Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:27

Куч тизимлари ва наркобизнес. Қирғизистонда наркотрафикда гумонланган тожик милиционери ҳибсга олинди


Қирғизистон милицияси. Иллюстратив сурат.
Қирғизистон милицияси. Иллюстратив сурат.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Тожикистоннинг икки фуқароси 33 килограмм гиёҳванд модда билан қўлга тушди. Улардан бири қўшни мамлакат Ички ишлар вазирлиги ходими бўлиб чиқди.

Тожикистон томони воқеа юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Тожик фуқароларининг қўлга олиниши

Қирғизистон ИИВ хабарномасига кўра, гиёҳванд моддаларни ташишда гумон қилинаётган тожикистонликлар трансмиллий гуруҳ аъзоларидир. Вазирлик қайдича, мазкур гуруҳ Афғонистонда етиштирилган катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни Тожикистондан Қирғизистонга, у ердан Қозоғистонга етказиб бериш ва сотиш билан шуғулланган. “Наркодилерлар махфийлик қоидаларига қаттиқ амал қилишган ва махсус тайёргарликдан ўтишган”и, аммо Қирғизистон ИИВ Гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш хизмати ходимларининг самарали фаолияти натижасида жиноий гуруҳ аъзолари билан алоқа боғланишга ва тўдабошини аниқлашга муваффақ бўлингани айтилмоқда.

“ҚР Жиноят кодексининг 282-моддаси (Гиёҳванд моддалар, психотроп воситалар ва уларнинг аналогларини сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш) бўйича очилган жиноят иши доирасида муваффақиятли махсус амалиёт ўтказилиб, трансмиллий жиноий гуруҳнинг барча аъзолари – гуруҳ ташкилотчиси, 1960 йилда туғилган, Тожикистон Республикаси (ТР) фуқароси бўлмиш О.А. ҳамда гуруҳ аъзоси, 1982 йилда туғилган, ТР фуқароси, шунингдек милиция катта сержанти ва ИИВнинг инспектор лавозимли хизматдаги ходими бўлиб чиққан И.М. қўлга олинди”, дея маълум қилди ҚР ИИВ матбуот котиби Адинай Шаршеева.

Қўлга олиш чоғида улардан 11 килограммдан ортиқ афъюн (опий) ва қарийб 22 килограмм гашиш олиб қўйилган, гиёҳванд моддаларнинг жами вазни 33 кг 241 граммни ташкил этади. ИИВ “ушбу наркогуруҳ ва унинг жиноятларига алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш тадбирлари” давом эттирилаётганини эслатган.

Гумондорлар Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига ҳибс қилинган. Мазкур иш доирасида яна неча киши қўлга олингани очиқланган эмас.

Қирғизистон ИИВ эълон қилган фото ва видеоларда Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимининг хизмат гувоҳномасини кўриш мумкин. Ҳужжатда у милиция катта сержантига берилгани ва 2025 йилгача амал қилиши кўрсатилган. Видеода тожик милицияси ходимига бириктирилган хизмат қуроли ҳам намойиш этилган.

Тожикистон томони воқеа юзасидан изоҳ берганича йўқ.

“Шимолий йўналиш”да гуллаб-яшнаётган наркобизнес

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда гиёҳванд моддалар ташиш ёки сотиш билан шуғулланувчи шахслар қўлга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Аммо бу – қўлга олинганлардан бири қўшни давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими бўлиб чиққан илк ҳолатдир.

Жогорку Кенеш депутати, Боткен вилояти собиқ губернатори Султонбой Айжигитов вилоятда Тожикистондан контрабанда йўли билан гиёҳванд моддалар олиб келиш аввалдан бўлганини, ушбу “бизнес”га ҳомийлик қилаётган кимсалар ҳануз борлигини айтади:

“Муайян шахслар ҳомийлигисиз наркотрафик билан шуғулланиш жуда қийин. Қорадори тужжорларининг йўлини очиб бераётган катта гуруҳ бор. Қўлга олинган анави милиция ходими, афтидан, оддий ижрочи бўлса керак. Қоидага кўра, аввало гиёҳванд моддаларни қайси йўллар билан етказиб беришни белгилаб олишади, шундан сўнггина бу “тижорат”га ҳомийлик қилувчиларни қидиришади. Наркотрафик табиати шунақа”.

Дарвоқе, катта миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг мусодара қилиниши Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги постлар юк ўтказиш учун ёпиқлигича қолаётган пайтга тўғри келди. Бишкек ўтган йилнинг май ойида Боткен вилоятида юз берган қуролли тўқнашувдан сўнг қўшни давлат билан чегарасини тақа-тақ ёпган.

