Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:10

Қирғиз тадбиркорлари “мислсиз босим остида”. Инвесторлар ўз маблағини олиб чиқиб кета бошлаган


Ўтган йил октябридан Қирғизистонда навбатдаги аксилкоррупция тадбирлари бошланди. Бу гал ҳисбга олинган амалдорлар ва тадбиркорлар жавобгарликка тортиляпти ва давлат ғазнасини тўлдиргач, уй қамоғига ўтказилмоқда. Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси олиб бораётган ушбу тадбирларга оддий халқ “кустуруу” (“қустириш”) деб ном қўйиб олган. Бироқ айрим фаоллар бизнес аҳли мислсиз даражада сиқувга олинаётганини таъкидлашмоқда.

Миллионлаб компенсация”лар

Фирибгарликда гумон қилинган “Karven Group” ширкатлар уюшмаси соҳиби Ҳенрих Балаян давлат фойдасига 60 миллион сом (қирғиз пул бирлиги назарда тутилмоқда - таҳр.) тўлаганидан сўнг уй қамоғига олинди.

Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Сергей Ибрагимов аввалроқ, ДМХҚ унинг ширкатлари фаолиятини текширганидан кейин кўнгилли равишда давлатга 100 млн сом ажратди.

Омурбек Бабанов ўзига нисбатан очилган жиноят иши тугатилган куни‑ёқ давлатга 100 миллион сом ўтказди. Аммо кейинроқ “Қумтор” конига доир жиноят иши доирасида уни барибир қўлга олишди.

Жогорку Кенеш депутати Марат Аманқулов бюджетга 50 млн сом улуш қўшди – у ноқонуний бойлик орттиришда гумон қилинаётган эди. Ҳарбий прокуратура “Элит Ҳаус” ширкати асосчиси Тимур Файзиевни коррупцияда гумон қилиб, қидирувга берган.

“Адилет” ҳуқуқий клиникаси директори Чолпон Жакупова сўнгги ҳибслар ва тадбиркорларга босим ўтказиш ҳолатлари юзасидан қуйидагича фикр билдирди:

Чолпон Жакупова
Чолпон Жакупова

“Кўпчиликнинг “булар бой, катта тадбиркор, халқнинг қонини роса ичишди, мана энди жазосини олсин”, дея кучишлатар идораларнинг хатти-ҳаракатларини оқлаётгани мени хавотирга солади. Бир нарсани тушуниб олишимиз керак: биз тадбиркорларга тобе бўлганимиз каби, тадбиркорлар ҳам кўп омилларга қарам бўлади. Улар иш ўринларини яратишади, солиқ тўлашади, иқтисодиётни дастаклашади. Уларни бунақа бемулоҳаза, зўравонларча қамоққа тиқиш мумкин эмас. Жиноят-процессуал кодексда қамашнинг шартлари аниқ-тиниқ кўрсатилган. Ҳеч кимни бекордан бекорга қамаб бўлмайди. Мазкур ҳуқуқни қўллаш амалиёти келгусида ёмон оқибатларга олиб келади. Судья ва прокурорлар шунга ўрганиб қолишса, эртага исталган кишини қаматиш осон бўлиб қолади. Бугун тадбиркорларни қамашса, эртага навбат оддий фуқароларга келади.”

Тадбиркорларни ким ҳимоя қилади?

Ҳокимият тепасига келгач, президент Садир Жапаров тадбиркорлик ҳимоясига доир бир нечта фармонни имзолаган эди. Ҳатто Инвестицияларни жалб қилиш ва бизесни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам ташкил қилинди.

Бизнес вакиллари билан боғлиқ бир нечта шов-шувли жиноят ишлари бўлганига қарамай, йирик қурилиш ширкати соҳибларидан бири, Жогорку Кенеш депутати Ойбек Осмонов тадбиркорларга босим бўлаётганини пайқамаганини айтмоқда. “Президентнинг тадбиркорликни ҳимоя қилишга доир фармони бор. Ҳукумат аъзолари хусусий тадбиркорлар билан мунтазам учрашиб, уларга яқиндан кўмак бермоқда. Қирғизистон ичкарисида бизнес вакилларига ҳеч қанақа босим йўқ. Ҳукумат фаолияти натижаларини бир йилдан сўнг кўрамиз”, дейди у.

Бироқ махсус хизматлар давлат мулозимлари ва тадбиркорларни қўлга олиб, уларга қарши жиноят иши очишда ва пул эвазига эркинлик беришга асосланган “тергов билан ҳамкорлик” усулидан кенг фойдаланишда давом этмоқда.

Тўланган пуллар, жамиятдаги шубҳа-гумонлар

Парламент депутати Ирина Карамушкина Вазирлар маҳкамасидан ДМХҚ қўлга олган амалдорлар давлат фойдасига айнан қанча тўлаганини аниқлаштиришни талаб қилди.

Собиқ иқтисодиёт вазири Эмил Уметалиевга кўра, мулозим ва тадбиркорларнинг давлатга пул тўлаши жараёни шаффоф эмас ва бу шубҳалидир:

Эмил Уметалиев
Эмил Уметалиев

“Мазкур жараён зиддиятли фикрларни туғдиради. Ҳозирда ҳибсдагиларга ҳамдард фуқаролардан кўра бу ишларга лоқайдлик билан қараётганлар кўп. Бу одамлар ҳукумат идораларида хизмат қилгани ва ўз вақтида коррупция ҳиди келувчи шубҳали ишларга аралашиб, халқ кўзига олабўжи кўриниб қолишгани туфайли жамиятда шунақа кайфият пайдо бўлди. Агар жараён очиқ бўлса, айнан қайси қонунлар бузилгани, улар нега ҳибсга олингани маълум қилинса, халқ уларни кўпроқ қўллаб-қувватлаган бўлар ва барчага ибрат-намуна бўлиши мумкин эди. Ҳозирда улар жамиятнинг қуйи қатламлари ва тадбиркорларга қанақа ибрат кўрсатишаётгани тушунарсиз. Қандай қоидаларга амал қилишяпти, бу коррупцияга қарши курашда улги бўла оладими ёки тадбиркорларни ҳукуматга яқин бўлишнинг бошқа йўлларини излашга ундайдими? Хуллас, ҳукуматнинг муддаоси очиқ эмас.”

Албатта, баъзи тадбиркорларнинг ҳукумат билан яхши муносабатда бўлгани, коррупция ишларига бош қўшгани ва бойликларини солиқдан яширгани хусусида фикрлар ҳам айтилмоқда.

Мустақил эксперт ва юрист Айдар Мамбетқодиров давлатнинг мазкур йўналишдаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди:

“Қирғизистонда биринчи марта ишлар бунақа суръатда олиб бориляпти. Мансабдорлар ва тадбиркорлар ўғирлаган пулларини ва тўланмаган солиқларни қайтаришмоқда. Бу яхши, албатта. Чунончи, “Karven” эгаси давлат банкидан қаллоблик билан пул олгани ва уни тўлаш нияти йўқлиги фош этилди-ку. Аҳвол бунақа бўлгач, тадбиркорлар халқни талашу солиқ тўламаслик йўли билан бойлик орттирар экан-да, деб ўйлайсан киши. Бироқ мазкур амалиёт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятида илдиз отмаслиги лозим. Солиқдан қочадиган тадбиркорлар у қадар кўп эмас. Фақат, уларга қарши қонуний ва тизимли иш олиб бориш керак.

Инвестициялар камаймоқда

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2021 йилнинг январь–май ойларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар келиши, ўтган йилнинг шу даврига қиёсан 24.4 фоизга камаган. Қирғизистондан инвестиция чиқиб кетиши эса, аксинча, 16 фоизга ўсган.

Бизнес-омбудсман Робин Орд-Смит тадбиркорлар ва инвестицияларга дахлдор ушбу вазиятни “хатарли” дея баҳолайди:

Робин Орд-Смит
Робин Орд-Смит

“Етакчи бизнесменлар бу ерда ўз ишини ривожлантириш имкониятларини кўришмаётганини айтишяпти. Ажнабий инвесторлар, вазият беқарор бўлгани боис, сармоя олиб киришга чўчиб турибди. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар адолатли давлатда қонун доирасида ишлашни хоҳайдилар. Уларга ўз маблағларининг хавфсизлиги зарур. Бироқ, афсуски, ҳозирда ўзаро ишонч йўқ. Иқтисодиётни мураккаб вазиятдан олиб чиқиш учун мазкур ишончни зудлик билан тиклаш лозим.”

Бизнес-омбудсман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ҳамда бюджетга пул туширувчи давлат тузилмаларини тадбиркорларга босим ўтказмасликка чақирди.

“Қама-қама”лар қаерга олиб боради?

Халқаро ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори Асқар Сиддиқов инвестициявий иқлим ёмонлашгани сабабларини очиқлади:

Асқар Сиддиқов
Асқар Сиддиқов

“Аҳвол ростдан ҳам муракаб ва оғир. Статистика маълумотлари алдамаяпти. Бу хавфсизлик масалалари, тадбиркорларга қарши қўзғатилган жиноят ишлари ва хусусий мулкни қўриқлаш билан боғлиқ. Шунингдек, мамлакатдаги беқарорлик ҳам таъсирини ўтказяпти. Албатта, иқтисодий бошқарув тепасида турган мулозимларнинг савияси ҳам мақтагулик эмас.”

Иқтисодий масалалар бўйича эксперт Эсен Мўминқуловнинг фикрича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг тадбиркорларга муносабати Қирғизистондан инвестициялар чиқиб кетишига сабаб бўлган.

Эсен Мўминқулов
Эсен Мўминқулов

“Бутун дунёда инвесторларга имтиёзлар берилади, қулай шарт-шароит яратилади, Қирғизистонда эса лавозимига нолойиқ давлат амалдорларию тадбиркорлар устига бўладиган ҳужумлар уларни ҳамиша безовта қилиб туради. Мана, нарх-наво кўтарилганини айтишяпти, булар бари тадбиркорларни сиқувга олиш оқибатидир. Тадбиркорларнинг қамоққа олинганига ҳамма хурсанд бўлиб чапак чаляпти, ҳолбуки қонунга зид бу ҳибслашлар халқнинг чўнтагига зарба беради. Чунки тадбиркорлар жамиятнинг двигателидир.”

Март ойида ДМХҚ раиси Қамчибек Ташиев бюджетга амалдор ва тадбиркорлардан 4 млрд сом маблағ келиб тушгани, кимларга жиноят иши очилгани ҳақида маълумот берганди. Ташиев давлатга зарар етказган барча коррупционерлар ва солиқдан қочиб юрган тадбиркорлар фош қилинишини айтган.

XS
SM
MD
LG