Линклар

Шошилинч хабар
16 июл 2024, Тошкент вақти: 13:51

Ислом ва Путиннинг амбициялари. Росгвардия билан ҳамкорлик муфтиятга нега керак?


Россия бош муфтийси Талгат Тажуддин ва Росгвардия раҳбари Виктор Золотов.
Россия бош муфтийси Талгат Тажуддин ва Росгвардия раҳбари Виктор Золотов.

Росгвардиянинг Шимолий Кавказдаги тузилмаларида мусулмонлар билан ишлаш бўйича ёрдамчи лавозими жорий этилади. Кавказ.Реалии нашрига изоҳ берган экспертларга кўра, жанубий республикаларга таъсири ўтмаётган диний бошқарма кучишлатар идора ёрдами билан Кавказда ўз мавқеини мустаҳкамламоқчи.

Ҳарбий капелланлар

Май ойи охирларида Давлат Думаси депутати Александр Хинштейн Росгвардия билан Мусулмонлар марказий диний бошқармаси (ММДБ) ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзолангани, мазкур ҳужжатга биноан Росгвардия ҳудудий органларида, жумладан Шимолий Кавказда муфтийлар иш бошлаши ҳақида гапирган эди. Шартномага Росгвардия раҳбари Виктор Золотов ҳамда бош муфтий Талгат Тажуддин имзо чекишган. Депутат “миллий гвардия қўшинларида қарийб 50 минг мусулмон хизмат қилиши”ни урғулаган, бироқ ахборот манбасини кўрсатмаган.

Хинштейн кейинроқ VK ижтимоий тармоғида масалага аниқлик киритиб, ҳамкорлик натижасида “Росгвардия тизимида анъанавий конфессияларни тамсил этувчи ҳарбий капелланлар пайдо бўлган”ини маълум қилди.

Страсбургдаги масжиднинг собиқ имоми ва Европа чеченлари ассоциациясининг собиқ матбуот котиби Шомил Албаков урушда капелланларнинг вазифаси кўп ҳолларда рамзий бўлиб, диний маросимларни ўтказиш ва ўликларни ювишдан иборат эканини айтади. Бироқ у Марказий диний бошқарма имомларининг функциялари бу билан чекланиб қолмаслигига амин: “Улар урушни – жиҳод, ҳалок бўлган ҳарбийларни эса шаҳидлар дея динни бузиб талқин этиб, Путиннинг сиёсий амбицияларига мослаштиришади”, дейди Албаков.

Росгвардия ушбу келишувни томонларнинг “ислом динига эътиқод қилувчи ҳарбий хизматчилар, Росгвардия ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг диний билимларини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида ва маънавий-ахлоқий тарбиялашга қаратилган ҳамкорлиги” деб атади.

Дарвоқе, март ойида Росгвардия патриарх Кирилл тимсолида Россия православ черкови билан ҳамкорлик шартномаси имзолаган эди. Ўша маросимда иштирок этган депутат Хинштейн кучишлатар идора мусулмонлар, буддистлар ва яҳудийлар билан ҳам худди шунақа ҳужжатлар имзолашни режалаётганини айтган.

Ўшандан бери христианлар билан келишув доирасида бирон иш қилингани маълум эмас. Буддистлар ва яҳудийлар билан эса шартномалар имзоланганича йўқ.

Кавказ.Реалии таҳририяти ММДБнинг Уфадаги бош офисига бир неча марта қўнғироқ қилди, аммо, котибнинг айтишича, ҳар гал ушбу хабарга изоҳ бера оладиган ходим иш жойида бўлмади. Электрон почта орқали йўлланган саволларга ҳануз жавоб берилгани йўқ. Депутат Хинштейнга юборилган саволлар ҳам жавобсиз қолаётир.

Кавказга таъсир ўтказиш учун диний кураш?

Таҳририят изоҳ сўраган экспертларнинг қатъий фикрича, Мусулмонлар марказий диний бошқармаси Шимолий Кавказда катта таъсиркучига эга эмас. Масалан, ММДБнинг минтақадаги вакилларидан бири бўлмиш Аҳмед Сагов муфтиятнинг Ингушетиядаги ваколатхонасини бошқаради. 2020 йилда у “Марказ ингуш умматининг маънавий бирлигини сақлаш учун ижтимоий ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказади”, деб ваъда берган эди.

Амалда эса Сагов диний жабҳадаги ишлар билан эмас, Рамзан Қодиров мухолифатчи Янгулбоевларга қарши 2022 йилда ташкил қилган митингларда нутқ сўзлагани билан “шуҳрат қозонди”. Шу воқеадан сўнг Ингушетияда айримлар уни халқ номидан гапирмасликка чақиришганди. 2023 йилда Сагов Украинага қарши урушда қатнашаётган Кубан казаклар қўшини вакилларига совға-салом олиб боргани ҳам гап-сўз бўлган эди. У Росгвардия билан муфтиятнинг ҳамкорлик ташаббусида иштирок этадими, йўқми – ҳозирча номаълум.

Мусулмонлар марказий диний бошқармаси Ростов вилоятини “монополия” қилиб олган, дейди исми сир тутилишини хоҳлаган исломшунос олим.

