Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:29

Қирғизистон: Кампиробод сув омбори бўйича келишувга қарши бўлган депутатлар босимга учрамоқда


Бишкекдаги норозилик акцияси. 15 ноябрь, 2022
Бишкекдаги норозилик акцияси. 15 ноябрь, 2022

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 30 ноябрь куни Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегарани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Қонун ўзбек томони Андижон сув омбори деб атайдиган Кампиробод сув омбори Ўзбекистонга берилишини назарда тутади – айнан шу туфайли ҳужжат ҳали қабул қилинмасдан катта жанжал ва оммавий норозилик чиқишларига сабаб бўлган эди. Озодлик қирғиз хизматига кўра, норозилик акцияларидан сўнг Қирғизистонда 26 киши ушланиб, оммавий тартибсизлик уюштиришда айбланди.

Жапаров қонунни имзолаганидан кейин ҳам можаро тугагани йўқ. Аввалроқ чегарага доир битимнинг қабул қилинишига қарши овоз берган парламент депутатлари ҳукумат босими остида қолишганини айтмоқдалар. Айримлари мамлакатдан ташқарига чиқа олмаётганларини маълум қилишган бўлса, яна бирлари қариндошларига бизнесини тортиб олиш билан таҳдид қилинаётганидан ёзғиришмоқда, баъзи депутатлар жосуслар фойдаланадиган митти эшитиш ускуналарини топиб олишяпти.

30 ноябрда депутат Жанар Акаев кучишлатар идоралардан фракциядоши Эмил Жамгирчаевнинг қўлга олиниши сабабини очиқлашни талаб қилди. Жамгирчиев ўтган якшанбада шахсий юмуш билан Қозоғистонга бормоқчи бўлган эди, лекин уни ўтказишмаган – Қирғизистондан чиқишдаги чегара постида ушлаб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига олиб боришган (кейинроқ қўйиб юборишган). Шу воқеадан сўнг Жамгирчиев машинаси салонидан ва уйидан митти аудио ва видео ёзувчи жиҳозларни топиб олган.

“Тахминимизча, Жамгирчиевга нисбатан қайтадан жиноят иши қўзғатишга уринишлар бўляпти. Бу қонунларга, Конституцияга хилоф хатти-ҳаракат бўлиб, унинг хорижга чиқиш ҳуқуқини поймол қилмоқда. Биз бу ишларни унинг Кампиробод сув омборига доир битимга қарши овоз бергани билан боғлиқ деб ҳисоблаймиз”, деди Жанар Акаев депутат ҳамкасбининг бошига тушган воқеаларга изоҳ бераркан.

Жамгирчиев билан бирга депутат Чингиз Айдарбеков ҳам Қозоғистонга бормоқчи эди. Аввалроқ у ҳам Кампиробод масаласида ўтказилган овоз бериш натижаларини имзолашдан бош тортган ва шунинг учун парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раиси лавозимидан айрилган. Жамгирчиев ушланганидан сўнг Айдарбеков ҳам алоқага чиқмай қўйган. Чегарадан ўта олдими ёки уни ҳам ушлашдими – анчагача мавҳум бўлиб қолди.

Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга "бериб юборди"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:36 0:00

Бир неча кун ўтгач депутатнинг ўзи ижтимоий тармоқда аҳволини маълум қилди: “Сизларга бир неча кун алоқага чиқмаганим сабабини сўзламоқчиман. Режали тиббий кўрикдан ўтиш учун хорижга чиқиб келишим керак эди. Аммо орада Қозоғистонга таъзияга боришга тўғри келди, сўнгра тиббий текширувдан ўтиш учун сафарни давом эттирдим. Сизлар билан боғланишга имкон туғилгани ҳамон ушбу хабарни ёзяпман. Мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган тарафдорларимга катта раҳмат. Тез орада Қирғизистонга қайтаман”.

Шунингдек, Қирғизистон парламентининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири – конституциявий қонунчилик, давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва регламент қўмитаси раҳбари Медер Алиев кутилмаганда истеъфога чиқди. У ҳам қирғиз-ўзбек чегарасига доир битимга қарши овоз берган эди, бироқ унинг ўзи лавозимдан кетиш қарорини айнан Кампиробод масаласи билан боғлади.

“Бу қарорни ўзим қабул қилдим, ҳеч ким мени мажбур қилгани йўқ. Тафсилотларга тўхталиб ўтирмай, лўнда қилиб айтганда, бунга Кампиробод масаласи сабаб бўлди”, деди депутат.

Кампиробод сув омбори бўйича битимнинг ратификация қилинишига жами 19 депутат қарши чиққан. Улардан ҳозирча фақат тўрт нафари босим ва тазйиққа учраганини очиқ айтди. Юқорида тилга олинганлардан ташқари, депутат Мирлан Бакиров битим овозга қўйилган куни МХДҚ раиси билан айтишиб қолган эди. Эртасига уни ўз хизмат хонасидан кўчириб юборишган. Депутат Эльвира Сурабалдиева эса “чекистлар” онасининг бизнесини тортиб олиш билан таҳдид қилишаётганини даъво қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG