Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:18

Путин матбуот котибининг қизи Европа парламентида ишлаяпти


Елизавета Пескова йиллардан бери Парижда яшайди.
Елизавета Пескова йиллардан бери Парижда яшайди.

Россия президенти Владимир Путин матбуот котибининг қизи Брюсселдаги Европа парламентида (ЕП) амалиёт ўтамоқда ва у Европа Иттифоқига (ЕИ) тегишли турли ҳужжатлар билан ҳеч бир тўсиқсиз танишиш имкониятига эга.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг қизи 21 яшар Елизавета Пескова ЕПнинг франциялик аъзоси Эмерик Шопрад қўлида амалиёт ўтамоқда. Ушбу евродепутат Россия 2014 йили Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олишини очиқ қўллаб-қувватлаган эди.

Пескованинг исми Шопраднинг ЕП сайтидаги веб-саҳифасида ҳам қайд этилган.

“Пескова хоним – Россия Федерациясидаги юқори лавозимли кишининг қизи, лекин у амалиёт ўтовчи талаба сифатида бошқа ёшларга нисбатан алоҳида ҳуқуққа эга эмас”, деб ёзди Шопрад электрон почта орқали Озодликка юборган изоҳида.

Унинг қўшимча қилишича, Пескова айни пайтда Россияда на давлат ва на хусусий идорада ишлайди.

“Бинобарин, менинг парламент аъзоси сифатида фаолият юритишимда манфаатлар зиддияти йўқ”, деб ёзди Шопрад.

Шопрад ЕПнинг ташқи ишлар қўмитаси ҳамда хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича кичик қўмита, қолаверса, Европа Иттифоқи-Россия парламентлараро делегацияси аъзосидир.

У 2014 йил мартида Россия Украинага тегишли Қрим ярим оролини босиб олгандан сўнг Москва ўша ерда уюштирган референдумда чет эллик кузатувчи сифатида қатнашган эди.

Шопрад ўшанда референдумни “ўринли” деб атаган эди, лекин бу Европа Иттифоқининг бу тадбирга муносабатига зиддир. Қолаверса, 100 ортиқ мамлакат ёқлаб овоз берган БМТ Бош Ассамблеяси қарорида референдум ҳақиқий эмас деб топилган ва Украинанинг ҳудудий бирлиги қўллаб-қувватланган эди.

ЕПнинг бир қанча аъзолари Россия юқори лавозимли амалдорининг қариндоши ўзлари билан ёнма-ён ишлаётганидан таажжуб билдирди.

Пескова амалиёт ўтовчи сифатида ЕПнинг ҳам Брююссель, ҳам Страсбургдаги биноларига ҳеч бир тўсиқсиз кириши ҳамда қўмиталар ва парламентнинг бошқа мажлисларида қатнашиши мумкин. Аммо Шопрад Пескова ёпиқ мажлисларда ёки ЕИ-Россия парламентлараро қўмитаси тадбирларида қатнаша олмаслигини ва махфий ҳужжатлардан фойдалана олмаслигини айтмоқда.

Назорат унчалик қаттиқ эмаслиги ва текширувлар кам бўлгани сабаб амалиёт ўтовчиларнинг сиёсий гуруҳлар йиғинларида қатнашиш имконияти мавжуд. Пескова ЕП интранети ва Шопраднинг партияси интранетига бемалол кира олади.

ЕПда амалиёт ўтаётган кишиларга ЕП аъзосига ажратилган бюджетдан маблағ ажратилади. Бу аслида – европалик солиқ тўловчиларнинг пули. Пескованинг маош олиш-олмаслиги аниқ эмас.

Амалиёт ўтовчига қанча маош тўланишини ЕП депутати ҳал қилади. Унинг ёрдамчилари учун ҳар ойда 25 минг евро ажратилади. Бир амалиёт ўтовчига кўпи билан 1600 евро маош тўлаш мумкин, лекин ЕП депутатлари амалиёт ўтовчиларни маош тўламай ҳам ёллаши мумкин.

ЕП аъзоси амалиёт ўтовчини рўйхатга олиш учун масъул. Вақтинчалик аккредитация олиш учун махсус форма тўлдирилиб, парламентнинг аккредитация берувчи офисига топширилади. Доимий аккредитация олиш учун эса уч ҳафта талаб этилади. Шопрад Пескованинг амалиёт ўташи билан боғлиқ барча тартиб-қоидаларга риоя этилганини ва у билан тузилган шартномани парламент маъқуллаганини билдирди.

Шопрад 2015 йилга қадар Франциянинг ўнг қанот “Миллий фронт” партияси аъзоси бўлган, унга таниқли сиёсатчи Марин ле Пен раҳбарлик қилади. Аммо ле Пен хоним аксилсемититизмда айблангандан сўнг Шопрад партиядан чиқиб, ЕПнинг мустақил депутатига айланди. У кейинчалик парламентдаги “Озодлик ва бевосита демократия Европаси” деб аталувчи ўнг қанот гуруҳи раисига ўринбосар бўлди.

ЕПнинг германиялик аъзоси Кнут Флекенштейн Песковага ўхшаш сиёсий алоқалари бор кишилар Европа парламентига ишга олинаётгани ҳақидаги маълумот ошкор қилиниши керак деб ҳисоблайди.

Францияда яшаб¸ шу ерда ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олаëтган Пескова Россия сиёсий элитасининг Ғарбий Европада ўқиётган ёки яшаётган кўплаб фарзандларидан биридир. Кремль танқидчилари уларни иккиюзламачиликда айблаб келади.

XS
SM
MD
LG