Ўшанда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) гиёҳванд моддаларнинг қарийб ярим тонналик рекорд даражада йирик партияси ушлаб қолинганини маълум қилган эди.

МХДҚ хабарномасига кўра, “мол” Яқин Шарқдан Марказий Осиё орқали Европага етказилиши керак бўлган. Қирғизистон оғир наркотиклар ўтказиладиган транзит мамлакат саналади. Мутахассислар Тожикистон ва Қирғизистон орқали Россия ҳамда Европага тонналаб қорадори ташилишини айтадилар ва мазкур канални “Шимолий йўналиш” деб атайдилар.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин ҚРнинг Боткен вилоятида Афғонистон фуқароси катта миқдордаги гиёҳванд моддалар билан ушланган эди. ИИВ маълумотига кўра, у Европага етказиб бериш ва сотиш учун Қирғизистон ҳудудида наркотрафик каналини ташкил қилишга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Тинтув чоғида унинг ёнидан салкам 7 килограмм героин ва 10 килограммга яқин гашиш топилган.

“Қизил героин” савдоси

“Марказий Осиё наркосиёсат маркази” жамоат фонди директори, эксперт Александр Зеличенко Тожикистон орқали афғон гиёҳванд моддалари ташилиши хусусида шундай дейди:

“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари наркотижоратга бош қўшгани ҳақида анчадан бери бонг уриб келамиз. Ҳатто матбуотда “қизил героин” деган илмий атамани муомалага киритдик. Бу ерда қизил рангни эмас, балки ҳуқуқ-тартибот идораларига мансубликни билдиради. Бахтимизга, “орган”лар сафлари тозаланяпти, погонли мунофиқлар қўлга олингани ҳақида дам-бадам эшитяпмиз. Сўнгги пайтларда МХДҚ ҳамда ИИВ шахсий хавфсизлик хизмати ҳам хийла фаоллашди. Бироқ қўшниларимизда ҳам шу аҳвол: афтидан, у ерда ҳам қонун посбонлари ушбу ноқонуний бизнесга шерик бўлиб олишган.

Қолаверса, Боткенда чегарага кўпдан бери қулф солинганини ёддан чиқармаслик керак. У ердаги постлардан асосан озиқ-овқат, ёқилғи, қурилиш моллари, шу қаторда героин ҳам ташиларди. Эшитишимизча, тожик наркотижоратчилари жуда норози бўлиб, ўзларининг маҳаллий маъмурларга босим ўтказишган: Қирғизистон билан келишинглар, чегарани тезроқ очишсин, бизнесимиз зарар кўряпти, деб. Тожик ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари юзага келган бўшлиқдан фойдаланиб, “мол”ни ўзлари ташимоқчи бўлишган, шекилли”.

Апрель ойи бошларида Ўш шаҳри ИИБнинг икки ходими – милиция подполковниги, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи бўлмиш 40 ёшли А.У.К. ҳамда милиция патрул хизмати кичик инспектори, 34 ёшли Т.У.А. гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилиниб, қўлга олинган эди.

Собиқ бош вазир ўринбосари, ҳукуматда хавфсизлик масалалари билан шуғулланган Абдураҳмон Маматалиев айтишича, наркотижорат гоҳида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаролар чиқишига сабаб бўлади:

“Чегара ҳудудларидаги айрим тўқнашувларда наркобизнесчиларнинг қўли бўлиши мумкин. Улар отишма чиқариб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва чегарачиларни чалғитишади ва кейин кўпчилик билмайдиган йўналишлар орқали “мол” олиб ўтишга ҳаракат қилишади”.

Май ойи охирларида Қирғизистон ИИВ Қозоғистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда ўтказилган амалиёт натижасида сунъий гиёҳванд моддалар ташиш ва сотиш каналлари йўқ қилинганини билдирди. Айтилишича, мазкур амалиёт олти ой давом этган.

Март ойи охирларида эса Қирғизистон МХДҚ Талас вилоятида ИИВнинг собиқ ходими, истеъфодаги милиция майори гиёҳванд моддалар савдогарларига ҳомийлик қилишда гумон қилиниб, ушлангани ҳақида маълум қилди.

Расмий статистикага кўра, Қирғизистонда ўтган йилда гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ 990 та ҳолат қайд этилиб, тўрт тоннадан ортиқ турли тақиқланган моддалар мусодара қилинган.

XS
SM
MD
LG