Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 16:03

Фарғона вилояти ИИБ қидирувида бўлган биринчи қочқин ўз ихтиёри билан хориждан қайтди


Хориждан қайтган Ботиржон Ибрагимов ота-онаси билан кўришмоқда. Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати сурати.

Марғилон шаҳрида истиқомат қилган, хорижга чиқиб кетганидан сўнг бир қанча диний айбловлар билан айбланган, тўрт йил қидирувда бўлган Ботиржон Ибрагимов Ўзбекистонга қайтди. Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати, бу хабарни тасдиқлар экан, Ботиржон Ибрагимов ҳибсга олинмагани ва унга нисбатан очилган жиноят иши бўйича очиқда тергов қилинишини айтди.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан қидирувга берилган марғилонлик Ботиржон Ибрагимов ўз ихтиёри билан хориждан Ўзбекистонга қайтди.

Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Матбуот хизмати маълумотига кўра, Фарғона ИИБ томонидан қидирувда бўлган Ботиржон Ибрагимов ўз ихтиёри билан қайтиб келгани сабабли, унга қамоқ жазоси тайинланмасдан, оиласи бағрига топширилган.

У Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244’1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) билан айбланиб, қидирувга берилган эди.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Умиджон Солиевнинг Озодликка айтишича, Ботиржон Ибрагимов диний айбловлар билан қидирувга берилган шахсларнинг оилалари билан ишончли суҳбатлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистонга қайтган қидирувдаги биринчи одам бўлди:

- Шу сафар қайтиб келганлар ҳозирча шу бир киши. Олдин ҳам телевидениеда бир тарғибот-ташвиқот ўтказган эдик. Қидирувдагилар ушлангани ҳақида. Улар ТВда чиқиб мана бизларни қамамади, бошқа эҳтиёт чораси танланди, ёки судлар ҳам озодликдан маҳрум қиладиган жазо тайинламади, деб айтишган эди. Шу гапларни ҳам қидирувдаги шахсларнинг оила-аъзолари эшитган, тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Шунинг натижасида секин келишяпти, дейди Умиджон Солиев.

Матбуот котибининг айтишича, қидирувдагиларга нисбатан очилган жиноят ишлари, уларга нисбатан қамоққа олиш чораси кўрилмасдан тергов қилинади:

- Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, лекин эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинмайди. Озодликда юриб, тергов ҳаракатларида қатнашади, иши судга ошса унга нисбатан қонуний чорани фақат суд белгилайди. Агар айбсизлиги исботланса, оқланади. Бу ерда фақат эҳтиёт чораси ўзгартириляпти, аэропортга тушганидан кейин қамамасдан ота-онасининг бағрига топширяпмиз. Ҳамма масала объективний ҳал қилинади, дейди Умиджон Солиев.

Озодлик марғилонлик Ботиржон Ибрагимовнинг ўзини қидириб топишга қилган ҳаракатлари натижа бермади.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг мулозими, тергов ҳаракатлари бораётгани сабаб, Ботиржон Ибрагимовнинг уй манзили берилмаслигини айтди.

Озодлик билан суҳбатлашган Марғилондаги масжидлар мулозимлари бундай шахсни танимаслигини айтдилар.

Марғилон шаҳар ички ишлар бўлимининг экстремизмга қарши кураш бўлимининг исми очиқланмаслигини истаган зобити, Ботиржон Ибрагимовнинг марғилонлик эканлигини тасдиқлади, лекин унинг аниқ манзилини айтмади.

Шавкат Мирзиёев президентликка сайланганидан олти ой вақт ўтгандан сўнг Ўзбекистонда диний айбловлар билан қамалган оилаларни реабилитация қилиш амалиёти бошланган эди.

Жойларда ҳокимлик, ички ишлар, прокуратура, давлат хавфсизлиги ходимлари уйма-уй юриб, уларнинг қора рўйхатдан чиқарилгани ва мўътадил ҳаёт тарзига қайтишига ёрдам беражакларини айтиш тадбирлари олиб борилди.

2017 йилнинг 15 июнь куни президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида ўтказган видеоселектор мажлисида "қора рўйхат"га тушган диндорларни қайта текшириш, қамоқдаги диндорларнинг оиласи билан ишлаш ҳақида топшириқ берган эди

2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасасида имом хатиблар билан учрашар экан президент, "қора рўйхат"да турган 17 минг мусулмондан 16 мингтаси рўйхатдан чиқарилгани ва улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини айтган эди.

"Озгина хатоси учун, телефонида биттасига билиб-билмай бирор нарса кўрсатиб, жўнатиб қўйгани учун ҳам оқимчига чиқариб, рўйхатга қўшилаверган, ўзи яхши, тоза одам бўлса ҳам. Бу рўйхатдагиларнинг ҳаммаси билан гаплашиб, текшириб, оқлайсизлар. Йилнинг охирида менга ҳисоботини берасизлар, деб айтди", деб президентнинг ушбу учрашувда айтганларидан иқтибос келтирган эди Озодлик суҳбатлашган йиғин иштирокчиларидан бири.

Самарқанд вилояти ҳокими ва куч ишлатар тизимлари раҳбарлари қидирувга берилган хориждаги ўзбекистонликларни ватанга қайтишга даъват қилди. Вилоят ҳокими Туроб Жўраев 12 март куни ўтказган йиғилишда Ўзбекистонга қайтганларни қамамасликка ўзи кафил бўлишига ваъда берди.

Шарҳларни кўринг (6)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG