Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2021, Тошкент вақти: 13:04

Қирғизистонда аёллар ҳокимиятни эгалламоқда: Маҳаллий кенгашларнинг 40 фоизи аёллар


Қирғизистонда 2021 йил апрелида бўлиб ўтган маҳаллий бошқарув идораларига сайловларда, мамлакат тарихида илк бор мандатларнинг қарийб 40 фоизини аёллар қўлга киритди. Бундай “катта сакраш” депутатлик ўринларининг учдан бир қисми аёлларга ажратилишини кафолатловчи қонун кучга кирганидан сўнг кузатилмоқда. Аммо ғолибаларнинг аксарияти аввало ўз меҳнати ва ютуқлари ортидан, қолаверса сайловчиларнинг кўнглига йўл топа билгани учун муваффақият қозонганини иддао қилади.

Мээрим Молдалиева атиги 27 ёшда. У ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборган автоҳалокатга учрагунича милиционер бўлиб ишларди.

“Бир йил фалаж бўлиб ётдим, яшагим келмай қолганди, – ҳикоя қилади Молдалиева. – Бир йилдан сўнг аравачада ўтиришни ўргандим, кейин ўзимга ўзим дедимки: ўтириб нима қиламан? Аравачага куним қолмаслиги керак: мен кучлиман, юра оламан, юришим шарт!”

Оёққа турганидан сўнг Мээрим нафақат депутатликка сайланди, балки Норин вилоятидаги ўз қишлоғи кенгашига раҳбарлик ҳам қила бошлади. Ўзининг айтишича, унга одамлар билан муомала қилиш тажрибаси ва маълумотлилиги қўл келган. Деярли бутун сайлов кампаниясини Мээрим деярли уйдан чиқмай ўтказди – сайловчилари билан фақат мессенжер ва ижтимоий тармоқларда мулоқот қилди. Қарангки, бундай ёндашув иш берар экан, ҳолбуки, қизнинг сўзларига кўра, у кўпсонли қариндошлари овозларига таянадиган эркак номзодлар билан рақобатлашган.

“Ўзимни енгишим жуда қийин кечди: қўлимдан келармикан, одамлар мени депутатликка сайлашармикан, деб кўп иккиландим, – давом этади Молдалиева. – Ахир мен ногиронман-ку, бу муаммо ҳеч қаёққа ғойиб бўлган эмас. Мен ҳаммасини қайта-қайта ўйладим ва ахийри сайловда қатнашишга қарор бердим”.

Гулбар Самсалиева ҳам 11 апрелдаги сайловларда иштирок этган ва биринчи уринишда‑ёқ ғалаба қозонган. Собиқ тиббиёт ҳамшираси ўз муваффақияти сабабини сайловга пухта тайёргарлик кўришда деб билади. Атиги икки йил олдин у ўз қишлоғида аёллар кенгашини ташкил қилганди. Ва эркак депутатлар қишлоқда футболни тарғиб қилиб юрганида у ижтимоий лойиҳалар билан шуғулланиб, пандемия даврида ночор оилаларга кўмаклашди. Аёл янги лавозимида ҳам шу ишларини давом эттирмоқчи.

“Мисол учун, аёллар кенгашимиз қошида соғлиғи заиф болалар учун реабилитация гуруҳи мавжуд, гуруҳ 53 нафар боланинг аҳволидан хабар олиб туради, – дейди Гулбар Самсалиева. – Ана шунақа болаларнинг оналари учун бандлик маркази очиш ниятимиз бор. Марказимизга келишса, у ерда тикув цехими ёки бошқа бирор устахонами очиб, ишлашса, ўзларига ул-бул орттириш имконига эга бўлишса, деймиз. Албатта, бу – аёллар болаларини ўзлари билан олиб борадиган ва ўша ернинг ўзида қаров ташкил қилинадиган муассаса бўлади”.

Мээрим ва Гулбар ўз номзодларини илгари суришларида етакчилар мактаби катта рол ўйнаганини тан олишади: ушбу мактабларда бўлғуси депутатликка номзодларга қонунлар ва нотиқлик санъатидан сабоқ беришган, шунингдек, уларга ўз сиёсий дастурларини тайёрлашда кўмаклашишган.

“Биз 242 аёлни ўқитдик. Улардан 73 фоизи сайловларда ўз номзодини қўйди ва 60 фоизи ғолиб бўлди”, деди фахр билан “Аёлларга кўмаклашиш маркази” (Бишкек) лойиҳалари координатори Элиза Аджиева.

Маҳаллий кенгашларга сайловлардан сўнг Қирғизистонда депутат аёллар сони аввалгидан 4 бараварга ошиб кетди. Марказий сайлов комиссияси аёллар муваффақиятининг асосий сабабларидан бири – барча маҳаллий кенгашлардаги мандатларнинг учдан бир қисми аёлларга ажратилишини назарда тутувчи аёллар квотаси тўғрисидаги қонунда, деб ҳисоблайди.

“Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, мамлакат олий раҳбариятининг сиёсий дастагисиз бунақа ислоҳотни амалга ошириш жуда қийин бўлур эди, – дейди Қирғизистон МСК раиси Нуржон Шайлдабекова. – Ва яна президент Садир Жапаровнинг шахсий позициясини ҳам қайд этишни истайман: у мазкур қонунларнинг амалга татбиқ этилишига бағишланган қатор сиёсий акцияларда иштирок этганди”.

Аслида, аёлларга маҳаллий кенгашлардаги ўринларнинг учдан бир қисми ажратилишини кафолатловчи қонун Жапаров президент бўлишидан анча аввал қабул қилинган. Бу жараён уч йилга чўзилган ва унчалик “силлиқ” кечмаганди.

“Аёллар квотаси ҳақидаги қонун парламентга киритилганида депутатлар “бунақа қонун ҳеч қачон ишламайди”, деб очиқ айтишди, – деб ўша кунларни хотирлайди “Аёлларга кўмаклашиш маркази” раҳбари Бакен Досалиева. – Аёллар табиатан пассив бўлади, улар ўз ташаббуси билан номзодини сайловга қўймайди, деб айтишди. Бироқ пировардида аёлларимиз ўз фаоллигини амалда кўрсатди”.

Бакен Досалиева ҳар бир шогирдининг ғалабасидан шодланар экан, ҳокимият тепасида аёллар қанча кўп бўлса, ижтимоий муаммолар шунча тез ечилиши ва коррупция шунча камайиши аллақачон илмий исботланганини урғулайди.

XS
SM
MD
LG