Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2022, Тошкент вақти: 00:24

Халқаро хабарлар

Қирғизистон президенти “июнь воқеалари” такрорланишига йўл қўймаслик учун умумий мафкура зарурлигидан баҳс этди

Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўш ва Жалолобод вилоятларида юзлаб одам қурбон бўлишига олиб келган июнь воқеаларига 12 йил тўлиши муносабати билан мурожаатнома билан чиқди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Жапаровга кўра, ўшанда “ташқаридаги бузғунчи кучлар ва айирмачилар” халқ бирлигига путур етказишга ҳаракат қилишиб, ўз манфаатлари йўлида адоват оловини ёққанлар. Ўша фожиавий воқеалар, президент таъбирича, барча миллат ва элатлар бирлиги ҳамма нарсадан муҳимлигини яна бир карра кўрсатган.

“Мазкур фожиа бизнинг кўзимизни очди, давлат яхлитлиги учун ўз хатти-ҳаракатларимизда эҳтиёт бўлишимиз лозимлигини ойдинлатди. Бу воқеалар ҳар қирғизистонликни мамлакатимиз тақдири учун масъулият ҳис этишга мажбур қилди”, деган Жапаров.

Президент бу каби фожиавий воқеалар юз беришига йўл қўймаслик учун барча миллат ва элатларни бирлаштирувчи ҳамда ёшларни толерантлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган умумий мафкура зарурлигини урғулаган.

2010 йил 10 июнь куни Ўш ва Жалолобод вилоятларида миллатлараро тўқнашув чиққан ва бир неча кун давом этган. Расмий маълумотларга кўра, июнь воқеаларида 446 киши вафот этган, қарийб икки минг киши турли даражада жароҳат олган. Шунингдек, 57 киши бедарак йўқолган, улардан 19 нафари ҳануз топилган эмас.

Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия ўшанда мазкур низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.

Июнь воқеаларидан аввалроқ (2010 йилнинг апрель ойида) Қирғизистонда халқ ғалаёни натижасида Муваққат ҳукумат иқтидорга келган эди. 2021 йилнинг баҳорида МХДҚ собиқ Муваққат ҳукуматнинг собиқ мулозимларига қарши очилган жиноят иши бўйича тергов қайтадан бошланганини маълум қилган.

Жорий йилда Бош прокуратура мазкур иш бўйича президент Садир Жапаров ҳамда МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев дохил қарийб 15 нафар собиқ ва амалдаги мулозим сўроқ бераётганини билдирган. Май ойида прокуратура собиқ Муваққат ҳукуматнинг уч аъзоси – Кенешбек Дуйшобаев, Исмоил Исақов ҳамда Бектур Асановга улар “Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”да гумон қилинаётганлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу учовлон ҳозирда иқтидордаги ҳукуматнинг фаол танқидчилари саналади.

Кейинроқ маълум бўлишича, назорат органи Муваққат ҳукуматнинг 9 аъзоси, жумладан собиқ президент Роза Отунбаева ҳамда собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевнинг мол-мулкларига доир маълумотларни ўрганмоқда.

Кун янгиликлари

Киевга бирданига етти мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлари келишди

Эстония, Финляндия, Исландия, Латвия, Литва, Норвегия ва Швеция ТИВ раҳбарлари Украина пойтахтига Россияга қарши урушда мамлакатга бундан кейинги ёрдам масаласини муҳокама қилиш учун келишган.

“Бу Россия агрессияси бошидан бери Украинага ташриф буюрган вазирларнинг энг катта гуруҳидир. Асосий масала – Украинага бундан буён қандай ёрдам бериш”, деб ёзди Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс Твиттердаги ўз саҳифасида .

Хорижлик дипломатлар билан Украина бош вазири Денис Шмигаль учрашган. Унга кўра, музокараларнинг асосий мавзулари Россияга қарши санкциялар, Украинага молиявий ёрдам ва қурол-аслаҳа етказиб бериш бўлган.

Эронда оятуллоҳ Хоманаийнинг жияни ҳибсга олинди

Фариде Муродхоний

Эроннинг руҳоний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жияни, ҳуқуқ фаоли Фариде Муродхоний дунё ҳамжамиятини расмий Теҳрон билан ҳар қанақа алоқани узишга чақиргани ортидан ҳибсга олинган. Бу ҳақда CNN телеканали, Reuters ва AFP агентликлари ҳуқуқ фаолининг иниси Маҳмуд Муродхонийдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишган.

Францияда яшайдиган Маҳмуд Муродхонийга кўра, у аввалдан ёзиб қўйилган видеони 23 ноябрь куни Фариде ҳибсга олинганидан кейин ёйинлаган.

“Эй ҳур инсонлар, биз билан бирга бўлинг ва ўз ҳукуматларингизга айтингки, болаларни ўлдираётган бу қонхўр режимни қўллашни тўхтатишсин. Бу режим ўзининг диний тамойилларидан бирортасига ҳам амал қилмайди ҳамда кучдан ва нима қилиб бўлса ҳам ўз ҳокимиятини сақлаб қолишдан бошқа ҳеч қанақа таомил-қонунни билмайди”, деган Фариде Муродхоний.

Эронликлар Теҳрон расмийларини қўллаётганларга қарши курашиш кайфиятида эканини айтган ҳуқуқ фаоли демократик мамлакатларни Эрондан ўз вакилларини чақириб олишга ҳамда “Теҳрон билан тузилажак ҳар қанақа келишувни тўхтатиш”га чақирган.

Мурожаатнома айнан қачон ёзилгани маълум эмас.

Фариде ва Маҳмуд Муродхоний Хоманаийнинг синглисига уйланган ҳамда шу йил октябрида вафот этган дин ва мухолифат арбоби Али Теҳронийнинг фарзандларидир.

Эрондаги норозилик намойишлари сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли ҳуқуқ фаоли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланиб кетган. Курд миллий озчилигига мансуб бўлган бу аёл рўмолини рисоладагидек ўрамагани учун Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан тутилиб, калтаклангани ортидан жон берган эди.

ЕИ “Россельхозбанк”ни SWIFT тизимига қайта улаш имкониятини кўриб чиқмоқда

Европа Иттифоқи Россиядан ўғит ва озиқ-овқат экспортини осонлаштириш учун “Россельхозбанк”ни SWIFT халқаро тўловлар тизимига қайта улаш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия вакили Петер Стано маълум қилди.

Станога кўра, Европа Иттифоқи Россиянинг илтимосини инобатга олган, бироқ Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан киритилган санкцияларни ўзгартириш учун ЕИга аъзо бўлган 27 та давлатнинг ҳаммаси буни бир овоздан маъқуллаши лозим.

Стано ўз сўзида Европа Иттифоқи санкцияларида Европа банкларига ўғит ва озиқ-овқатга оид битимлар бўйича Россия банклари билан (ҳатто улар санкция остида бўлсалар ҳам) ҳамкорлик қилишга имкон берувчи истиснолар мавжудлигини қайд этган.

Бундан ташқари, Еврокомиссия вакили “Россиядаги кўплаб банклар санкция остига тушмаган”и ва “SWIFTдан узилмай, халқаро тўловлар учун очиқ қолаётган”ини таъкидлаган.

Европа Иттифоқи 2022 йил июнь ойи бошида ўз санкцияларининг олтинчи пакети доирасида “Россельхозбанк”ни SWIFT тизимидан узиб қўйишга қарор қилган эди.

Аввалроқ Россия ТИВ раҳбарининг ўринбосари Сергей Вершинин Москва қишлоқ хўжалигига оид келишувларни молиялаштириш бўйича энг асосий банк ҳисобланмиш “Россельхозбанк”ни санкция рўйхатидан чиқаришни талаб қилаётганини билдирган.

Россия футбол иттифоқи Осиё конфедерациясига қўшилиши мумкин

Россия футбол иттифоқи ижроия қўмитаси раиси Александр Дюков.

Россия футбол иттифоқи ижроия қўмитаси яқин кунлардаги йиғилишларидан бирида Европа футбол ассоциацияси – УЕФА аъзолигидан чиқиш ва Осиё футбол конфедерацияси таркибига қўшилиш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда 27 ноябрда Россия футбол иттифоқи ижроия қўмитаси раиси Александр Дюков маълум қилди.

“Қарор қабул қилинишига ишончим комил эмас, лекин вазият муҳокама қилинишига эҳтиёж бор”, деди Дюков.