“Сиз билан биз биламизки, Ростов-Дон – жануб ва Кавказнинг ҳарбий маънодаги энг асосий шаҳридир. ММДБнинг ҳарби қисмлар учун ҳамкор сифатида танланишига шу туфайли бўлса керак”, дейди эксперт.

OzodNazar: Мирзиёев Путиннинг “пиёда аскари”ни нега элдан бурун ҳайит билан табриклади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:32:50 0:00

Бироқ, дейди суҳбатдошимиз, ҳатто Ростов шуъбаси ҳам Шимолий Кавказга таъсир ўтказа олмайди, чунки “барча республикаларнинг ўз муфтияти бор ва улар кучли”.

“Улар жойлардаги ҳарбий қисмларда ўрнашиб, маҳаллий диний арбоблар билан тил топишишга ҳаракат қилишади, чамаси. Бу ишлар Шимолий Кавказда марказий муфтиятнинг обрўсини ошириш учун қилиняпти деб ўйлайман”, фикр билдиради исломшунос.

Кавказ.Реалии олимнинг тахминларини тасдиқлаши ёки рад этиши учун муфтиятнинг Ростов вилояти шуъбаси раҳбари Муҳаммед Бикмаевга мурожаат қилди. Аммо у саволларни марказий офисга йўллашни маслаҳат бериб, алоқани узди.

Сиёсатшнос Руслан Айсин ҳам ММДБ ўз таъсир доирасини Шимолий Кавказга томон кенгайтиришга уриняпти, деб ҳисоблайди. Экспертимиз фикрича, муфтиятлар орасида энг қадимийси бўлгани учун Росгвардия айнан уни танлаган.

“ММДБ консерватив ташкилот бўлиб, Екатерина II давридан бери мавжуд. Тўғрироғи, у ўзини Екатерина II тузган Оренбург муҳаммадийлар диний кенгашининг тўғридан-тўғри вориси деб ҳисоблайди. Менимча, бошқарма шимолий Кавказда Доғистон диний идораси билан рақобатлашса керак. Чеченистон ва Доғистон муфтиятлари кучишлатар тузилмалар билан фаол алоқа боғламоқда, уруш бўлаётганини ўйлаб ММДБ ҳам кучишлатар идоралардан таянчи бўлишини хоҳлаяпти”, дейди Айсин.

Эслатиб ўтамиз, Россия муфтиятлари ягона тузилмага бирлашмаган ва алоҳида-алоҳида фаолият юритади. Мусулмонларнинг федерал аҳамиятга эга бир нечта диний бошқармалари мавжуд.

Исми очиқланишини истамаган исломшунос олим бундай “диний хилма-хиллик” исломга хос жиҳат эканини таъкидлайди. Бироқ, сиёсатшунос Руслан Айсин фикрича, Россия православ черкови ёки Россия яҳудийлар конгресси каби ягона ҳокимият вертикали шаклланган диний тузилмалардан фарқли ўлароқ, Кремл уларга сиёсатнинг ҳақиқий субъектлари деб қарамайди.

Путинга энг содиқ муфтий

Кавказ.Реалии сўзлашган экспертлар бир фикрда якдил: Россиядаги барча муфтиятлар ҳукуматга хайрихоҳ, жумладан уруш масаласида ҳам уни қўллаб-қувватлашади. Бироқ, христиан конфессиялари орасида урушга қарши руҳонийлар унда-мунда учраб турса-да, очиқча урушга қарши кайфиятли имом Россияда қолмаган.

Айни чоғда Айсинга кўра, Тажуддин бошлиқ муфтият ҳукуматга бошқалардан кўра садоқатлироқ. “Улар империя давридан бери ишлаб келишаётгани учун исломга асосан империячи Россия кўзи билан қарашга ўрганиб қолишган”, дейди сиёсатшунос.

Талгат Тажуддин ҳукуматга жуда яқинлигини шундан ҳам билса бўладики, Путиннинг диний ташкилотлар арбоблари билан учрашувларида мусулмонлар умматини доим у тамсил қилиб келади.

Собиқ имом Шомил Албаков ММДБ муфтийлари ҳарбий капеллан ролидан бош торта олмасликларини айтади.

“Ҳеч ким мухолифатга ўтиб олмайди. Тизимдаги муфтийлар ҳеч нима қила олишмайди, ғинг демай бажаришади. Ҳа, бу урушда қатнашиш гуноҳ ва исломга тамомила зид. Лекин муфтийлар исломни бузиб талқин қилавериб ўрганиб қолишган. Хуллас, улардан пацифизмни кутманг”, хулоса қилади Албаков.

Эслатиб ўтамиз, Украинага қарши тўлақонли босқинни жиҳод, яъни муқаддас уруш деб атаган одам Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировдир. Чеченистон муфтийси Салаҳ Межиев эса Украинадаги урушда ўлган мусулмонлар шаҳид мақомини олади, деган эди.

2023 йилдан бошлаб Чеченистон имомлари Гудермесдаги Россия “спецназ” университетида ҳарбий тайёргарлик кўришмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG