аппарат ўйинлари учун енггида кучли “кўзир қарта”ни яшириб қўйган экан.

Путиннинг бир оғиз гапи билан ишлар жадаллаб кетди

2023 йилнинг 4 сентябрини Владимир Путин Сочида ўтказди. Тушгача Туркия президенти Ражаб Эрдўғон билан музокара олиб борди. Куннинг иккинчи ярмида яна бир учрашув бўлиб, у ягона масала – “Мурманск СТГ” лойиҳасига бағишланди. Иштирокчилар – Михелсон, уч вазир, бош вазир ўринбосари ва Путиннинг ёрдамчиси. “Газпром” вакиллари қатнашмади. Мулозимлар билан тадбиркорлар йиғилиб, нимани муҳокама қилишгани ҳақида ҳеч нима дейилмади ҳисоб. Бу кейинроқ маълум бўлди.

Бир ҳафта ўтиб Путин Шарқий форумда бизнесменлар ва мулозимларни Мурманск газ қувури масаласида келишиб олишга чақирди. Ўша куниёқ Михелсон қувурни ўзи қуражагини эълон қилди, бунинг ортидан “Новатэк” бўлғуси заводни электр билан таъминлаш бўйича “Россети” давлат ширкати билан шартнома тузгани ўртага чиқди. “Газпром”нинг эътирозларига қарамай, Давлат Думаси Путиннинг амри билан Михелсонга Мурманск газини мустақил сотишга рухсат берди, ҳукумат эса “Газпром” зиммасига “Новатэк”нинг қувур тортиш харажатларини қоплаш учун ширкатга ёқилғини чегирма билан транспортировка қилиш мажбуриятини юклади.

Операция “G”: Путиннинг Ўзбекистондаги махфий омбори
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:21 0:00

Қувурни “Мурманск-Трансгаз” ширкати қурадиган бўлди. Янги заводга газ транспортировка қилиш билан ҳам у шуғулланса керак. “Новатэк” “Мурманск-Трансгаз”ни 2023 йилнинг майида рўйхатдан ўтказган, Михелсоннинг нажоткор лойиҳаси ҳақидаги илк хабарлар ўшанда пайдо бўлганди. Ўшандан бери ҳукумат газ қувури қувватини икки марта қайта кўриб чиқиб, уни салкам икки бараварга оширди.

2023 йилнинг охирида “Мурманск-Трансгаз”да ғаройиб воқеа юз берди: ширкатга Владимир Путиннинг куёви Евгений Нагорний раҳбар бўлиб келди.

Куёвболанинг карьераси: божхонадан “Новатэк”гача

Путиннинг қизига йўлиққунича Евгений Нагорний тақдирида туб бурилиш умуман бўлмаган. У Москва шаҳрида, ўртаҳол оилада туғилган, онаси мактабда “завуч” бўлиб ишлаган, 2005 йилда мактабни тамомлаган.

Мактабни битириб, Москва молия-юридик университетининг божхона факултетига кириб ўқиган. 2010-йиллар бошида “Рособоронэкспорт”нинг божхона брокери бўлмиш “Оборон-терминал” АЖда, кейин эса минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи “Еврохим” ширкатида бош мутахассис бўлиб ишлаган.

Тахминан ўша кезлар Нагорнийнинг синфдоши ва болаликдан дўсти Олеся Сагайдак Владимир Путиннинг тўнғич қизи Мария Воронцова билан яқинлашади. Қизлар МДУнинг фундаментал тиббиёт факултетида бирга ўқишган дугоналар бўлиб, вақти-вақти билан бирга саёҳатга чиқиб туришарди – бу ҳақда “Настояшчее время” ва “Медуза” батафсил ёзган.

2016 йилдан Мария Воронцова дунё бўйлаб саёҳатларга Нагорний билан чиқадиган бўлди. 2017 йилнинг апрелида улар фарзанд кўришди – болакай отасининг фамилиясини олган ва улар билан бирга саёҳат қилади. Мария Воронцованинг ўзи ҳам, интернетда ул-бул буюртма қилган вақтларида Нагорная фамилиясидан фойдаланади.

Путиннинг норасмий куёви (ёшлар ҳали никоҳдан ўтишмаган) “Новатэк” ширкатига 2017 йилда ишга жойлашган: дастлаб харидлар бошқармаси бошлиғига муовин бўлган, кейинроқ шу бошқарма бошлиғи лавозимига тайинланган.

Евгений Нагорнийнинг исм-фамилияси ва телефон рақамини “Новатэк”нинг насослар, сепараторлар ва адсорберлар харид қилиш бўйича тендер ҳужжатларидан топиш мумкин. Яъни, афтидан, у газ қазиб олиш соҳасини унча-мунча тушунади.

Бир лойиҳа суиқасди

Михелсон “Мурманск СТГ” билан боғлиқ муаммоларни Путин ёрдамида ҳал этаётган пайтда “Новатэк”нинг “Арктик СТГ 2” номли бошқа бир лойиҳаси устида қора булутлар пайдо бўлди. Қурилишига Путиннинг шахсан ўзи бош қўшган ушбу завод 2023 йил охирида ишга туширилиши ва “Новатэк”нинг энг йирик корхонаси бўлиши керак эди. Аммо ноябр ойи бошида “Арктик СТГ 2” АҚШ санкцияларига учради. “Мақсадимиз – ушбу лойиҳани ўлдириш”, деган эди АҚШ давлат котибининг энергетика масалалари бўйича ёрдамчиси Жеффри Пайет.

Давлат департаменти “Арктик СТГ 2”ни АҚШ Мудофаа вазирлиги билан бамаслаҳат нишонга олган бўлиб, бу Россияни янги энергетика лойиҳалари ва улардан келажак даромадлардан маҳрум этишга қаратилган улкан режанинг бир қисми эди. Ноябрнинг охиридаёқ “Арктик СТГ 2” форс-мажор вазиятдан ҳамкорларини огоҳ қилди, “Новатэк”нинг чет эллик инвесторлари лойиҳани молиялашни тўхтатдилар. 2024 йил бошида ширкат “Арктик СТГ 2”да газ қазиб олишни кескин камайтирди, кейин эса бутунлай тўхтатди. “Санкциялар биз кутгандан ҳам яхши таъсир қилиб, лойиҳани тўхтатиб қўйди”, деган эди Арктика институти эксперти Малте Ҳамберт.

Ушбу манзарада “Мурманск СТГ”нинг аҳамияти янада ортди. Ўтган ойда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб, “Новатэк” энди бор эътиборини унга қаратиб, “Арктик СТГ 2” бўйича ишларни минимумга туширмоқчи экани ҳақида ёзди. Бироқ Мурманск лойиҳасини ҳам жиддий синовлар кутмоқда. Гап шундаки, Россиянинг СТГ заводига қарши санкцияларга Евроиттифоқ ҳам қўшилмоқчи – ҳолбуки, завод маҳсулотининг қарийб ярмини айнан Европага экспорт қилиш режаланган.

Аввалроқ экспертлар “Мурманск СТГ” қурилишини молиялашга “Новатэк”нинг қурби етади, дея тахмин қилишган эди. Санкциялар лойиҳа қимматлашиб кетишига олиб келади, бироқ суюлтирилган табиий газ баҳоси кескин кўтарилиши ҳисобига харажатларни қисман қоплаш мумкин. Жуда бўлмаса, ҳар доимгидек, давлат ёрдам беради. Харидорларга келсак, Европа ўрнини Ҳиндистон ва Хитой эгаллаши мумкин.

Ўзбекистон Кремл чангалидан қутулиши мумкинми? Анвармирзо Ҳусаинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:32:05 0:00

Расман, Мурманск лойиҳаси бўйича якуний инвестиция қарори қабул қилинганича йўқ. 2023 йилнинг декабр ойи бошида “Новатэк” янги “Мурманск СТГ” МЧЖни таъсис этди. Икки ҳафтадан сўнг эса завод учун газ қувури қуриб берадиган ширкатга Путиннинг куёви бош директор бўлиб келди. Яна икки ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб, Янги йил арафасида, ҳукумат, Путиннинг топшириғига биноан “Мурманск СТГ” ва унга тегишли газ қувурини давлат энергетика сиёсати приоритетлари сирасига киритди.

Евгений Нагорний “Система” таҳририятининг телеграм орқали йўллаган сўровини ўқиди, аммо жавоб бермади. “Новатэк” ҳам сўровни жавобсиз қолдирди.

Форум

XS
SM
MD
LG