У бир неча ой олдин Осиё конфедерациясига қўшилишга “эрта” деган ишончда бўлганини, аммо УЕФА Украина уриши ортидан Россия футболини ўйинлардан четлатганидан сўнг бу масала кун тартибига чиққанини урғулади. Дюков ҳали Осиё конфедерацияси вакиллари билан бу масалада гаплашмаганини айтди.

Осиё конфедерациясига қўшилгач Россия халқаро мусобақаларда иштирок этишга умид қилмоқда, чунки Осиё давлатларининг кўпчилиги Украинадаги босқинга нейтрал муносабатда бўлмоқда. Айни пайтда УЕФАдан чиқиши билан Россия футбол жамоалари Европа кубоқларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Россия 2024 йилги Европа чемпионатидан ҳам четлатилган, терма жамоа саралаш ўйинларига қуръа ташлаш маросимида иштирокчилар қаторига киритилган эмас.

Россия терма жамоаси расмий мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан четлатилганидан сўнг Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказди.

Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида 20 ноябрь куни бўлиб ўтган футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 0:0 ҳисобида якунига етди. Россиялик футболчилар 23 сентябрь куни Қирғизистон, 17 ноябрь куни эса Тожикистон жамоаси билан учрашган. Биринчи ўйинда Россия терма жамоаси қирғизистонликларни 2:1 ҳисобида ютган. Тожикистон билан ўйинда эса дуранг натижа қайд этилган.

Урумчида 10 кишининг ўлими ортидан Хитойда халқ локдаунга қарши намойишларга чиқди

Норозилик намойишлари йирик шаҳарларни, жумладан, пойтахт Пекинни, Шанхай ва Гуаньчжоуни қамраб олди.

Хитой шаҳарларида коронавирусга қарши “тоқатсизлик сиёсати”га қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишларда ҳукумрон Коммунистик партияга қарши шиорлар ҳам айтилмоқда.

Норозилик намойишлари йирик шаҳарларни, жумладан, пойтахт Пекинни, Шанхай ва Гуаньчжоуни қамраб олди. Норозиликлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги Урумчи шаҳрида 24 ноябрда юз берган ёнғинда ўн киши ҳалок бўлгани ортидан бошланиб кетди.

Улар коронавирусга қарши “тоқатсизлик сиёсати” туфайли ёнғин пайтида квартирадан ташқарига чиқа олишмаган. Таҳмин қилинишича, уйнинг эшиги қулфлаб қўйилган. Урумчи ҳокимияти эса бу таҳминни инкор этмоқда ва ёнғинда қолганлар “техника хавфсизлигини нотўғри тушунган”ини иддао қилаётир.

Тўрт миллион аҳолиси бор Урумчи тўрт ойдан бери локдаун шароитида яшамоқда. Ўта қаттиқ чекловлар туфайли кўпчилик аҳоли юз кундан бери уйидан ташқарига чиқа олмаяпти. Бундай вазият Хитойнинг бошқа ҳудудларида ҳам хукм сурмоқда.

Ахборот агентликларининг билдиришича, намойишлар Хитойнинг кўплаб катта шаҳарларида ва университетларнинг ётоқхоналарида бўлиб ўтган. Пекин, Шанхай ва коронавирус илк бора аниқланган Ухань шаҳрида норозилик намойишлари икки кун давом этди.

Дастлаб норозилар коронавирус бўйича локдауннинг бекор қилинишини талаб этган, бироқ кейинроқ Коммунистик партия раҳбари Си Цзиньпиннинг истеъфоси талаб этилган чақириқлар янграй бошлади.

Ғарб ОАВларининг таъкидлашича, Хитойда бу каби умуммиллий норозилик камдан-камучрайдиган ҳолатдир. Шанхайда полиция намойиш иштирокчиларидан айримларини қўлга олган.

Хитой ҳукумати ҳозирча бу воқеаларга расман муносабат билдирмади.

Forbes: Россия Украина урушига йиллик бюджетининг чорак қисмини сарфлаб юборди

Forbes журнали ҳисоб-китобига кўра, Россия ҳозирги пайтгача Украинадаги уруш учун 82 миллиард доллар атрофида маблағ сарфлаган. Бу эса мамлакат йиллик бюджетининг тўртдан бир қисмини ташкил этади.

Бу маблағдан 14 миллиард доллари Украинага ракеталар билан зарба беришга харжланган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Россия қўшинлари ҳужуми бошланган 24 февралдан буён Украина ҳудудлари бўйлаб 4 мингдан зиёд ракета отилган, улардан ҳар бирининг ўртача нархи 3 миллион долларга тенг.

Артиллерия таъминотига тақрибан 6,6 миллиард доллар кетган, 15,6 миллиард доллар эса ҳарбийларга маош сифатида тўланган. Уруш пайтида Россия 20,8 миллиард долларлик ҳарбий техникасидан айрилган.

Ғарб мамлакатлари ҳарбий экспертлари Россияда ракета захираси тугаб бораётганини тахмин қилишмоқда, бироқ, уларга кўра, унда камида яна 3-4 марта Украина ҳудудини ёппасига ўққа тутиш учун етарли ракета қолган.

Ҳолландия парламенти Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб тан олди

Ҳолландия парламентининг Вакиллар палатаси Украинага бостириб киргани туфайли Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб тан олишга қарор қилди.

NRC агентлиги хабарига кўра, бундай таклиф даставвал GroenLinks партияси депутати Том Ван дер Лидан чиққан. Унга кўра, Россия армияси Украинадаги фуқаровий ҳадафларга “бир тартибда ва қасдан” ракета зарбалари бермоқда, бунинг натижасида мамлакат аҳолисининг катта қисми электрсиз қолган.

Айни пайтда ташқи ишлар вазири Вопке Хукстра парламент қарори рамзий характерга эга эканини қайд этган. Ҳолландия қонунчилигида терроризм ҳомийси деб эълон қилинганларга нисбатан бирор жазо чораси қўлланилиши кўзда тутилган эмас.

23 ноябрь куни Европарламент депутатлари ҳам Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат ўлароқ тан олишга оид резолюцияни қабул қилишган эди.

Қирғизистонда Халқ қурултойи бошланди

Халқ қурилтойи ўтаётган Миллий филармония ҳудудини қўриқлаётган милиция ходимлари.

Бишкекда 25 ноябрь куни миллий филармония биносида Биринчи Халқ қурултойи ўз ишини бошлади. Унда 1072 делегат иштирок этмоқда. Бу ҳақда давлат котиби Суйунбек Касмамбетов маълум қилди.

Икки кун давом этадиган қурултойда президент Садир Жапаров, парламент депутатлари, Министрлар кабинети аъзолари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Қурултой институти ўтган йилнинг 5 майида қабул қилинган янги таҳрирдаги конституцияда белгиланган эди. Унга мувофиқ жорий йилнинг 1 сентябригача қурултой тўғрисидаги қонун қабул қилиниши ва қурултой йил охиригача ўтказилиши лозим эди.

Конституцияда Халқ қурултойи жамият вакиллари йиғини тарзида қайд этилган. Қурултой маслаҳатлашувчи ва кузатувчи орган сифатида таъсис этилади.

Қурултой ҳукуматга мамлакатни ва жамиятни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади. Ҳукумат эса бу таклифларни амалга оширади. Ҳукуматнинг барча бутоқлари, жумладан, президент қурултойга ҳисобот беради.

Аввалроқ президент Садир Жапаров ҳукумат жой-жойларда қурултой делегатларини сайлаш жараёнига аралашмаслигини эълон қилган.

Илон Маск Twitter’да блокланган аккаунтлар қайта тикланишини билдирди

SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск 28 октябрь куни Twitter тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олган.

Twitter кейинги ҳафтада блок қилинган аккаунтларни қайта тиклайди. Бу ҳақда ширкат раҳбари Илон Маск маълум қилди. Унга кўра, бу амнистия қонунчиликни бузганларга ва спам йўллаганларга нисбатан қўлланилмайди.

20 ноябрда Twitter ширкатининг янги раҳбари Илон Маск АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп саҳифасини блоклаш тўғрисидаги қарорни бекор қилди.

Дональд Трампнинг Facebook, Instagram ва Twitter ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари 2021 йилнинг январида блоклаб қўйилган эди. Ўшанда Трампнинг тарафдорлари президентлик сайлови натижаларига норозилик сифатида Вашингтондаги Капитолий биносини ишғол қилганди. Бу воқеа пайтида бир неча киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар Трамп ўз саҳифаларида аҳолини тартибсизликларга чақираётганини билдириб, уни блоклаган эди.

SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск 28 октябрь куни Twitter тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олган.

7 ноябрда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раҳбари Волкер Турк Илон Маскка мурожаат қилиб, Twitter бошқарувида марказий ўринни инсон ҳуқуқлари эгаллаши лозим, деган фикрни билдирган эди.

Илон Маск Twitter’ни сотиб олганидан сўнг платформа штатининг қарийб ярмини – тақрибан 3700 кишини ишдан бўшатган. Bloomberg агентлиги аввалроқ ходимларнинг бир қисмига ишдан олингани электрон почта орқали билдирилганини хабар қилган. Кўпчилик ходимлар корпоратив тизимларга киролмай қолганларидан кейин ишдан айрилишганини билишган.

Орадан бир неча кун ўтгач Bloomberg Twitter раҳбарияти ишдан бўшатилган ходимларнинг бир қисмидан қайтишни сўрагани ҳақида хабар қилган. Менежмент қисқартиришларнинг айримлари хато бўлганини тан олган.

Хитойдаги айфон ишлаб чиқарувчи энг йирик завод ишчилари иш ташлади

Foxconn ширкати ишчиларга “техник хатолик” туфайли иш ҳақи тўланмай қолганини айтиб, узр сўради.

Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳридаги Apple смартфонларини ишлаб чиқарувчи энг йирик завод ишчилари ва полиция ўртасида тўқнашув юз берди. Полиция оз иш ҳақи ва қониқарли бўлмаган шароитларга қарши иш ташлаган ишчиларни куч билан тарқатишга ҳаракат қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда юзлаб ишчилар полицияга қаршилик кўрсатаётгани акс этган. Видеода ишчилар ойликнинг озлигидан ва иш ўрнида санитария шароитлари ёмонлигидан шикоят қилишган.

Хабарларда айтилишича, иш ташлаш 22 ноябрь куни эрталаб бошланган. Ишчилар Apple ширкати субпудратчиси бўлган Foxconn ширкати уларга икки ойлик иш ҳақи сифатида шартномада кўрсатилганидай 25 минг юан (3,5 минг доллар)дан тўлаб бермаганига норозилик билдирган. 24 ноябрпь куни Foxconn ширкати ишчиларга “техник хатолик” туфайли иш ҳақи тўланмай қолганини айтиб, узр сўради.

Ишчилар, шунингдек, COVID-19 га чалинган ҳамкасблари бошқалардан изоляция қилинмаётганига ҳам норозилик билдирди. Бироқ Foxconn бу маълумот ”мутлақо ёлғон” эканини билдирди.

“COVID-19 га тоқат қилмаслик” сиёсати доирасида Хитой корхоналари ёпиқ режимда ишламоқда. Ишчилар ташқи олам билан мулоқот қилишдан четлатилиб, ишлаб чиқариш корхоналарида яшамоқда. Октябрда Чжэнчжоудаги заводдан ишчилар оммавий тарзда бўшай бошлади. Бунинг ортидан Foxconn “мукофот пуллари берилиши”ни эълон қилиб, янги ходимларни ишга олишга мажбур бўлди. “Мукофот пуллари” берилиши эълон қилинганидан сўнг корхонага юз мингдан кўпроқ киши ишга кирди.

Apple ширкати мазкур воқеа ортидан Чжэнчжоудаги заводда ишлаб чиқариш камайгани оқибатида iPhone 14 ни савдога чиқариш камайтирилишини билдирди.

Бишкек “Росатом” Қирғизистонда АЭС қуриши тўғрисидаги хабарга тушунтириш берди

Қирғизистон Энергетика вазирлиги Россиянинг “Русатом Энержи Прожект” (“Росатом”) ширкати билан ҳамкорликда мамлакат ҳудудида АЭС қуриши тўғрисида тарқалган хабарларга тушунтириш берди.

Вазирликнинг билдиришича, “Росатом” АЭСнинг техник-иқтисодий асосламасини ишлаб чиқади. Шундан сўнг Қирғизистон АЭС қуриш зарурати бор ёки йўқлиги тўғрисида қарор чиқаради.

“Қирғизистон томони “Росатом” таклиф қилган технологиялар, уларнинг хавфсизлигини текширади. Зарур бўлган кўп томонлама экспертизаларни ўтказади. Шу билан бир қаторда экологик хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратилади. Шундан сўнг бу масала жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. АЭС қурилиши юзасидан қарор қабул қилишда халқнинг фикри эътиборга олинади”, дейилади вазирлик тушунтирувида.

22 ноябрда Энергетика вазирлиги “Росатом” билан ҳамкорлик шартномасини имзолагани хабар қилинган эди. Жорий йил бошида Энергетика вазирлиги Россиянинг “Росатом” ширкати билан биргаликда Қирғизистонда кичик АЭС қуриш бўйича меморандумни имзолагани айтилган эди. Ҳозирча бу лойиҳа ҳақида бошқа маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон ҳам 2018 йил сентябрда Россия билан АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолаганди. Унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуради. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган. Бу ҳудудда АЭС қурилиши учун тайёргарлик ишлари ҳам бошлаб юборилган эди.

2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган. Аммо бу ҳужжат ҳозиргача имзолангани йўқ.

“Ўзатом” бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовга ишонилса, АЭСнинг биринчи блоки 2028 йилда, иккинчиси эса 2030 йилда иш туширилади.

Мобилизациядан сўнг Марказий Осиёда иш излаётган россияликлар кўпайди

Путин мобилизациясидан Қозоғистонга қочган руслар.

Мобилизация эълон қилинганидан сўнг камида 66 минг россиялик бошқа давлатлардан иш излаб, ўз резюмеларини интернетга жойлаштирган. Бу ҳақда hh.ru аналитикларининг хулосаларига таянган ҳолда РБК хабар қилди.

10 октябрдан 22 октябргача бўлган маълумотлар 10 сентябрдан 22 сентябргача бўлган маълумотларга солиштирилганида интернетда резюме қолдирган Россия фуқароларининг 44 мингги Қозоғистондан иш излаётгани аниқланди. Грузияда 8,6 минг, Ўзбекистонда 4,5 минг, Туркияда 2,9 минг ва Қирғизистонда 2,8 минг россиялик ўз резюмесини жойлаштирган.

Тадқиқотда айтилишича, бу ҳозирча вакансиялар бозорига таъсир кўрсатгани йўқ, негаки 66 минг иш изловчининг асосий қисми ўз профессионал мажбуриятларини бажариш учун интернетдан фойдаланадиган ва мобил турмуш тарзига кўникиб қолган “рақамли кўчманчилар” тоифасига мансуб бўлган шахслардир. Жумладан, уларнинг 10 фоизини IT-мутахассислар, 10 фоизини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, 9 фоизини маркетологлар, рекламачилар ва PR-мутахассислар, 8 фоизини қурилиш ва кўчмас мулк соҳаси вакиллари ташкил қилган.

«Ҳозирча меҳнатга лаёқатлилардан қанчаси мамлакатни тарк этганини айтиш жуда қийин, чунки одамлар чегараларни турли сабаблар билан кесиб ўтади ва кейин ортга қайтади. Бундай рақам ҳатто Россия ва россияликлар бораётган бошқа давлат органларида ҳам мавжуд эмас. Экспертларнинг энг оптимистик ҳисоб-китобига қараганда, уларнинг сони 300 минг кишига яқин”, дейилади hh.ru тадқиқотида.


Айни пайтда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, 21 сентябрдан 3 октябрга қадар мамлакатга 281 548 нафар Россия фуқароси келган, улардан 147 мингдан ортиғи Қозоғистонда қолган.


Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини билдирган эди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари эса октябрда Самарқандда ўтган Discovering Uzbekistan конференциясида ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонга Россиядан 400 мингдан зиёд турист келганини билдирган.

Президент Путиннинг 21 сентябрдаги ҳарбий сафарбарлик эълонидан кейин Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга келаётган россияликлар сонининг ортиши оқибатида минтақа мамлакатларида уйларнинг ижара нархлари кескин ошиб кетди.

Тожикистон: Тоғли Бадахшон воқеаларига оид иш бўйича беш киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Толиб Айёмбеков, Мунаввар Шанбиев ва Ниёзшо Гулобов (чапдан ўнгга)

Тожикистон Олий суди Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида туғилган беш кишини умрбод қамоқ жазосига тортиш бўйича ҳукм чиқарган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, яна 8 нафар судланувчи 10 йилдан 30 йилгача қамалган.

Умрбод қамалганлар орасида тоғли бадахшонликларнинг норасмий лидерлари экани айтилаётган Мунаввар Шанбиев ва Толиб Айёмбековлар бор. Ниёзшо Гулобов, Имум Шоиширинов, Нажмиддин Шержонов исмли маҳаллий фаоллар ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Толиб Айёмбековнинг қариндоши журналистларга суд қарори 22 ноябрь куни ўқиб эшиттирилганини айтган. Тожикистон расмийлари ҳукм юзасидан изоҳ бермаганлар, судларнинг барчаси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.

Тоғли Бадахшонда ўтган йил ноябрида рўй берган оммавий норозилик акциялари расмийлар томонидан бостирилган эди. Ўша пайтда вилоят бўйлаб фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган ҳамда интернет ўчириб қўйилган. Шундан кейин минтақада норасмий лидерлар ёппасига ҳибсга олина бошлаган.

Май ойида норозилик чиқишлари кучайиб, бир неча юз нафар хоруғлик вилоят раҳбари ва шаҳар мэри истеъфога кетишини, Хоруғдаги ҳарбий блокпостлар олиб ташланиши ва маҳаллий турғунларни таъқиб қилиш тўхтатилишини талаб қилиб чиқишган.

Бундан ташқари, митингчилар ноябрь ойидаги норозилик акциялари чоғида ўлдирилган вилоятликлар ўлимида айбдор бўлганларни жавобгарликка тортишни талаб қилишган. Расмийлар норозилар талабларини бажаришдан бош тортишган.

Тоғли Бадахшонда тинч аҳоли вакилларининг куч ишлатар тузилмалар ходимлари билан тўқнашуви чоғида, расмий маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Норасмий маълумотларга кўра эса, тўқнашув қурбонлари сони камида 34 кишига етган.

Хитойда бир суткада COVID-19 га чалиниш бўйича рекорд натижа эълон қилинди

Хитой ҳукумати COVID-19 га чалиниш бўйича тарихий максимумни қайд этди. Бир кун ичида мамлакатда 31 минг 700 киши коронавирусга чалинди. Бу ҳақда ТАСС Хитой Гигиена ва саломатлик давлат қўмитасига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, 87 фоиз беморда коронавирус симптомлари сезилмаган. 23 ноябрда Хитойда бир киши коронавирусдан ҳалок бўлган. Бу билан мамлакатда ковиддан ўлганлар сони расман 5 2321 кишига етгани айтилди.

Бундан аввал апрель ойида коронавирусга чалиниш ҳолати энг кўп қайд этилган эди. Ўшанда 29 минг киши касалликка чалингани хабар қилинганди.

Хитойда коронавирус тарқалишини назорат қилиш тобора қийинлашмоқда. Расман билдирилишича, тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморларнинг 90 фоизи коронавируснинг симптомсиз кўринишини юқтирган. Январь ойида бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил қилар эди.

COVID-19 пандемияси уч йил аввал бошланганди. Жаҳонда 650 миллион кишида коронавирус қайд этилди ва улардан камида 6,5 миллиони вафот этди.

Коронавирус пандемияси келиб чиққан Хитойда COVID-19 билан 288,5 миллион киши касалланди, расман 5 2321 киши ўлгани маълум қилинди.

Politico: Вашингтон Россия кимёвий қурол қўллаши мумкинлигидан ташвишда

АҚШ президент маъмурияти расмийлари Россия Украина урушида муваффаққиятсизликка учрашда давом этаётгани ортидан кимёвий қурол қўллаши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.

Politico нашрининг Оқ Уйдаги исми айтилмаётган 6 расмийга таяниб хабар беришича, президент Владимир Путин ядровий қуролдан кўра кўпроқ кимёвий қурол қўллаши мумкин.

Хабарда айтилишича, АҚШ иттифоқчилар билан бундай ҳолатга шай туриш масаласини муҳокама қилмоқда. Айни пайтда нашр АҚШ разведкаси Россия кимёвий қурол қўллашга тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги маълумотларга эга эмаслигини таъкидлаган.

АҚШ расмийларига кўра, Россия кимёвий қурол қўллашга қарор қилса, уни очиқ-ошкора ишлатмайди, балки текширув ва анализ орқали исботлаш қийин бўлган моддалардан фойдаланади.

Россия кимёвий қуролга эга эканини инкор этмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG