Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2022, Тошкент вақти: 12:44

Путин россияликларга жавоб санкцияларига учраган чет эл ширкатлари билан олди-берди қилишни тақиқламоқда


Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин Украинада уруш бошланганидан сўнг Россия иқтисодиётига қарши чекловлар жорий этган мамлакатларга қарши жавоб санкцияларини қўллаш тўғрисида фармон имзолади. Ҳужжат, хусусан, ҳукумат белгилаб берадиган юридик шахсларга ресурслар ва маҳсулотлар сотишни ман этади.

Фармон ҳукуматга 10 кун ичида жавоб санкциялари қўлланган шахслар рўйхатини тузиш мажбуриятини юклайди. Улар билан мавжуд шартномалар бўйича мажбуриятларни бажариш, молиявий амалиётлар ўтказиш ва янги битимлар тузиш тақиқланади.

Ҳужжатга кўра, тақиқ нафақат ширкатлар ҳамда давлат идораларига, балки Россиянинг барча фуқароларига тааллуқлидир. Фармон матнида мазкур чекловлар миллий манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилаётгани айтилади.

Март ойида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг санкциялар жорий қилган мамлакатларни дўст бўлмаган давлатлар рўйхатига киритган эди. Рўйхатда, жумладан, АҚШ, ЕИга аъзо барча мамлакатлар, Япония, Микронезия ва Сан-Марино қайд этилган.

Москвага нисбатан санкциялар қўллаган кўплаб мамлакатлар Россия табиий захираларига қарамликдан чиқишни режаламоқда. Энг аввало Евроиттифоқ Россия ёқилғиси импортини камайтириш чораларини кўряпти. Дунёнинг йирик ишлаб чиқарувчилари Россия кўмири, титани ва бошқа ресурсларидан бирин-кетин воз кечаётир.

XS
SM
MD
LG