Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:34

Қирғизистон ва Қозоғистондаги сайлов натижалари халқ иродасини ифода этадими?


Мухолифат тарафдорлари парламент сайловлари куни Олмаотада норозилик намойиши ўтказди - 10 январь, 2021
Мухолифат тарафдорлари парламент сайловлари куни Олмаотада норозилик намойиши ўтказди - 10 январь, 2021

10 январь куни Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлиб ўтган сайловлар бу икки қўшни мамлакатда сайловчилар хоҳиш-иродасини ифода этишига шубҳалар аввалдан бор эди.

Дастлабки натижалар вазият кўпчилик кутганидан ҳам аянчлироқ эканини кўрсатди.

Қозоғистон

Қозоғистондаги овоз бериш жараёнлари Қасим-Жомарт Тоқаев қарийб икки йил олдин президент бўлганидан бери мамлакатда ўтказилган илк парламент сайловларидир.

Сайловолди ташвиқоти деярли сезилмади, аммо сайлов расмийлари сайловчиларнинг 63 фоиздан кўпроғи овоз берганини даъво қилмоқда.

Тоқаев ҳақиқий мухолифат партиялари иштирок этишига рухсат берилишини ваъда қилган эди, аммо бундай партиялар рўйхатдан ўтказилмади.

Натижада сайловда бешта ҳокимиятга яқин партия иштирок этди.

Шунингдек, Тоқаев тинч намойишларга қўйилган чекловларни юмшатишини айтган эди, аммо бу ҳам ваъдалигича қолди.

Сайлов куни Олмаота шаҳрида полиция «Ойан Қазақстан» («Уйғон, Қозоғистон») ва рўйхатдан ўтмаган «Қозоғистон умуммиллий социал-демократик партияси» аъзоларини қуршаб олиб, саккиз соатдан кўпроқ вақт совуқда ушлаб тургани хабар қилинди.

Сайлов арафасида ва сайлов куни ўнлаб фаол ҳибсга олинди ёки жаримага тортилди.

Хабарларга кўра, биргина Олмаотада 100 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Айримлар норозилик намойишини режалаштиргани учун қўлга олинган, аммо овоз бериш учун йўлга отланганлар ҳам ярим йўлда ушланди. Бундан мақсад уларнинг овоз беришига йўл қўймаслик бўлгани айтилмоқда.

Сайлов расмийларига кўра, собиқ авторитар президент Нурсултон Назарбоевнинг 1999 йилдан ҳукуматда қолаётган «Нур Отан» (Нурли ватан) парламентнинг қуйи палатаси бўлмиш Мажлисда 76, «Ақ жол» (Оқ йўл) 12 ва «Қозоғистон Халқ партияси» 10 ўринни қўлга киритган.

Қирғизистон

Қирғизистонда 10 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловлари ва умумхалқ референдумида сайловчиларнинг 40 фоиздан камроғи қатнашди.

Озодлик радиосининг қирғиз хизмати маълумотларига кўра, Қирғизистонда 3,56 миллион сайловчи бўлиб, уларнинг 1,354 миллиони овоз берган.

17 номзод орасида уч ой олдин қамоқдан чиқарилган Садир Жапаров деярли 80 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонди.

10 январда ўтган сайловда қирғизистонликлар давлат бошқарув шакли учун ҳам овоз беришди. Сайловчилар президентлик ёки парламент бошқаруви тизимни танлаши лозим эди. Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, сайловчиларнинг деярли 81 фоизи президентлик бошқаруви учун овоз берган.

Ҳар икки сайлов Жапаров учун йирик ғалаба ўлароқ кўрилмоқда.

Аммо бу сайловлар халқ истагига мос келади, дейиш қийин. Сабаби, сайловчиларнинг ярмидан кўпи сайловда қатнашмади.

Жапаров аввалроқ одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йилга қамалган, қамоқдан бўшатилишидан олдин жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаб бўлган эди.

Қамоқдан озод қилинишидан икки ҳафта ўтиб, Жапаров ҳам президент, ҳам бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ҳали-ҳануз Жапаровни қайси қудратли гуруҳлар қўллагани номаълум бўлиб қолмоқда.

Аммо уни жиноятчи гуруҳлар дастаклаётгани борасида шубҳа ва хавотирлар мавжуд.

Амалдаги қонунларга биноан, вақтинча президент лавозимида ишлаётган шахс кейинчалик ушбу лавозимга сайланиш учун номзодини кўрсата олмайди.

Шу сабабдан ноябрь ойида Жапаров президент ва бош вазир лавозимларидан истеъфо берган эди.

XS
SM
MD
LG