Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2022, Тошкент вақти: 11:49

Путиннинг қўлида Ғарбга қарши ядродан бошқа яна қандай қуроллар бор?


Президент Владимир Путин ва унинг мудофаа вазири Сергей Шойгу-коллаж.

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путиннинг оммавий қирғин қуролларидан фойдаланиш таҳдиди «ҳазил эмаслигини» таъкидлади.

Байденнинг ушбу баёнотидан бир неча кун олдин АҚШ Сенати разведка қўмитаси аъзоси сенатор Марко Рубио ҳам Россия альянснинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишига тўсқинлик қилиш учун НАТОга аъзо давлатга одатий ҳарбий қуроллар билан зарба бериши мумкинлигидан хавотирда эканини айтганди.

Аммо таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Путин Ғарбни Украинани дастаклашни тўхтатишга мажбурлаш йўлида бошқа воситалардан фойдаланиши мумкин. Масалан, уларнинг фикрича, Россия президенти нефть ва газ ташувчи муҳим сувости қувурларини, маълумот ташувчи кабелларни ҳамда Ер орбитасидаги сунъий йўлдошларни нишонга олиши мумкин.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Шон Монаганнинг сўзларига кўра, Путин учун НАТО объектларига тўғридан-тўғри зарба бериш ёки ядро қуролидан фойдаланишдан кўра юқорида айтиб ўтилган усуллар мантиқийроқ бўлади.

Монаган Россия Польша каби НАТО давлатини нишонга олса, 30 аъзога эга ҳарбий альянс жавоб қайтаришга мажбур бўлишини айтди.

«Украина билан уруш [Россия учун] экзистенциал эмас. Бу улар ўзлари хоҳлаб бошлаган уруш. НАТО билан уруш эса экзистенциал бўлади», - деди у.

Шимолий оқим «саботажи»

Денгиз ости энергия қувурлари масаласида Россия аллақачон бундай ҳужумни амалга оширганликда айбланмоқда.

Ўтган ой охирида Россиядан Германияга газ ташувчи икки қувур линиясида портлаш содир бўлди. Дания ва Швеция терговчиларига кўра, Россия назоратидаги «Шимолий оқим — 1» ва «Шимолий оқим — 2» қувурларидаги портлашлар бир неча юз килограмм портловчи моддалар ёрдамида амалга оширилган.

Расмийлар портлашларда бирор тарафни тўғридан-тўғри айблашдан қочмоқда. Лекин шунга қарамай, Ғарбда кўпчилик Россия Европани Украинага ёрдам беришдан ўзини тийишга ундаш учун ўз қувурларини саботаж қилганига ишонади. Россия бир неча ойдан бери Европага табиий газ экспорти кўламини чеклаб келади. Натижада газ нархларни рекорд даражага кўтарилиб, қитъанинг энергия инқирози янада чуқурлашди. Кремль бу айбловларни инкор этиб, газ қувурларига бошидан бериб қарши бўлиб келган АҚШни айблади.

Портлашлар ортидан Ғарбда Россия Европа сув ости қувурлари ва кабелларига қарши ҳужумларни амалга ошириши мумкинлигидан хавотир кучайди.

8 октябрь куни қуруқликдаги кабелларга етказилган зарар Германия шимолида барча йўналишларда темир йўл ҳаракати бир неча соат давомида тўхтаб қолишига сабаб бўлди. Давлат темир йўл оператори «саботаж» амалга оширилганини айтиб, тергов бошланганини маълум қилди.

АҚШ—Совет Иттифоқи мудофаа музокараларида қатнашган собиқ дипломат Уильям Кортни ҳам Россия қувур линияси, интернет кабели ёки сунъий йўлдошга ҳужум қилиши эҳтимоли юқори эканини айтди.

Кортни Польшага қарши зарба муваффақиятли бўлмаслиги мумкинлигини, сабаби мамлакат кучли қуролли кучларга эга экани ва шай ҳолатда эканлигини қўшимча қилди.

Эстонияга киберҳужум

Россия ўтмишда НАТО аъзоларига ва бошқа давлатларга қарши йирик гибрид ҳужумларни амалга оширган.

2007 йилда Эстония пойтахти Таллин марказида қад кўтарган мунозарали совет ёдгорлиги бошқа жойга кўчирилгач, Россия мамлакатга қарши йирик киберҳужумни уюштирди. Ўшанда Эстония ҳукумати, банклари, телекоммуникация компаниялари, интернет провайдерлари ва ОАВининг веб-сайтлари нишонга олинганди. Ҳужум авжида банк карталари ва мобил телефон тармоқлари вақтинча музлатилди.

Россия бошқа шунга ўхшаш ҳужумларни амалга оширгани гумон қилинади.

2021 йилда Норвегия қирғоқларидаги сув ости кабеллари узиб ташланди. Кабелларга уланган датчиклар Россия сувости кемалари ҳақида маълумотни тўплаш имкониятига эга бўлган, шунинг учун ҳужум ортида Москва турган бўлиши мумкин, деган тахмин илгари сурилди.

Жорий йилнинг 7 январида эса Норвегия билан Шпицберген архипелаги ўртасида алоқани таъминловчи иккита денгиз ости оптик толали кабелидан бири узиб ташланди.

Мазкур кабеллар, Шпицберген сунъий йўлдош станциясини қувват билан таъминлаган.

Украинага босқин: 223- кун | Илон Маск Қримни Россияга беришни таклиф қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:39 0:00

Россия аввалроқ мазкур станция ҳарбий ҳамда тижорат сунъий йўлдошлардан маълумот юклаб олиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилган эди.

Жорий йилнинг январь ойида Британия мудофаа штаби бошлиғи адмирал сэр Энтони Радакин сўнгги йигирма йил ичида Россия сув ости кемалари фаолияти ошганидан хавотир изҳор қилди.

Радакин The Times of London газетасига берган интервьюсида Россия денгиз ости кабелларини хавф остига қўйишга қодир эканлигини айтди.

Монаган Россия Украинада жанг майдонида катта муваффақиятсизликларга учраган бўлса-да, «ўта қудратли денгиз, космик ва киберкосмик кучларга эга бўлиб, заиф жиҳатларга зарба беришга қодир эканлигини» айтди.

Нишонда сунъий йўлдошлар

Ўтган йилнинг ноябрида Россия сунъий йўлдошга қарши ракетани илк маротаба синовдан ўтказди. Синов давомида ердан отилган ракета ёрдамида қуйи Ер орбитасида совет давридан қолган нишон уриб туширилди. Бу ҳолат хорижда Россиянинг космик имкониятлари ҳақида хавотир уйғотди.

БМТ қошидаги Қуролсизланиш масалалари бўйича бошқармадаги Россия делегацияси раҳбари Константин Воронцов ўтган ой АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага ёрдам бериш учун хусусий ва ҳарбий бўлмаган сунъий йўлдошлардан фойдаланаётгани «ҳарбий можароларда билвосита иштирок этишга» тенг келишини айтиб, бу ҳолат «ўч олиш учун қонуний нишонга айланиши мумкинлигини» таъкидлади.

Украина кучлари Россия қўшинларига қарши амалиётларни ўтказишда сунъий йўлдош таъминлайдиган интернет тармоғидан фойдаланиб келади.

Илон Маск асос солган SpaceX ширкати Украинада интернет қамровини кенгайтириш учун мамлакатга 15 мингдан ортиқ Starlink терминалларини юборган.

Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишиш мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG