Россиялик сиёсатчи, Алексей Навальнийнинг яқин сафдошларидан бири бўлмиш Леонид Волков Озодликнинг рус хизматига берган интервьюсида Путин шахси, унинг идора усуллари, ўтмиши, бугунги аҳволи ва муҳтамал қисмати ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Украинага босқин сабаблари, мазкур колониал уруш сабаблари ва оқибатлари хусусида ўз мулоҳазаларини билдириб, Россиянинг мағлубияти қандай кечиши мумкинлигидан баҳс этди.
Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинишидан бир неча кун олдин бўлган ушбу мулоқот қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Владимир Путин феномени нимада?
– Украина билан урушни айнан ва шахсан Путин бошлаганини идрок этаётган одамлар тобора кўпаймоқда. У салкам чорак асрдан буён Кремлда ўтирибди ва ҳозирча ҳокимиятни бировга бермоқчига ўхшамайди. Айтинг-чи, Владимир Путин феномени нимада?
– Владимир Путин унга мерос қолган ресурслардан унумли фойдаланди. У яхши тактик ва жуда сабрли шогирд. Путин ҳеч қачон буюк инсон бўлмаган. Мактабда учга ўқиган, институтни амаллаб битирган, КГБда “Куя” лақабини олган. Карьера қилишда хизматдошларидан анча орқада қолиб кетган. Уни Березовский, Чубайс ва Ельцин оиласи президент қилишди. Телевизорнинг кучи билан. “Аҳа, телевизор мендек нотавонни Россия президенти қилишга қодир экан, шундай қилишим керакки, у менга асло хавф сола олмасин”, дея хулоса чиқарди Путин. Ва ишни НТВни яксон этиш, бутун медиани жиловлашдан бошлади...
Путин пулнинг қудратини, пул ва сиёсий технологиялар ёрдамида тўнкани депутат қилиш мумкинлигини кўрди. “ЮКОС”га қарши илк жиноят иши – Ходорковский Думага сайловда “Яблоко” ва КПРФни молиялаганига жавоб эди. Бу аниқ мужда бўлди: ҳеч биринг сиёсатга пул тика кўрма. Сиёсатни молиялаш энди фақат Кремлнинг ҳаққи эди...
Қолаверса, 1993 йили бир ойда апил-тапил, нўноқларча қабул қилинган Конституция унинг учун ажойиб мерос бўлди. Суперпрезидентлик бошқарувини ўрнатишга, парламентни ахталашга қаратилган ушбу Конституция Путинга ҳокимиятни ўз қўлида жамлаш учун чексиз имкониятлар берди...
Ва ниҳоят, Путин барча муҳим соҳалар тепасига ўз шотирларини қўйиб, дам-бадам уларни бир-бирига гижгижлаш ва яна ўзи катта қози сифатида уларни яраштиришни ўрганди. Бюрократик аппаратни ана шу схема асосида мувозанатга келтирди.
– Экспертлар уни кадр танлашда устаси фаранг, ўзига содиқ ва жиноятларида шериклик қилишга шай одамларни топишни жуда яхши билади, деб таърифлайдилар.
– Путиннинг кадр танлашдаги яққол хатолари жуда кўп бўлган. Бироқ у ўзи яратган мафиоз тизимни юритишни яхши билади. Ҳа, Путин қурган тизим “мафия давлати”дан бошқа нарса эмас, бу тизимда ерости ва ерусти бойликлар, легал ва нолегал даромадлар тақсимоти, ўзаро алоқалар – барчаси мафия қоидалари асосида ташкил қилинган. Ва Путин мувозанатни таъминлаб турибди, чунки у 1991 йилдан 1996 йилгача том маънода Питер мафияси бошлиғи бўлган. Бу тизим қай тартибда ишлашини у яхши ўзлаштирган. Петербург криминал оламининг бошқарув услуби кейинчалик бутун мамлакат миқёсида жорий этилди, муваффақиятли жорий этилди, чунки Ельциндан мерос Конституция бунга эшикни катта очиб қўйганди.
– Сизнингча, Путин бу қилмишлари учун қандай жазога лойиқ?
– Россия қонунчилигида бунақа ҳолатлар учун умрбод қамоқдан ўзга жазо назарда тутилмаган. Агар Путин Халқаро жиноят суди ҳукми билан умри охиригача озод қилинса, бу идеал сценарий бўлур эди. Аммо бунинг учун Россия армияси Украинада кетма-кет жиддий мағлубиятга учраши, генераллар исён кўтариб Путинни ҳокимиятдан четлатиши, элита ичида нифоқ чиқиши ва бу нифоқ постпутин ҳокимиятини сақлаб қолиш имконсизлигини тушунишга олиб келиши, элита музокара ташаббуси билан чиқиши ва Путинни қамоққа олиб, Халқаро жиноят судига топшириши лозим. Фантастика эмас, ҳар ҳолда рўй бериши мумкин бўлган воқеалар. Россия бу йўлни босиб ўта олса жуда соз бўларди. Лекин, менимча, бундан кўра Путин судгача яшамаслиги, уни ўз одамлари ички можаро чоғида “тинчитишлари” эҳтимоли каттароқ. Ёки кексалик ва касалликдан ўлиб кетади. Аммо бунақа сценарий хайрли эмас. Чунки, агар Путин очиқ суд қилинса, Россия тозаланиш, депутинизация ва миллий ярашув йўлига ўтган бўлур эди. Ўзиникилардан биров отиб ўлдирган тақдирда уруш тугайди, тўғри, бироқ Россия тавба ва покланишдан бебаҳра қолади. Натижада йиллар ўтиб “мақсадига эришишига бир баҳя қолганда хоинлар орқасига ханжар санчган жаҳонгир Путин”ни соғинадиган, қўмсайдиган авлод вояга етади. Ва тарих такрорланиши хавфи пайдо бўлади.
– Испанияда диктатор Франко қарийб 40 йил иқтидорда бўлган. У урушдан сўнг иқтисодиётни либераллаштирган, 60-йилларда сиёсий ислоҳотлар ўтказиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини кенгайтирган. Айтингчи, Путин Франко сингари жазодан қутулиб қолиб, яна узоқ ҳокимият тепасида қолиши ва айни чоғда Россия гуркираб ривожланиши мумкинми?
– Мамлакат ортиқ ривожланмайди: Путин уни иқтисодий ҳалокатга йўлиқтирди. У ўзи 22 йил мобайнида эҳтиёткорлик ва усталик билан яратган элиталар ва ижтимоий муносабатлар мувозанатини бузди. Жамият буни ҳали идрок этмагандир, лекин тизим путурдан кетгани аниқ, орқага қайтиб бўлмайди. Путин ҳаётидаги энг катта хатога йўл қўймаганида – 2022 йил 24 февралда Украинага ҳужум қилмаганида бемалол Франко каби иқтидорда яна узоқ қола оларди. Тобора дунёдан тўсилиб, қашшоқлашаётган, қолоқлашаётган Россияда яна 15-20 йил (соғлиғи етганча) даврон суришига ҳеч нарса халал бермасди, чунки ҳокимиятни сақлаб қолиш учун захиралари етарли эди.
Россиянинг урушдаги мағлубияти сценарийси қандай бўлади?
– Путин нега уруш очди? Биринчи фаразга кўра, у ҳокимиятини йўқотишдан қўрққан. Иккинчиси – империячилик васвасаси. Учинчи тахмин тарафдорлари эса Путинни тасодифан иқтидорга келган ва асосий вазифаси мумкин қадар кўпроқ пул ўмариш бўлган фирибгар деб биладилар.
– Мен бу фаразлар орасида айирма кўрмаяпман, улар бир-бирини ажойиб тарзда тўлдиради. Путин чинакам империяпараст эмас, буни турмуш тарзи айтиб турибди. У маишатпараст. Ёш-ёш қизларни, ҳашаматли саройлар ва яхталарни яхши кўради. 700 миллион доллар турадиган “Шаҳризода”си ва Геленжикдаги саройининг ўзиёқ фикримизни тасдиқлайди. Путин – Сталин эмас. Мана, Сталин, дарҳақиқат, оддий аскарча табуреткада ўтириб империя ҳақида қайғурган. Империяпарастлик эса, унинг бошқа афсоналари каби тўқиб чиқарилган...
– Ўзи тўқиб, ўзи ишонганми бунга?
– Фойдали афсона бўлгач, ишонади-да. 2007 йилда, Мюнхендаги нутқидан сўнг Путин бу афсона билан халқни яхши “боқиш” ва ўз рейтингини кўтариш, яъни хотиржам ҳокимиятни бошқариш ва чексиз бойлик орттириш мумкинлигини фаҳмлаб қолди. Империячилик риторикаси, рус ерларини тўплаш Путин учун ўзига хос бир йўл, аниқроғи, воситадир. Ва қайсидир лаҳзада бу восита бирдан-бир мақсадга айланди. “Империячилик касали хуруж қилди” билан “рейтингини кўтариб олмоқчи бўлди” ўртасида ҳеч қандай тафовут йўқ. Путин пенсия ислоҳоти, иқтисодий муваффақиятсизликлар, допинг можароси ва ҳоказо салбий воқеалардан қатти заха еган имижини ўнглаб олишни хоҳлади. ДНКси, турмуш тарзи ва хатти-ҳаракатларига кўра Путин – тасодифан ҳокимият тепасига келиб қолган майда фирибгар холос. У ўз муаммоларини рейтинг орқали, яъни ҳокимиятдаги монополияси ёрдамида ҳал қилади, империя байроғи остида уччига чиққан фирибгарлар, гопниклар ва бандитларга услубида иш кўради.
– Россия армиясининг Украинада ҳарбий мағлубиятга учраши тарафдорларидан бири сифатида айтингчи, бу мағлубиятни қанақа шаклда тасаввур қиласиз? Россиянинг сафарбар қилинган барча аскарлари ва техникалари яксон этиладими?
– Мен уруш бу тарзда тугайди, деб ўйламайман. Некбин киши сифатида хайрлироқ якундан умидим бор. Менга маъқул сценарий қуйидагича: Россия Қуролли кучлари Харьков вилоятида бўлганга ўхшаш яна бир неча марта йирик мағлубиятга учрайди. Масалан, Херсонни ва Днепрнинг ўнг қирғоғини, сўнгра Северодонецкни, Лисичанскни, Мелитополни ва ҳатто Мариуполни бой беради. Бунақа мағлубиятлардан сўнг генераллар исён кўтариб, Путинни реал воқеликни қабул қилишга мажбур этадилар. Ва сулҳ музокаралари Россия ҳарбий мағлубиятини тан олиши шартларида кечади. Бу муҳтамал сценарийлардан энг енгили ва энг хайрлиси.
– Ёмон сценарий қанақа?
– Генераллар охиригача тирашади, Путин ҳам бункердаги Гитлер сингари ўжарлик қилади ва Украина армияси Донецк, Луганск вилоятларини, сўнгра Қримни жанг қилиб қайтариб олишга мажбур бўлади. Бу катта муаммо бўлади, икки томондан дарё-дарё қон оқади. Путин ютқазганини ҳамон тушунгани йўқ, лекин, умид қиламанки, яна бир нечта, ўзларининг таъбирича, “қайта гуруҳланиш”дан сўнг Россия ҳарбий раҳбарияти ушбу яққол ҳақиқатни Путинга бир амаллаб англатса керак.
– Россия Федерацияси фуқароси ва Россия сиёсатчиси бўлатуриб ўз армиянгизга мағлубият тилаяпсиз, бу тўғрими?
– Мутлақ тўғри. Бу ҳақда ҳамма вақт ва ҳар жойда очиқ гапираман. Эзгулик тарафида эканимдан хурсандман. Адолат ва соғлом ақл тарафида эканимдан хурсандман. Бу нуқтаи назардан ҳаммаси жуда оддий. Ҳар гал, рус аскари украин тупроғига оёқ қўяркан адолат, соғлом ақл ва қонун поймол бўлади. Рус аскарига у ерда пишириб қўйгани йўқ. Тарихда сон-саноқсиз урушлар бўлган. Ҳар бир томоннинг ўз ҳақиқати бор: қулоқ солсангиз, чиппа-чин ишонасиз. Бироқ Россиянинг Украинага қарши урушида бунақа эмас. Бу қадар адолатсиз, шармандали уруш 1939 йилдан бери бўлмагандир-ов. Россия Украинага унинг каттагина бўлагини босиб олиш, давлатчилигини маҳв этиш қасдида улкан куч билан бостириб кириб, тинч яшаётган бу қўшни мамлакатда бемисил шафқатсизлик қилмоқда. Ҳақиқатни сўзлаш ҳамиша ёқимли. Россия армияси Украина ерларидан даф бўлмоғи керак.
– Украинага урушга кетиб, у ердан жисмоний мажруҳ бўлиб қайтган рус аскарига ачинмайсизми?
– Ачинаман, майиб-мажруҳ бўлган, ҳалок бўлган ҳар бир аскарга ачинаман. Ҳар бири – бир фожиа, бир оиланинг кўргилиги, етим қолган болалар, бева қолган аёллар ва жигарбандидан айрилган оналар, дегани. Бироқ чегара деган нарса бўлиши керак. Шундай экан, саҳар вақти уйига ракета тушиб, бутун оиласини ҳалок қилган украин фуқаросига кўпроқ ҳамдардман.
Урушдан у ёки бу шаклда жабр чеккан барча россияликларга битта гапни айтаман: бошингизга тушган мусибатлар сабабчиси Кремлда ўтирибди, унинг исми Владимир Путин.
Форум